Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:20

Навоийда қурилган президент уйлари тўкилиб кетяпти


Навоий вилоятининг Томди туманида қурилган намунавий уйларга кўчиб кирган фуқаролар уйларнинг чала қурилгани боис уйлар деворлари ёрилиб кетаётганидан шикоят қилди. Томди тумани ҳокимлиги қурилишда камчиликлар борлигини эътироф этиб, айни пайтда бу камчиликларни тугатишга ҳаракат бўлаётганини таъкидлади.

Зарафшон Марказий кон бошқармасининг ишчиси Элнор Гариев оиласи янги қурилган намунавий уйга кўчиб келганида ҳайратдан лол қотди. Улар Томди тумани ҳудудидаги Шарқ массивида қурилган 50 та намунавий уйларнинг ҳаммаси чала қурилиб, ташлаб кетилганига гувоҳ бўлишди.

Жўмраксиз раковина
Жўмраксиз раковина

Элнор Гариевнинг хотини Муҳаббат Назарованинг Озодликка айтишича, улар намунавий уйларнинг бу аҳволда эканлигини хаёлига ҳам келтирмаган:

- Бу уйларнинг қурилиши 8 апрелда тугаши керак эди. Лекин қурилиш чала қолди. Ҳокимиятга арз қилсак, кўчиб келаверинглар, камчиликларини кейин қилиб берамиз дейишди. Поллар краска қилинмаган, эшиклар қийшиқ ўрнатилган, отоплениелар ишламайди, ошхонанинг мойкаси йўқ, хуллас, чордеворга кириб келдик. Ҳеч ким бошқа ёрдам бермади, ҳамма камчиликларни ўзимиз қилдик,- дейди Муҳаббат.

Намунавий уй аҳволи
Намунавий уй аҳволи

Унинг айтишича, аста –секин деворларнинг сувоқлари кўчиб туша бошлаган:

- Қурувчилар чала ишларни битириб бериш ўрнига ҳаммасини ташладида, бошқа жойга уй қуришга ўтиб кетди. Ҳамма уйлар чала қолди. Айтишларича, қурилиш фирмалари эгалари пулларни олиб қочиб кетган экан. Энди эса бу уйларнинг деворлари ёрилиб кетяпти, сувоқлар тўкилиб кетяпти. Дарвозанинг ўзи уч марта қулади, сварка қилиб зўрға ўнгладик, - дейди уй бекаси.

Муҳаббат неча йилдан бери уйсиз яшаганлигини айтар экан, орзу-ҳавас қилиб олган намунавий уйидан ҳафсаласи пир бўлганини қўшимча қилди:

- Саккиз йилдан бери уйсиз юрган эдим, ният қилиб, ҳавас қилиб олган эдик бу уйни. 125 миллион сўмга олдик, ҳозир эримнинг ойлигини асосий қисми уйнинг қарзини тўлашга кетяпти. Лекин уйга кириб ҳафсаламиз пир бўлди. Ахир, президент уйларику бу, тайёр қилиб топшириши керак эмасми? - деди Муҳаббат Назарова.

Томди тумани ҳокими Қайрат Алдаберганов Озодлик билан суҳбатда бу намунавий уйларнинг камчилиги борлигини тан олиб, айни пайтда бу камчиликларни бартараф этиш учун ҳаракат қилаётганини айтди:

- Хабарим бор бу уйлардан. Бу уйларни қурган иккита қурилиш фирмаларининг раҳбарлари қамалиб кетди. Тўғри, камчиликлар бор, эртага ўзим бориб яна кўраман, камчиликларни бартараф қилишда уй эгаларига албатта ёрдам берамиз, деди туман ҳокими Қайрат Алдаберганов.

Исми сир қолишини сўраган навоийлик тадбиркор намунавий уйларнинг қурилишига ажратилган маблағлар ноинсоф қурилиш раҳбарлари томонидан талон-тарож қилинаётганини айтади:

- Ислом Каримов айтган эди, бу уйлар одамларнинг дунёқарашини ўзгартириб юборади, деб. Ҳақиқатан бу уйларнинг проектига гап йўқ. Энг асосийси қишлоқлар канализациялаштириляпти. Бу биз учун инқилобий нарса, тан олиш керак. Лекин бу уйларнинг қурилишида ўғирлик кўп бўляпти. Кимки уй олмоқчи бўлса, ўзи бошида турса уни уйи яхши қуриляпти. Эгаси йўқларники эса талон- тарож қилиняпти. Профессионал қурувчилар ишламаяпти, цементни сотиб юборишяпти, ўрнига лойшувоқ қилишяпти. Бу криминалдан бошқа нарса эмас, - деди тадбиркор.

Озодликка мурожаат қилган кўплаб ўзбекистонликлар сўнгги йилларда президент топшириғи билан қурилаётган намунавий уйларнинг аксарияти сифатсиз эканлиги ва бу уйлар қурилиши учун асли касби қурувчи бўлмаган шахслар жалб қилинаётганидан шикоят қиладилар.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида ўтган йили қурилган намунавий уй эгаларига кўра¸ уй деворлари айни кунларда ëрилиб¸ сувоқлар уқаланиб тушган, иссиқлик батареяларидан сув оқиб, пол тахталари қайишиб кетган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасида 17 январь куни қилган чиқишида 2013 йилда қишлоқ жойлардаги 353 та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 10 мингта шинам уй-жой барпо этилгани ва бу мақсадлар учун 650 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилгани ҳақида мақтанди.

Озодлик ўрганган маълумотларга кўра, намунавий уйлар қурилиши учун ўқитувчи ва шифокорлар ойликларидан ушлаб қолинаяпти.

Хусусан¸ 22 январь куни Озодликка гапирган жиззахлик ўқитувчиларга кўра, маҳаллий ҳокимлик ўзлари ва ҳатто ўқувчиларга намунавий уйлар қурилиши учун ўлпон солмоқда.

XS
SM
MD
LG