Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:16

“Агробанк” ўтмас лотереясини пул ўтказмаларига мажбуран қўшиб сотмоқда


"Агробанк" мажбуран сотаëтгани айтилаëтган лотереялардан бири.
"Агробанк" мажбуран сотаëтгани айтилаëтган лотереялардан бири.

Фарғона вилояти Фурқат туманига хориждан юборилаëтган барча пул ўтказмаларини тарқатишни ўз монополиясига айлантирган “Агробанк” кун бўйи навбат кутган мижозларга ўз пулини олиш учун 5000 сўмлик лотерея сотиб олишни шарт қилиб қўймоқда. Вилоят “Агробанк”и мутасаддиси бу хабарни инкор қилишга уринди¸ айни пайтда¸ вазиятни ўрганиб кўришни ваъда қилди.

Озодликка Россиядан сим қоққан ўзбекистонликлардан бири Фарғона вилояти Фурқат туманидан келиб ишлаëтган меҳнат муҳожирларининг ватанда қолган яқинларига юбораëтган пулларини олиш билан боғлиқ бир неча муаммони тилга олди.

Биринчидан¸ бу манбага кўра¸ бутун бошли тумандан Россия ëки бошқа хорижга чиқиб ишлаëтганлар юбораëтган пулларини уларнинг уйда қолган яқинлари фақат битта банк – “Агробанк”дан олишга мажбурланмоқда.

- Олдин Қўқондан олардик. Лекин ҳозир тўққизталик кодни ҳеч ким бермаяпти. Ҳозир Россиядан “Золотая корона” орқали юборилаëтган тўққизталик кодни фақат “Агробанк”ка бераяпти. Пул олиш учун жуда катта навбат бўлаяпти. Эрталаб борган одам¸ кечга яқин кассага кираяпти. Мен ўзим эрталаб бориб 78-бўлиб навбатга ëзилдим¸ соат 4 дан кейин кирдим¸ дейди фурқатлик банк мижози.

Иккинчи муаммо¸ бутун бошли район аҳолисига четдан юборилаëтган валютани беришни ўз монополиясига айлантирган “Агробанк”¸ бу пулни бериш учун ноқонуний шарт қўймоқда¸ деб давом этади бу мижоз:

- Беш ойдан бери шу аҳвол – ҳар сафар пул олганда 5000 сўмлик лотерея олишга мажбурсиз. Декабрда ўйналадиган шу лотереяни олмасангиз¸ пулингизни беришмаяпти. Бизнинг уйда бешта шунақа мажбурий сотилган лотерея бор. Биз бир ойда бир марта пул оламиз. Бир хиллар ҳар ўн кунда¸ ҳар ҳафтада уйига пул юборади. Банкдагиларга фарқи йўқ¸ ҳар сафар лотерея олишга мажбурлашаяпти¸ дейди Фурқат тумани маркази Навбаҳор шаҳарчасида жойлашган “Агробанк” мисолида гапирган банк мижози.

“Агробанк”нинг Фарғона вилояти бўйича мутасаддиларидан бири¸ бутун Ўзбекистон бўйлаб қиммати 5000 сўм бўлган “Фаровонлик” пул-буюм лотереялари сотилаëтганини эътироф этган ҳолда¸ бу савдонинг мажбурий характерда эканини инкор этишга уринди:

- Бу лотереяни мижоз ўз хоҳиши билан олиши мумкин¸ лекин уни мажбурий тарзда пулига қўшиб бериш ҳолатлари йўқ бизда¸ буни қаттиқ назоратга олганмиз. Фурқат туманида¸ ҳақиқатан ҳам¸ битта “Агробанк”имиз бор ва шу банкимизга туманга келаëтган пул тушумини талаб бўйича валюта билан таъминлаб бераяпмиз¸ вақтида бериб бораяпмиз. Энди одам сони кўплиги тўғри¸ очереднинг катталиги бор гап. Лекин лотереяни мажбурлаб сотаяпти¸ деган хабарни яна ўрганиб кўрамиз. Шунақа бўлса¸ бунга ким йўл қўяëтганини аниқлаймиз¸ деди “Агробанк”нинг Фарғона вилояти бўйича масъулларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Бу шикоятни йўллаган фурқатлик мижоз¸ лотерея олишга дастлаб¸ кассада ўтирган аëллар мажбурлаëтгани¸ бундан норози бўлганларни эса¸ филиал раҳбари ҳузурига юбораëтганини билдирди:

- Иккинчи қаватда ўтирган банк бошлиғи олдига кирдик. У бизга ҳар бир пул ўтказмасига камида биттадан лотерея қўшиб сотиш ҳақида юқоридан кўрсатма келгани¸ буни бажаришга мажбурлигини¸ лотерея олмасак¸ пулимиз берилмаслигини билдирди¸ дейди Озодликка мурожаат қилган фурқатлик мижоз.

Бундан аввал “Агробанк” акциядорлик тижорат банкининг Андижон вилоятидаги филиалларидан бири ходими тиражи жорий йилнинг декабрида ўтказиладиган “Фаровонлик” пул-буюм лотереяси банкнинг ўз ходимларига мажбуран сотилаëтгани ҳақида хабар қилган эди.

Банкнинг Тошкентдаги бош идораси расмийси филиал ходимининг хабарини инкор этар экан, лотереяни сотиб олишга раҳбарият ходимларни мажбурламаётгани, ходимлар банкни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз хоҳишлари билан сотиб олаётганини иддао қилган эди.


“Агробанк” тижорат банки аҳолиси 30 миллион экани айтиладиган Ўзбекистон учун 10 миллион дона “Фаровонлик” пул-буюм лотереяси чиқарган ва бунча миқдордаги қоғозига харидор топилмаëтгани боис¸ Озодликка келаëтган мунтазам шикоятларга кўра¸ ҳам мижоз¸ ҳам ўз ходимларига лотереяларни мажбурий сотиш амалиëтини олиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG