Линклар

Шошилинч хабар
18 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Тошкент 701, Бишкек 1003 километр юзасидан шартнома имзолашни таклиф қилмоқда


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг аниқлаб бўлинган ҳудудлари юзасидан шартнома имзолаш борасида душанба куни Жалолобод вилоятида бошланган музокаралар шанба куни якунланиши айтилмоқда. Аммо сўзлашаётган томонлар икки давлат чегарасининг аниқлаб бўлинган ҳудудлари масаласида ягона фикрга кела олмаётир.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг қирғиз томони ишчи гуруҳига раҳбарлик қилаётган Қурбонбой Искандеров Тошкент делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари етакчилик қилаётганини айтди. Унга кўра, томонлар чегаранинг аниқлаб бўлинган ҳудудлари масаласида ягона фикрга эга эмас.

-Ўзбекистон гуруҳига ташқи ишлар вазири ўринбосари раҳбарлик қилмоқда. Делегация таркиби 12 кишидан иборат. Қирғиз томони чегаранинг аниқлаб бўлинган 1003 километрли ҳудуди юзасидан шартнома имзолашни таклиф қилмоқда. Ўзбекистон томони эса 701 километр аниқлаб бўлинган деган хулосага келган. Агар бу борада муросага келинса, у ҳолда чегаранинг аниқланган ҳудудлари бўйича шартнома имзоланади, -деди Қурбонбой Искандеров.

Тошкент билан ўтказилаётган музокаралар юзасидан қирғиз матбуотига маълумот берган Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Абдирахман Маматалиев Тошкент билан музокаралар душанба куни Жалолобод вилоятининг Қўчқорота шаҳрида бошлангани ва шанба куни якунланишини билдирган.

Абдирахман Маматалиев Қирғизистон томони Ўзбекистон фойдаланадиган Косонсой ва Кампиробод сув омборлари масаласини ҳам кун тартибига киритганини айтди. Бишкек расмийлари 2013 йилда асосан Ўзбекистон сув ичадиган Косонсой ва Кампиробод сув омборлари Қирғизистонга тегишли эканини иддао қилиб чиққан эди.

Бундан ташқари Ўзбекистон-Қирғизистон музокарасида Ўзбекистонга қарашли Шоҳимардон, Қирғизистонга қарашли Барак эксклавларига йўлак бериш, 2010 йилдан бери ёпиқ қолаётган чегара-ўтказиш пунктларини очиш, Қирғизистон ҳудудида жойлашган, аммо Ўзбекистон фойдаланадиган газ омборлари масаласи муҳокама қилинаётгани хабар қилинди.

Қирғизистон расмийлари учрашув натижаларини музокаралар якунланганидан сўнг эълон қилишларини билдирмоқда.

Жалолободда чегара юзасидан Ўзбекистон –Қирғизистон музокаралари ўтаётган бир пайтда, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловни 16 июль куни Бишкекда қабул қилди.

Абдулазиз Комилов Бишкекка Марказий Осиёнинг Япония билан ҳамкорлигига бағишланган анжуманда иштирок этиш учун келган эди.

Қирғизистон президенти маъмуриятининг билдиришича, учрашувда Атамбаев Тошкент ва Бишкек ўртасида муаммога айланиб бўлган долзарб масалаларни тезроқ ҳал қилиш зарурати пайдо бўлганини таъкидлаган. Ўзбекистон расмийсининг бу таъкидга муносабати ҳақида Қирғизистон президенти матбуот хизмати маълумот бермади.

XS
SM
MD
LG