Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:34

Афғон тадқиқотчилари минтақа наркосавдосини амалдорлар бошқаришини иддао қилди


Афғонистон таҳлилчилар тармоғи деб аталган мустақил гуруҳ эълон қилган ҳисоботда Марказий Осиё ҳукуматларида ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида ишловчи шахслар гиёҳванд моддалар савдосини қўллаб –қувватлаши ҳақида айтилади.

Ҳисоботда айтилишича, гиёҳванд моддалар савдосининг бир қисмини бу мамлакатда давлат тузилмалари ва амалдорларнинг ўзлари назорат қилади.

Ҳисобот муаллифлари бўлган тадқиқотчи Кристиан Блувер ва Саид Ризо Козимий гиёҳванд моддалар савдосига алоқадаор бўлган ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари наркобозордаги ўз рақибларини вақти-вақти билан йўқ қилиб туришларини иддао қилган.

Хавфсизлик бўйича бишкеклик эксперт Талант Раззақов мазкур ҳисоботда айтилган гапларга қўшилишини билдирди:

-Бу бозорда майда балиқлар қўлга олинаяпти, катта-катта наҳанглар эса гиёҳванд моддалар бозорини назорат қилишда давом этмоқда. Гиёҳванд моддалар Афғонистон орқали Тожикистонга, кейин эса Қирғизистонга олиб ўтилади. Қирғизистондан эса дунёнинг бошқа мамлакатларига тарқатилади. Қирғизистон наркойўлакдаги энг катта каналлардан бири. Ўзбекистон чегарасини ёпиб олган. Шунинг учун накройўлакда унинг аҳамияти камроқ. Қирғизистонда ҳуқуқ-тартибот ходимлари наркосавдогарларни ўзлари кутиб олиб, сочидан бир тукини ҳам туширмай чегарадан ўтказиб қўймоқда. Вазият мана шу даражага етиб қолди, -деди Талант Раззақов.

Ҳисобот муаллифлари гиёҳванд моддалар савдоси минтақа давлатларини Афғонистон билан боғлаб турган энг катта иқтисодий асос экани ва келажакда бу иқтисодий асос янада мустаҳкамланишини айтадилар. Тадқиқотчилар иддаосича, минтақа давлатларида мусодара қилинган наркотик моддаларнинг ҳаммаси йўқ қилинмайди. Бу моддаларнинг бир қисми ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари томонидан қайта сотилади.

-Мен милиционерларнинг, черачи ёки божхоначиларнинг барчаси гиёҳванд моддалар савдосига аралашган дейишдан олисман. Бироқ уларнинг орасида бу иш билан шуғулланаётганлар бор. Гиёҳванд моддаларни ноқонуний олиб ўтишда уч йўналиш бор. Учинчи шимолий йўналиш Марказий Осиё давлатлари ҳудудидан ўтади. Бу йўналишда наркосавдогарларга жиддий тарзда кўмак кўрсатадиган милиция, чегара ва божхона ходимлари бор, -деди Қирғизистоннинг собиқ Бош вазир ўринбосари Тўқўн Мамитов.

Қирғизистонда ўтган йили 10 милиционер наркотиклар савдосида айбланиб қўлга олинган. Ҳукумат амалдорларининг гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорлиги юзасидан 23 йил мобайнида бирорта ҳам фақт аниқланмаган. Ўтган йили Қирғизистонда гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ 2000 минг жиноят фош этилган ва 22 минг тонна наркотик модда мусодара қилинган.

XS
SM
MD
LG