Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:36

Тожикистонда "Одноклассники"га кириш чекланди


Тожикистонда "Одноклассники" тармоғидан дин олимлари ҳам даъват мақсадида фаол фойдаланадилар.
Тожикистонда "Одноклассники" тармоғидан дин олимлари ҳам даъват мақсадида фаол фойдаланадилар.

Постсовет ҳудудида яшайдиган Интернетдан фойдаланувчилар орасида машҳур бўлмиш “Одноклассники” ижтимоий тармоғига киришда тожикистонликлар кечадан буён муаммога дуч келмоқдалар.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишларича, Тожикистонда провайдерлик хизмати кўрсатадиган “Сатурн Онлайн”, “Вавилон Т”, “Мегафон Тожикистон”, “Телеком Техноложи” ва Tcell каби ширкатларнинг мижозлари шанба куни эрталабдан бери “Одноклассники”га киролмаяпти.

“Одноклассники”га тўсиқ расмийлар талабига кўра қўйилганини тасдиқлаган Тожикистон Интернет-провайдерлар ассоциацияси раҳбари Асомиддин Атоев ҳозирча бу тақиқ сабабини билмаслигини, дам олиш куни бўлгани учун тақиққа оид маълумотларни энг эртаси билан душанба куни ўрганиш мумкинлигини маълум қилган.

Айни пайтда бу тақиқни жорий қилган Тожикистон ҳукумати қошидаги Алоқа хизмати билан ҳам боғланишнинг имкони бўлмаяпти.

Мазкур хизмат сўнгги йиллар мобайнида нафақат жаҳон миқёсида фаолият олиб борадиган ББС ва Озодлик каби радиоларнинг сайтлари ёки бутун дунёда машҳур бўлган Facebook ижтимоий тармоғини блокировка қилиш, балки Тожикистон учун стратегик ҳамкор ҳисобланмиш Россиянинг ria.ru, vesti.ru, gazeta.ru, fergananews.org каби сайтларига тўсиқ қўйиш амалиётини ҳам қўллаб келмоқда.

Ўша пайтларда тожик расмийлари бу сайтларга тўсиқ қўйилишини уларда номақбул ахборотнинг ёйинланаётгани билан изоҳлаган, Алоқа хизмати раҳбари Бег Зуҳуров эса “Тожикистон расмийларига туҳмат қилинган” Facebook тармоғи билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилиш учун унинг асосчиси Марк Цукербергдан Тожикистонга келишни талаб қилган.

Шу йил 9 июнь куни эса Тожикистонда YouTube видеохостингига тўсиқ қўйилганди. Гарчи Алоқа хизматидагилар YouTube га тўсиқ қўйилганини инкор қилган бўлсалар-да, тожикистонликлар мазкур видеохостингга киришда қарийб бир ҳафта – 16 июнгача муаммога дуч келиб тургандилар.

19 июль куни эрталабдан тўсиқ қўйилган “Одноклассники” ижтимоий тармоғини блокировка қилиш учун тожик провайдерлари, маълумотларга кўра, оғзаки кўрсатма олганлар.

Ўзбекистонда 2 миллиондан зиёд фойдаланувчиси бўлган “Одноклассники” ижтимоий тармоғидан Тожикистонда 380 мингдан зиёд киши фойдаланиши айтилади.

Мазкур тармоқдан тожикистонликлар нафақат шахсий маълумотларни алмашиш, балки ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни муҳокама қилиш учун ҳам фойдаланиб келадилар.

Масалан, бу тармоқдан дин олимлари ҳам даъват мақсадида фаол фойдаланадилар.

"Одноклассники" ижтимоий тармоғида Сурия, Ироқ, Афғонистон, Покистон ва бошқа мамлакатларда мужоҳидлик даъвоси билан юрган марказий осиёликларга оид саҳифалар ҳам талайгина. Расмий Душанбе раъйига номувофиқ чақириқлар янграйдиган ана шундай саҳифалар ҳам Тожикистонда "Одноклассники" ижтимоий тармоғига нисбатан чеклов жорий қилинишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG