Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:34

Шеробод тумани газ қуйиш шохобчасидаги портлашда икки киши ўлди


Самарқанд вилояти Иштихон туманида АГҚШда портлаб кетган Неския машинаси қолдиғи
Самарқанд вилояти Иштихон туманида АГҚШда портлаб кетган Неския машинаси қолдиғи

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида пропан гази ортилган КамАЗ юк машинаси портлаб кетиб, икки киши нобуд бўлди. Туман ҳокимиятидан олинган маълумотга кўра, шохобча ходимларининг техника хавфсизлигига риоя қилмагани боис портлаш содир бўлган.

Шеробод туманидан ўтувчи М-39 автомобил йўли четида жойлашган Қуллуқшо қишлоғидаги “Тоҳир хусусий” корхонасига қарашли автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида 10 июлга ўтар кечаси катта портлаш содир бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган шерободлик манбанинг айтишича, пропан гази ташийдиган юк автомобилининг портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлган:

- Қуллуқшо қишлоғининг катта йўл четида пропан газ қуядиган заправка бор эди. Кечаси соат ўн бирларда бу заправкага доим газ олиб келадиган КамАЗ машинасида яна юк келган. Машина шофёри "ҳозир мошина қизиб келди, эрталаб бўшатамиз" деганда, машинани қўйиб уйига кетган. Шофёр кетгандан сўнг заправкада ишлайдиган болалар ўзбошимчалик қилиб газни сиғимга бўшатмоқчи бўлган. Шунда нимадир бўлганда портлаш юз берган ва икки бола ҳам ҳалок бўлган, - деди шерободлик манба.

Шеробод тумани ҳокимиятининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам Озодлик билан суҳбатда шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

- Шохобчанинг оператори Сафар Абдиев ва ишчи Мухтор Нартаев ҳалок бўлди. Улар газни сиғимга қуйишда шлангаларни нотўғри улаган, натижада газ вашиллаб чиқиб кетган. Улардан бири автоматни ўчиргани борганида портлаш содир бўлган. У ўша ерда ҳалок бўлган, бир зумдан сўнг автомобилдаги цистерна портлаган ва қочиб кетаётган иккинчи ишчига олов етиб бориб уни 90 фоиз куйдирган, - деди ҳокимият мулозими.

Мулозимнинг айтишича, ёнилғи қуйиш шохобчасидан асар ҳам қолмаган, ҳамма нарса куйиб кул бўлган.

Сўнгги бир йил мобайнида Ўзбекистонда газ баллони ўрнатилган автомобиллар портлаши оқибатида кўплаб одам жабрланди.

16 май куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги ёнилғи қуйиш шоҳобчасида "Жигули" машинаси портлаб кетгани оқибатида машина ҳайдовчиси жароҳат олди.

7 апрель куни Андижон шаҳрида метан газ баллони ўрнатилган Нексия автомобили портлаши оқибатида икки одам жароҳат олди.

26 октябрь куни Тошкентнинг Қўйлиқ буюм бозорида Нексия автомобилига ўрнатилган метан газ баллони портлаши оқибатида икки одам ҳалок бўлди, олти одам жароҳатланди.

XS
SM
MD
LG