Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:38

Ўзбекистон газ беришига Бишкек ишонмай қолди


Деярли юз кундан бери газсиз яшаётган ўшликлар билан учрашган Қирғизистон Бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаев Тошкент Ўшга газ таъминотини қайта тиклашга ишонмаслигини айтди. Ўзбекистоннинг газ бермай қўйиши Қирғизистонда қиш мавсумида энергетик инқирозга сабаб бўлиши мумкин.

Ўшни қишда Россия ҳисобига иситишмоқчи

Қирғизистон Бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаев Ўзбекистоннинг Ўшга газ бермай қўйиши ортидан мамлакатда энергетик инқироз ҳолати юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди:

-Бахтга қарши Ўзбекистон бизга газ бермаяпти. Қишгача газ таъминоти қайта тикланиши ёки тикланмаслиги номаълум. Бироқ мен газ берилмайди, деб ўйлайман. Шунинг учун Ўшда биз асосий эътиборни энергетикага қаратишимиз керак.

Жўўмарт Ўтўрбаевга кўра, Тўқтўғул сув омборида бу йил сув миқдори жуда оз ва қишда электр энергияси ишлаб чиқариш учун етмайди. Аммо шунга қарамай, қирғиз ҳукумати Россиядан олинадиган 30 миллион доллар миқдоридаги грант маблағини Ўшни электр қуввати билан таъминлашни кучайтиришга сарфлашини билдирди:

-Президент Россия берадиган грантдан 30 миллион долларини Ўшга ажратаяпти. Бу маблағнинг ҳаммасини Ўшга сарфлаймиз.

Ўзбекистон томони 10 апрелда “Қирғизгаз” Россиянинг “Газпром”ига сотилганидан 4 кун ўтиб, яъни 14 апрелда Ўшга газ беришни тўхтатган эди.

Газ муаммоси ортидан таклиф қилинган "қалтис қарор"

Қирғизистон ҳукумати “Қирғизгаз”ни “Газпром”га сотиш ортидан газ таъминоти бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликдан воз кечиб, мамлакатни газ билан таъминлаш ҳуқуқини Россияга берган. “Газпром” Ўзбекистондан сотиб оладиган газининг бир қисмини бериш орқали Қирғизистонни узлуксиз газ билан таъминлаш мажбуриятини олган.

Мутахасислар фикрича, “Қирғизгаз”ни Россияга сотиш жараёнида Ўзбекистон омилининг ҳисобга олинмагани, Тошкент билан газ шартномаси бузилмаслиги борасида музокаралар ўтказилмагани сабабли 14 апрелдан буён Ўш шаҳри газсиз қолмоқда.

Бунинг ортидан Қирғизистон парламенти 21 май куни Қирғизистон ҳукуматига Ўзбекистонга сув беришни тўхтатишни тавсия қилган. Бироқ қирғиз ҳукумати бундай қадамни “ўта қалтис қарор” сифатида баҳолаб, бу тавсияни бажаришдан бош тортган эди.

Чегара масаласида ҳам Тошкент ва Бишкек келиша олмади

Ўзбекистон ва Қирғизистон нафақат газ масаласида, балки чегараларни аниқлаш масаласида ҳам муросага кела олмаётгани хабар қилинди.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг аниқланган ҳудудлари юзасидан шартнома имзолаш борасида Жалолобод вилоятида 15 майдан 18 майгача давом этган Тошкент ва Бишкек расмийлари учрашуви натижасиз якунланди.

Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш бўйича махсус вакили Қурбанбай Искандеров музокараларда Қирғизистон чегаранинг 1003 километри, Ўзбекистон эса 701 километри аниқлаб бўлинган деган хулосага келганини билдирди. Музокаралар давомида Ўзбекистон чегаранинг 800 километри аниқлаб бўлингани тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекишга тайёр эканини билдирган, бироқ бу рақам қирғиз томонини қаноатлантирмаган. Томонлар ягона фикрга кела олмагач, шартномани имзолаш музокараларнинг кейинги босқичига қолдирилган.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегараси 1378 километрни ташкил қилади. Мазкур чегара чизиғида икки давлат ўртасида баҳсли бўлган 50 дан ортиқ ҳудуд борлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG