Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:53

Тошкентдаги Япония элчихонаси коррупцияга оид иддаоларни рад қилди


Япониянинг Тошкентдаги элчихонасига яқин манбалар Озодликка юборган видеодан олинган кадр. (Озодликда бу видеонинг асл эканини тасдиқловчи маълумотлар йўқ.)
Япониянинг Тошкентдаги элчихонасига яқин манбалар Озодликка юборган видеодан олинган кадр. (Озодликда бу видеонинг асл эканини тасдиқловчи маълумотлар йўқ.)

Тошкентдаги Япония элчихонасига яқин манбалар элчихона қўриқчилари учун ажратилган ойлик қоровулбоши ва бир мулозим томонидан "туя қилинаётганини" иддао қилмоқда. Элчининг иккинчи котиби Накамура Томоки жаноблари Озодликка берган интерьвюсида элчихонада коррупция борлигига оид иддаоларни рад қилди.

Коррупция иддаоси

Тошкентдаги Япония элчихонасига яқин манбалардан элчихонада коррупцион тизим мавжудлиги иддао қилинган маълумотлар Озодликка келиб тушди.

22 июль куни келган бу маълумотларга видеотасвир ҳам далил сифатида илова қилинди ва Япония элчихонасига нисбатан бир нечта айблов илгари сурилди:

Биринчи айблов: Элчихона Ўзбекистонда хусусий қўриқлаш идоралари тақиқланганига оид қонунга ҳилоф тарзда спорт ширкати билан шартнома тузган.”

Иккинчи иддао: Элчихона спорт ширкати вакилига 27 минг доллар нақд пул бериб, Ўзбекистонда валюта билан боғлиқ қонунни бузган.

Учинчи иддао:Қоровулликка ëлланганлар қўлига пулнинг фақат 30 фоизи берилган. Қолган 70 фоиз пул эса қоровулбоши ва элчихона мулозими тарафидан ўзлаштирилган”.

Озодликка келган видеотасвирда шахсига оид маълумотларни сир сақлаган манбалар қоровулбоши, деб даъво қилган шахснинг, афтидан АҚШ долларида акс этган каттагина суммани тақсимлагани ва элчихона мулозими, деб даъво қилинган шахсга гўëки улуш бераëтгани акс этган.

Бу тасвирни Япониянинг Тошкентдаги элчихонасига яқин бир манба ҳам Озодлик илтимосига кўра, томоша қилди ва тасвирдаги персонажларнинг элчихона мулозими ва қоровулбошиси эканини тасдиқлади.

Айни манба иддаосига кўра ҳам, элчихонани қўриқлаш ва тозалаш ишларига жалб қилинганларнинг ойлигидан 4 ойдан буён уриб қолинади.

Бундан бир кун олдин Fergana.ru ахборот агентлиги ҳам Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси қўриқчилари учун ажратилган ойлик “туя қилинган"и ҳақидаги мақолани чоп қилган эди.

Бу мақолада ҳам Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси мулозими Ангрендаги “Водорю кемпо” спорт клуби билан элчихона биносини қўриқлаш юзасидан ноқонуний шартнома тузиб, пул ўзлаштиргани иддао қилинади.

Элчихона раддияси

Озодлик бу айбловларга ойдинлик киритиш учун Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилди. Элчихонанинг иккинчи котиби Накамура Томоки жаноблари Озодликка интерьвю берди.

Суҳбат давомида элчихона котиби Япониянинг Тошкентдаги элчихонасида коррупция тизими бор, деган иддаоларни рад қилди:

- Биз бу мақолада келтирилган ширкат билан қоровуллик борасида эмас, балки кираверишда меҳмонларни кутиб олиш хизмати бўйича шартнома тузганмиз. Улар қоровуллик билан эмас, балки зиëратчиларни кутиб олиш ҳамда бинони бошқариш билан шуғулланишади. Улар бинонинг кам-кўстига қараб туришади.

Озодлик: Бизнинг манбаларимиз эса “Водорю кемпо” ширкати элчихонани қўриқлаш хизмати билан шуғулланади, деб таъкидлашмоқда. Уларнинг айтишича, қоровулларга пулнинг фақат 30 фоизи тўланган, қолгани эса чўнтаккка урилган. Бунга нима дейсиз?

- Мен яна такрорлайман, биз бу ширкат билан қўриқлаш хизмати бўйича шартнома тузмаганмиз. Гўëки, откат олингани борасида бирор маълумотга эга эмасмиз. Биз бу ширкатга бинонинг кам-кўстини қараб туриш ва зиëратчиларни кутиб олиш хизмати учун ҳақ тўлаймиз. Аммо бу ҳақ мақолада кўрсатилгани каби катта эмас. (Fergana.ru ахборот агентлигидаги мақола кўзда тутилмоқда - Таҳр.) Бу ҳақ миқдори мақоладаги рақамнинг олтмиш фоизини ташкил қилади. ( 16 минг доллар - Таҳр.), - дейди элчихона мулозими.

Суҳбатдош Озодлик билан суҳбатда қайта ва қайта элчихонага нисбатан коррупция иддаоларни рад қилди.

Элчихона нега танқид нишони бўлди?

Япония Ўзбекистонга киритилган япон сармоялари талон-тарож қилинаëтгани борасида куни-кеча ўз хавотирини эълон қилган эди.

Япония ташқи ишлар вазирлиги мулозими ўтган ойда Озодлик билан суҳбатда бундай хавотирлар борлигини тасдиқлаган эди.

Japan Times газетасига кўра, Япония ўз сармоялари “Откат ундириш” тизими оқибатида бебарака бўлаëтганидан хавотирда. Газетада маълум қилинишича, сўнгги 5 йилда Япония, Вьетнам, Индонезия ва Ўзбекистондаги мулозимларга 160 миллион иен пора берилган.

Газетада айтилишича, бу пулнинг учдан бири ўзбек мулозимларининг томоғини ëғлашга сарфланган. Бу аснода Япония ўз сармоялари устидан назоратни кучайтиришга қарор қилди.

Шу ўринда бир савол туғилади: Япониянинг бу ташаббусини бўғиш учун Ўзбекистон махсус хизматлари Япониянинг Тошкентдаги элчихонасини жанжал гирдобида қолдирмадими?

Бу тахминни рад қилган Япония элчисининг иккинчи котиби Накамура Томоки жаноблари бу икки воқеанинг кетма-кет содир бўлганини шунчаки тасодиф, деб атади.

Ҳаммага келган тўй

Ўзбекистондаги аксар хорижий ширкатлар мамлакат молиявий тизимининг мукаммал эмаслиги боис, ўз ходимларига ҳужжатда қайд қилинмаган нақд валюта тўлаëтгани борасида Озодликда маълумотлар мавжуд.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги элчихоналар ҳамда ваколатхоналар таркибидаги турли тузилмаларда ишлайдиган маҳаллий аҳолига ойлик тўлашда ҳам “икки бухгалтерия тизими” жорий қилингани иддао қилинади.

Тошкентдаги элчихоналардан бирининг Озодлик билан суҳбатлашган Ботирбек исмли собиқ қоровулининг айтишича, Тошкентдаги элчихоналардаги қоровул, боғбон ва фаррошларга қоғозда бир хил амалда эса бошқача ҳақ тўланмоқда.

Ботирбекнинг қуруқ иддао тарзида айтган бу гапи 23 июль куни Озодликка келган маълумотда ўз тасдиғини топгандек бўлди.

Япониянинг Тошкентдаги элчихонасига яқин бир манба элчихонанинг иккинчи котиби Накамура Томоки жанобларининг жавобларини “вазиятни хаспўшлаш” деб баҳолади.

- Нега энди бино таъмири учун спорт клубидаги пахлавонлар ишга олинади. Ўзбекистон республикасида нақд валюта муомаласи чекланган бўлса ҳам спорт клуби пахлавонлари қора пластик пакет ичида нақд доллар олади. Яна бир савол, ойда бир марта ишга келадиган элчихона ҳуқуқшуноси Ангрендаги спорт ширкати билан тузилган шартноманинг нотўғри эканини била туриб, кўз юмганини қандай изоҳлаш мумкин?! - дейди Япониянинг Тошкентдаги элчихонасига яқин манба Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонда 2014 йил февраль ойидан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан хусусий қўриқлаш ширкатлари фаолиятига чек қўйилди.

Бу қарорга кўра, Ўзбекистонда қўриқлаш хизмати фақат Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги қўриқлаш бирлашмаси тарафидан амалга оширилиши зарур.

Озодликка келган маълумотларда Ўзбекистондаги Япония элчихонаси бу қоидани четлаб ўтиб ўзига махсус қўриқчилар ташкил қилгани иддао қилинади.

Элчихонанинг иккинчи котиби Накамура Томоки жаноблари бу гапларни рад қилган холда элчихона биноси икки давлат ўртасидаги келишувга кўра, ўзбек милиционерлари тарафидан қўриқланаëтганини айтди.

XS
SM
MD
LG