Ўзбекистондаги йирик уяли телефон операторларидан бири ҳисобланган Beeline ўз тармоғида қайта қўнғироқ қилиш сўралган спамлар тарқалиши ортидан мижозларини фирибгарларнинг бу каби ҳуружларидан эхтиёт бўлишга чақирмоқда.
Beeline уяли телефон операторининг кўплаб абонентлари 23 июль куни “Здравствуйте, позвоните мне срочно 002454056520”, деган мазмундаги шубҳали рақамларга қайта қўнғироқ қилиш илтимоси ёзилган SMS-спамларни олишди.
“Билайн” операторининг қашқадарёлик мижози Қўчқор ака шундай SMS-спамга учиб, икки доллар ўн центини йўқотганини айтади:
- Менга телефон қил, деган SMS келди. Шу номерга телефон қилсам 2 доллар 10 центимни ютиб юборди. Кейин Beeline ширкатига шикоят қилдим, бу нима гап, десам, маълумот беролмаймиз, дейишди. Бу қанақа қароқчилик, - дейди қашқадарёлик Қўчқор ака.
Сўнгги ойларда Beeline тармоғида қайта қўнғироқ қилиш сўрови ёзилган SMS-спамлар тарқалиши кўпайди.
Beeline таъсисчиси бўлган Вимпелком ширкатининг Амстердамдаги бош идораси матбуот вакили Артём Минаев Озодлик билан суҳбатда спамларни фирибгарлар тарқатаётганини айтиб, мижозларини бундай спамлардан эхтиёт бўлишга чақиради:
- Абонентлардан бундай спамларга жавоб қилмасликни сўраймиз, акс холда улар пул маблағлари, шахсий маълумотларини йўқотишлари мумкин. Мобил телефонларига зарарли дастурлар кириб қолиши эхтимоли ҳам бор. Шунинг учун бунақа спамлар келса уларни зудликда ўчириб ташлаш керак, - дейди Минаев.
Beeline тармоғида шубҳали спамлар тарқалиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Фирибгарлар шу йилнинг март ойида ҳам қайта қўнғироқ қилиш илтимоси ёзилган спамларни тарқатишган эди.
Ҳозирга қадар бу каби спам ҳуружлардан қанча мижоз зарар кўргани маълум эмас.
Артём Минаев спам тарқатувчиларга қарши ҳуқуқ-тартибот идоралари орқали кураш олиб борилаётганини айтади.
- Бу каби фирибгарликлар доим бўлган, бундай холатларга қарши курашяпмиз. Буни ортида кимлар турганини билмаймиз. Бу каби спамлар деб, мижозларимиз пулини ва вақтини йўқотмаслиги учун ҳуқуқ тартибот идоралари билан бирга уларни аниқлашга ҳаракат қиляпмиз. Шу билан бирга абонентлар ҳам билиши керакки, агар уларга "машина ютдингиз" ёки "миллион доллар ютуқ чиқди сизга, бизга қўнғироқ қилинг", деган мазмунда маълумот келса, бу спам эканини билишлари керак, - дейди Артём Минаев.
"Ўзбектелеком” ширкатига кўра, ҳозир Ўзбекистонда уяли телефон фойдаланувчилари сони 20 миллиондан ошган.
Шулардан ярми Beeline ҳизматидан фойдаланиши айтилади.
Ўзбекистонда МТС уяли телефон оператори фаолияти 2012 йилда тўхтатилган эди
Ўшандан буён мамлакат ҳудудида мобил алоқа сифати ёмонлигича қолаётгани айтилади.