Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:32

"Милиция мардикорни қувди", "ГАИ" ҳайдовчини дўппослади"


Риштон бозорида мардикор аравакашлар навбатдаги мижозни кутмоқда
Риштон бозорида мардикор аравакашлар навбатдаги мижозни кутмоқда

Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани милиция ходимлари мардикорларни туман ҳудудидан қувиб ҳайдаяпти. Қашқадарё вилоятининг йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари кўпчилик бўлиб ҳайдовчини калтаклади. “OzodMikrofon”га қўнғироқ қилган ўзбекистонликлар ана шундай ҳақсизликлар ҳақида хабар берди.

“Пахтачи милицияси мардикорларни ўз ҳудудидан қувиб қолмоқда”

Пахтачи туманидан "OzodMikrofon"га қўнғироқ қилган ўқитувчи ишсизликдан мардикорликка чиққан одамлар ўз туманига ҳам сиғмай қолгани ҳақида айтди:

- Пахтачи туманидан Навоий вилоятига ўтадиган катта йўлдаги милиция пости яқинида ҳар куни 400-500га яқин мардикорлар йиғилади. Уларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этади. Улар иш йўқлигидан мажбур бўлиб чиқишади. Лекин Пахатчи тумани милицияси ҳар куни уларни қувиб солади. Милициянинг мардикорларга айтишича, улар постдан ўтиб Навоий вилояти ҳудудида туриши керак экан.

Хўш, нима учун Пахтачи милицияси мардикорларга кун бермаяпти. Чунки, ҳокимият ўзининг айбини яшириши керак. Ҳар йили "мана бунча иш ўрни яратдик", деб жар солишадию, лекин бирорта иш ўрни йўқ. Ҳаммаси қоғоздаги гаплар. Агар иш бўлганда эди, бунча одам кунимни ўтказай деб мардикорликка чиқмаган бўларди. Мустақил бўлганимизга 23 йил бўлибдию, лекин мардикорлар бизда кундан кунга кўпаймоқда,- деди пахтачилик ўқитувчи.

“ГАИлар кўплашиб “дамасчи”ни дўппослашди”

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи тингловчининг "OzodMikrofon"га айтишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари томонидан дўппосланган “Дамас” ҳайдовчиси аризасини прокуратура қабул қилмаган:

- Бугун, 26 июль куни эрталаб, Қашқадарё вилояти ГАИ ходимлари Яккабоғда рейд ўтказди. Соат тахминан ўнларда уларнинг қизил “Дамас” ҳайдовчисини туман прокуратурасининг олдида дўппослашаётганига гувоҳи бўлдим. Олим, Шахриёр, Нуриддин исмли ГАИчилар ҳайдовчини уриб, тепиб ўзларининг машинасига зўрлаб киргизишга ҳаракат қилади. Ҳайдовчининг пешонаси ёрилган, қон оқар эди. Ҳайдовчининг ҳамма ҳужжатлари жойида, фақат путёвкаси йўқ. Калаткланган ҳайдовчи жанжалдан сўнг арз қилгани прокуратурага кирди, лекин унинг арзини қабул қилишмади, прокуратурага умуман киргизишмади,- деди яккабоғлик тингловчи.

******************************************************************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ҳам ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий фикрлари. нуқтаи назарлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик радиоси таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG