Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Хўжайлида милиция ходими автомобилида уч пиёдани уриб кетди


Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида милиция ходими машинани маст ҳолда бошқариб, уч киши ўлимига сабабчи бўлди. Бу Ўзбекистонда сўнгги уч ой ичидаги шунга ўхшаш иккинчи ҳодисадир. Апрель ойи охирида Тошкентнинг Чилонзор туманида хизмат машинасида уч нафар пиёдани уриб юборган яна бир милиционер 7 йилга қамалди.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида автомобилида уч кишини уриб юборган собиқ милиционер устидан тергов бормоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбанинг Озодликка айтишича, шу йилнинг 18 июль куни милиция ходими Nexia автомашинасини маст ҳолда бошқариб, уч кишининг ўлимига сабабчи бўлган.

- Шаҳар марказидаги кўчада Ички ишлар бўлимининг қўриқлаш хизмати ходими йўлдан ўтаётган уч одамни уриб юборган. Машина шу қадар катта тезликда бўлганки, тормоз босилганидан кейин ҳам 40 метргача сирпанган. Бунинг устига ҳайдовчи маст бўлган, дейиляпти. Ҳозир буни экспертлар ўрганиб чиқмоқда. Милиция уриб юборган бир эркак ва бир аёл шу ерни ўзида ўлди. Яна бир аёл эртаси куни касалхонада жон берди, - деди вазирликдаги манба.

Воқеа гувоҳларига кўра, Хўжайлида маст ҳолда уч кишини уриб юборган милиция ходими воқеа жойидан қочишга уринган. Уч кун ўтиб у ҳибсга олинган.

- Ҳозир бу одам қамоқда. Вазирлик тергов бошқармаси бу иш билан шуғулланяпти. Милиция ходимига жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми бўйича айб қўйиляпти, - деди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манба.

Ушбу модда ўн йилгача қамоқ жазосини кўзда тутади.

Ўзбекистонда милиция ходимлари йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда одамлар ўлимига сабабчи бўлиши биринчи марта рўй бераётгани йўқ.

23 июль куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани жиноят ишлари бўйича суди ўз хизмат автомашинасида уч нафар пиёдани уриб кетган Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимини 7 йилга қамаш ҳақида ҳукм чиқарди.

У апрель ойида Тошкентнинг Чилонзор туманида Nexia русумли хизмат автомобилида катта тезликда қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, уч нафар пиёдани уриб кетган.

Оқибатда, бир эркак ва 5 ёшли қизча ҳалок бўлган, жиддий жароҳатланган ёш аёл эса жароҳатланган эди.

XS
SM
MD
LG