Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:31

Beeline ва Ucell кириш имтиҳони куни мобил алоқа узилишидан огоҳлантирди


Тошкентдаги магазинлардан бири абитуриентларни кичик мобил телефон йўқлигидан огоҳлантирмоқда.
Тошкентдаги магазинлардан бири абитуриентларни кичик мобил телефон йўқлигидан огоҳлантирмоқда.

Ўзбекистонда 1 август куни олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон Давлат тест маркази расмийларига кўра, бу йил ҳам тест синовлари кучайтирилган назорат остида ўтказилади. Аммо, бу кунни ҳаяжон билан кутаётган айрим абтуриентлар "ҳийла" усулларига умид қилаётганини яширмаётир.

Ўзбекистон Давлат тест маркази расмийлари абитуриентларни тест синовлари пайтида шпаргалка ва мобил телефонлардан фойдаланиш мумкин эмаслигидан қаттиқ огоҳлантирмоқда.

Ўзбекистондаги икки йирик уяли телефон оператори Beeline ва Ucell имтиҳон бўладиган куни SMS, MMS, WAP, GPRS каби хизматлар тонгги соат 8 яримдан кундузги 1 яримга узиб қўйилишини эълон қилди.

Аммо, уяли телефон қўнғироқларига чеклов бўлмайди.

Бу каби фавқулодда чораларга қарамай абитуриентларнинг кўпчилиги кириш имтиҳонларида айнан шпргалка ва мобил телефонлар ёрдамига умид қилаётганини айтишади.

– Ягона умид ҳозир шпаргалкалардан. Х-вариантлар кўпинча мос келмайди. Шунинг учун ҳозир кўп болалар шпаргалка ёки телефон олиб киришмоқчи. Энг яхшиси шу. Ичкарида ўтирган одамлар билан келишиб, тест пайти телефон орқали гаплашиб, кўп нарсани тўғирлаб олса бўлади, - дейди Тошкент Шарқшунослик институтига ҳужжат топширган Шоҳруҳ.

Бу йил учинчи бор ўқишга киришга ҳаракат қилаётган Санжар шпаргалка ва уяли телефонни қандай олиб кириш йўл-йўриқларини яхши билишига ишончи комил.

- Телефонни бемалол ишлатса бўлади. Лекин олиб кирганда кичик телефон олиб кирилади-да. Буни эплаган қилади, эпламаган қўлга тушади. Ўтган йили тест пайти кўпчилик телефонда шивирлаб ўтирганини кўрганман. Бу йил қанақа бўлар экан, кўрамиз, - дейди Санжар.

Ўзбекистон Давлат тест маркази расмийлари кимки тест пайти уяли телефон ёки шпаргалкадан фойдаланса, шу заҳоти дисквалификация қилиниши ҳақида огоҳлантиришмоқда.

- Шпаргалка, телефон мутлақо мумкин эмас. Биз ҳар бир абитурентни огоҳлантирганмиз, бу ҳақда. Ичкарида хавфсизлик одамлари юради. Агар қўлга тушса, ҳамма тайёрлангани, ўқишга кириш умиди чипакка чиқадику?! Энг яхшиси, Давлат тест маркази чиқарган тест китобчалари. Ана шу йўриқномамизга амал қилишгани дуруст. Бозордаги ҳар хил қалбаки шпаргалкалар абитуриентларни чалғитиб қўйиши мумкин, - дейди Ўзбекистон давлат тест маркази раҳбарларидан бири.

Айни пайтда Тошкентдаги Global Solutions ширкати Ўзбекистон Давлат тест маркази билан ҳамкорликда абитуриентлар учун кириш имтиҳонларига кириш йўриқномасининг мобил дастурини яратган.

- Ушбу дастур тестларни уяли телефонингизга кўчириб олиш имконини беради. Абитуриент кириш имтиҳонларига тайёргарлик пайти тест ахборотномаларини сотиб олади. Энди эса уни сотиб олиш шарт эмас. Уни мобил версиясини телефонга кўчириб олиш кифоя. Метрода кетаётганингизда қўлингиздаги телефон билан тестларни ечиб, имтиҳонларга тайёрланиш мумкин, - дейди Global Solutions мутахассиси.

My Test деб аталувчи мобил тест синовлари тўпламини Google Play’дан юклаб олиш мумкин.

Давлат тест маркази берган маълумотга кўра, бу йил ҳам ярим миллиондан ортиқ абитуриент кириш имтиҳонларида иштирок этади.

Улар учун бу йил олий ўқув юртларида 57 минг 907 ўрин ажратилган. Шуларнинг 19 минг 120 нафари давлат гранти, 38 минг 787 нафари тўлов-контракт бўйича қабул қилинади.

XS
SM
MD
LG