Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:38

Тожикистонда маҳкумлар қамоқдан туриб амалдорлар чўнтагини қоқди


Тожикистон қамоқхонасидаги маҳкумлар камерадан мобил телефонлар орқали амалдорларга “катта бошлиқа” сифатида қўнғироқ қилиб, улардан пул ундирди. “Катта”нинг дағдасидан чўчиган кичик мансабдорлар воситачи одамга айтилган пулни бериб, чув тушди.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги қамоқхонада турли жиноятлар учун озодликдан маҳрум этилган маҳкумлар ўз камераларида ўтирган ҳолда мобил телефонлар орқали амалдорлардан пул ундирди.

Бу ҳақда 31 июль куни Сўғд вилоятининг Коррупцияга қарши кураш Агентлиги раҳбари Музаффар Аҳмедов журналистларга гапириб берди.

Унинг айтишича, маҳкумлар амалдорларга фалончи раҳбар сифатида қўнғироқ қилиб, уларнинг воситачи одамларига пул беришни талаб қилган:

“Масалан, Ашт тумани солиқ инспекцияси бошлиғига менинг номидан қўнғироқ қилишган. Улар менинг номимдан ишончли гапириб, махсус операция ўтказилаётгани ва менинг номимдан борадиган одамга дарҳол 1000 АҚШ доллари беришини талаб қилган. Шўрлик амалдор менинг номимни эшитганидан сўнг қўрқиб кетган ва воситачи одам бўлган таксичига айтилган пулни бериб юборган”, деди Музаффар Аҳмедов.

Агентлик бошлиғи банкларнинг ва бошқа молиявий ташкилотлар раҳбарларининг мобил телефонлари рақамлари қандай қилиб қамоқдаги маҳкумларнинг қўлига тушиб қолганидан ҳайрон қолаётганини айтди.

Музаффар Аҳмедовнинг айтишича, бу жиноятни содир этган бир неча маҳкум аниқланган ва суд ҳукми билан улар ҳозир янги жазо муддатини ўташмоқда.

Бироқ Сўғд вилояти Жазони ўташ муассасаси вакили Иброҳим Солиев бўлиб ўтган воқеадан хабари йўқлигини айтди:

- Маҳкумларга мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган. Ҳар бир муассасада стационар телефонлар бор. Маҳкумлар бошлиқнинг ижозати билан ўшандан яқинларига телефон қилиши мумкин, деди Иброҳим Солиев.

Аммо, Тожикистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаб чиққан маҳкумларнинг айтишларича, муассасада мобил телефонлардан фойдаланиш одатий ҳол бўлиб қолган. Бунга маҳкумлар ва муасасаса раҳбарияти орасидаги келишувлар йўл очади.

Ўтган йили Тожикистон ОАВи маҳкумларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар хусусида қамоқхонанининг ичидан жуда кўп қўнғироқлар ва ҳатто видеоёзувлар қабул қилгани айтилади.

Маҳкумларнинг телефон воситасида товламачилик йўли билан амалдорлардан пул ундириши эса биринчи бор кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG