Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:24

Хориждан қайтганлар тиббий кўрикка мажбурланаяпти


Самарқанд вилоятида хорижда меҳнат қилиб қайтганлар мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказилаяпти. Озодлик манбаларига кўра, кўрикдан ўтишни истамаганлар милиция кўмагида мажбурланмоқда. Соғлиқни сақлаш тизими мулозимларига кўра, кейинги пайтда мардикорликдан қайтганлар орасида ОИТС ҳолатлари кўпайгани учун ушбу тадбир амалга оширилмоқда.

Самарқанд тумани Гулобод маҳалласида яшовчи Озодлик манбасига кўра, Россия ёки Қозоғистонда ишлаб қайтган маҳалладошлари тиббий кўрикдан ўтишга мажбурланаяпти:

“Ким мардикорликка бориб келса, маҳаллакомлар “текширишга борасан, текширтирмасанг бўлмайди”, деб айтишаяпти. Ўзи эркаклар докторга текширишга боришни унча хушламайди. Лекин маҳаллакомлар “бориш шарт”, деган гап қилаяпти”, деди гулободлик манба.

Ургут туманида яшовчи манба эса тиббий кўрикдан ўтишни истамаган эркаклар милиция ходимлари томонидан мажбурланаётганини гапирди:

- Ҳозир Россиядан келганларни текшираяпти. У ёқдан келганлар ҳаммаси доктордан ўтказилаяпти. Уларни мажбуран текшираяпти. Участкавойлар аралашиб, мажбуран текшираяпти. “Бормайман” деса, Ички ишлар аралашиб, олиб боришиб, мажбурлаб текшираяпти,- деди ургутлик манба.

Самарқанддаги манбаларнинг айтишича, мардикорликдан қайтганлар ўзи яшаётган қишлоқдаги врачлик пуктларида текширувдан бепул ўтаяпти.

“Лекин қўшимча текширувга ҳожат бўлса, туман ёки вилоят касалхоналарига юборишаяпти. У ерга борилса, пул тўланаяпти, яна йўлкирага ҳам пул кетаяпти”, деди манбамиз.

Амалдаги тартибга кўра, хорижда ишлаб қайтган ўзбекистонликларни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёни мутлақо ихтиёрий тарзда амалга оширилиши лозим.

Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, мардикорликдан қайтганлар орасида ОИТС (Орттирилган иммун тақчиллиги синдроми) ҳолатларининг кўпаётгани боис айрим ҳолатларда эркакларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишга тўғри келмоқда:

“Кейинги 2-3 йил ичида хорижда ишлаб қайтган фуқаролар орасида турли хил касалликларни юқтириб қайтиш ҳолатлари кўпайди. Айниқса, ОИТС масаласи хавотирга сабаб бўлаяпти. Россияга борганлар у ёқдан ОИТС, сўзак, заҳм каби жинсий касалликларни юқтириб келаяпти. Келиб хотинига ҳам юқтираяпти. Эркаклар ҳеч қачон уйига қайтгач, ўз хоҳишим билан тиббий кўрикдан ўтай демайди. Фақат соғлиги оғирлашгач, унинг касали маълум бўлаяпти. Ҳозир вилоятда 1675та ОИТВ юққан киши бор. ОИТС маркази вазиятни ўрганганида, касаллик, асосан, чет элга ишлашга бориб қайтганлар орасида кўпайгани аниқланган”, деди соғлиқни сақлаш расмийси.

Самарқанд вилоят ОИТС маркази маълумотига кўра, сўнгги олти ой давомида мардикорликдан қайтганлар тиббий кўрикдан ўтказилганда 59 нафар одамда ОИТВ аниқланган.

Марказ маълумотига кўра, сўнгги 10 йил давомида Самарқанд вилоятида 773 нафар одам ОИТСдан вафот этган.

Самарқанд мамлакат бўйича ОИТС энг кўп тарқалган вилоятлардан бири ҳисобланади.

Бутун республика бўйича ОИТВга чалинганларнинг умумий сони 28 мингга яқинлашиб қолган. Бу рақамнинг 70 фоизи эркакларга тегишли бўлиб, умумий кўрсаткичнинг 52 фоизида ОИТВ жинсий алоқа орқали юққани қайд қилинган.

XS
SM
MD
LG