Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:01

Россияда қонуний ишлаган хоразмлик муҳожир депортация қилинмоқда


Россиялик аёлга уйланган ва Россия фуқароси бўлган 2 боланинг отаси - Ботир Қурбонов ноқонуний равишда депортация қилинаётганидан Озодликка шикоят бўлди. 36 яшар муҳожир сўнгги пайтларда Россияда қонуний яшаб, ишлаб келаётганига қарамасдан, депортация қилинаётган юзлаб ўзбекистонликлардан навбатдагисидир.

Муҳожир суд қарори кучга кирмасдан депортация қилинмоқда

Самара областидаги Тольятти шаҳрида қонуний яшаб, ишлаб келган ва Россия фуқаросига уйланган 36 яшар хоразмлик муҳожир Ботир Қурбонов ноқонуний тарзда депортация қилинаётгани ҳақида Озодликка шикоят бўлди.

Муҳожирнинг адвокати Анатолий Сергеев маҳаллий полиция, суд ва миграция хизмати идоралари мавжуд қонунларни ошкора бузган ҳолда бу йигитни Россиядан чиқариб юборишга уринмоқда, деб даъво қилди.

- Сергиев туман суди уни депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ, бу қарор устидан шикоят аризасини топширмасдан, уни депортация қилишга уринмоқда. Ботирни депортация қилишга мутлақо ҳақлари йўқ! Биринчидан, суд қарори кучга кирмаган, иккинчидан унинг Россия ҳудудида доимий қайддан ўтган – яшашга вақтинчалик рухсатномаси бор. Учинчидан, унинг хотини россиялик, Россия фуқароси бўлган икки боланинг отаси бу йигит. Уни олиб кетган хорижликларни сақлаш маркази раҳбарига ҳужжат олиб борсам, у менга қулоқ солгани ҳам йўқ: “Менга бари бир!”, деб телефонини ўчириб қўйди, - дейди Ботир Қурбоновнинг ҳимоячиси Анатолий Сергеев.

Депортация қилинаётган ўзбек муҳожирининг адвокати боши берк кўчага кириб қолгани, зеро Тольятти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари Россия қонунларини қўпол тарзда бузаётганини таъкидлади.

Адвокат Сергеевнинг сўзларига кўра, рус тилини яхши билмайдиган Қурбонов рўйхатдан ўтган манзили бўйича яшамагани сабаби билан полиция бўлинмасига олиб кетилган ва ўша ерда унга протокол тузилган.

Тольятти шаҳар Хорижликларни сақлаш марказининг ўз исмини айтмаган навбатчиси Ботир Қурбонов аллачақон аэропортга олиб чиқилганини билдирди.

- Уни ҳозир аэропортга олиб кетишди. Уни ортидан суд приставлари келиб, суд қарорини бажарган ҳолда Қурбоновни олиб кетишди, - деди полиция навбатчиси.

Қурбонов Ботир иши билан Москвадан туриб шуғулланаётган “Ёрдам” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев хоразмлик мардикор йигит Ўзбекистонда диний айбловлар билан аллақачон ўтириб чиққани ва маҳаллий хавфсизлик идоралари шу тариқа навбатдаги “потенциал экстремистни” йўқотишга уринаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Аниқланишича, хоразмлик Ботир Қурбоновнинг вақтинчалик яшаш учун олган рухсатномаси “экстремистик ташкилотларга” алоқадорлик важи билан бекор қилинган.

Полиция ва ФМС биринчи навбатда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан бундай ноқонуний ишларни амалга оширмоқда, деб ҳисоблайди ҳимоячи.

- Бу боланинг рухсатномаси бор, хотини, бола-чақаси Россиядан. Депортация ҳақидаги суд қарори кучга кирмаган... Депортация ноқонуний бўляпти! Ўзбекистонда у диний мотив билан айланиб, қамоқда ўтирган экан. Вазият жуда ёмонлашиб боряпти. Ҳужжати борми-йўқми – унга қарамаяпти. Ҳатто, аввал Ўзбекистонда туғилиб, катта бўлганларни шундай қилиб чиқариб юборяпти. Бу икки давлат сиёсатига айланди: икки давлат келиша олмаса, орада жабр кўрувчи ким бўлади?! Албатта, шу давлатлар фуқаролари бўлади, - деб таъкидлади Баҳром Ҳамроев.

Материал эфирга узатилаётганида ҳимоячилар аэропортга олиб кетилган Ботир Қурбонов билан мутлақо алоқа узилгани, ҳозир унинг қаерда экани номаълум қолаётганини билдиришди.

К. Ромодановский: “Зачистка” натижа беряпти

Айни пайтда, Россия ҳукумати сўнгги пайтларда назорат идоралари олиб борган муҳожирлик қонунчилигини кескинлаштириш ва ҳар қандай қонунбузарлик учун мигрантларни депортация қилиш, “зачистка” ва “облава”лар натижа бераётгани тўғрисида ҳисобот берди.

ФМС директори Константин Ромодановский 6 август куни Россия Бош прокуратурасида бўлиб ўтган йиғилишда олиб борилган амалиётлар туфайли сўнгги бир йилда мигрантларнинг Марказий Осиёдан Россияга кириши 26 фоизга камайганини хабар қилди.

Шунингдек, миграция идораси раҳбари Россияда миграция қонунчилигини бузиш ҳоллари тўртдан бирга қисқаргани, мамлакатда қонуний меҳнат қилаётган муҳожирлар сони эса 40 фоизга ошганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

- Биз хориж фуқароларини Россия Федерациясида қонуний яшашга ундадик. Натижада, 2014 йилнинг биринчи 6 ойида хорижликларга 1,5 миллион патент берилдики, бу бюджетга 10 миллиард рубль даромад келтирди,- деди Константин Ромодановский.

XS
SM
MD
LG