Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:14

МТС эски СИМ карталар ишлатилмаслигини маълум қилди


МТС Ўзбекистондаги алоқа тармоғини ривожлантиришга яқин келажакда ортиқча сармоя ётқизмайди. Озодлик манбасига кўра, МТС компанияси фаолиятини тиклашга Ўзбекистон ичкарисидаги заём маблағларини жалб этади. Айни пайтда МТС эски СИМ карталар ишлатилиши ҳақидаги хабарларни инкор қилди.

Россиянинг МТС компаниясининг Universal Mobile Systems (UMS) номи остида Ўзбекистонда фаолият бошлашга тайёргарлик ишлари давом эттирмоқда.

Universal Mobile Systems янги юридик шахс сифатида ташкил топаётгани боис янги шартномалар асосида телефон рақамларини сотишга киришини эълон қилди. Шу тариқа, МТС “Ўздунробита”дан сақланиб қолган эски СИМ-карталар амал қилиши тўғрисидаги миш-мишларни инкор этди.

МТС янги лойиҳага ортиқча сарф-ҳаражат қилмаслиги ва фалиятни тиклаш ишларига Ўзбекистон ичкарисидаги маблағларни жалб қилиши айтилмоқда.

Озодликнинг олиб борилаётган музокараларга яқин бўлган Ўзбекистондаги манбасидан олинган маълумотларга кўра, шартномага мувофиқ Ўзбекистон томони МТСга мамлакат ичкарисида иш бошлаши учун катта имтиёзлар берган.

- Биринчидан, шартномада МТС янги корхонадаги ўз улушини текинга олиши белгиланган. Иккинчидан, янги операторнинг жорий фаолияти Ўзбекистон бозоридаги заём маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Билишимча, бу Ўзбекистон банк кредитлари бўлади. Яъни бу лоийҳага МТС пул киритиши белгиланмаган, - деди кузатувчи.

Манба тугатилган “Ўздунробита” МЧЖсига тегишли сақланиб қолган мол-мулк, асбоб-ускуна ва инфратузилмалар янги қўшма корхона балансига ўтказилишини ҳам қўшимча қилди.

МТС ширкати матбуот хизмати раҳбари Елена Кохановская “UMS" қўшма корхонаси 25 сентябргача мамлакатда расман рўйхатдан ўтказилиши келишилганини Озодликка маълум қилган эди.

Россиянинг “Мобильные ТелеСистемы” ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида имзоланган Муроса битимида тузилажак қўшма корхонанинг 50,01 фоиз улуши МТСга, 49,99 фоиз улуши Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация давлат қўмитасига қарашли бўлади.

Айни пайтда, россиялик иқтисод мутахассислари МТСнинг ўзбек бозорига қайтиши осонликча амалга ошишига шубҳа билан қараётганини гапирмоқда.

Jeen Евросиё экспертлар тармоғи мувофиқлаштирувчиси Наталья Харитонова Озодлик билан суҳбатда бу корхонани тиклаш ташаббуси Ўзбекистон тарафидан чиққан бўлиши мумкинлигини тахмин қилади:

- Тажрибамиз шуни кўрсатадики, бундай вазиятларда одатда муайян ички келишувлар мавжуд бўлади. Яъни, шундай шароит яратилганки, у ҳар иккала тарафни қониқтирган ва бу лойиҳага қайтадан маблағ киритиш имконияти топилган. Мен бу тикланган муносабатлар доимо шундайлигича қолаверишига кафил эмасман, лекин бошланишида МТС яхши натижаларга эришиши мумкин. Гап шундаки, Ўзбекистоннинг улкан алоқа хизматлари бозори кетган харажатларни қисқа муддат ичида қайта чиқариб олиш имкониятини беради. Масала, мамлакат ичкарисида фаолият юритаётган Билайн ва UCELL МТСга қанчалик осонлик билан ўз мижозларини қайтариб беришида ётибди,- дейди иқтисодий таҳлилчи Наталья Харитонова.

Иқтисодчининг сўзларига кўра, МТСнинг Ўзбекистон бозорига қайтиши мобил алоқа соҳасида катта рақобатни келтириб чиқаради. Наталья Харитонова ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиш ваъдаларини олган UMS агрессив маркетинг ҳужумини амалга ошириши ва собиқ мижозларини қайтариш учун барча имкониятларни ишга солишини кутиш кераклигини гапирди.

Таҳлилчи ўз фаразларини Ўзбекистонда мобил алоқа соҳасида хизмат ҳозирда кўпчилик фойдаланувчиларни қониқтирмаётгани билан ҳам изоҳлади.

“Инвесткафе” таҳлилчиси Тимур Нигматуллин телекоммуникация ва ахборот соҳасидаги янгиликларни кузатиб борувчи ComNews нашрига берган интервьюсида, шунга қарамасдан, МТС Ўзбекистон ички бозорига хавф билан қараётганини таъкидлабди. У маблағ киритишга тайёр бўлмаган Россиянинг энг йирик мобил алоқа ширкати оқибатда Ўзбекистон бозорида кутилганидек юқори натижаларга эриша олмаслигига ишонишини айтди.

Таҳлилчи Тимур Нигматуллин МТСнинг Ўзбекистондаги яқин келажакдаги йиллик даромадини 150-300 миллион АҚШ доллари атрофида бўлишини тахмин қилди.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси "Ўздунробита" 2012 йилнинг июль ойида ҳукумат қарори билан фаолиятини тўхтатган.

Ўзбекистон расмий идоралари "Ўздунробита"ни катта миқдорда солиқдан бўйин товлаш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш ва бошқа қонунбузарликларда айблаган эди.

Фаолияти тўхтатилгунига қадар Ўзбекистон телеком бозоридаги энг йирик мобил алоқа оператор бўлган МТС 10 миллионга яқин мижозини бой берди.

МТС Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилгани боис 1 миллиард АҚШ долларидан ошиқ зарар кўрди ва сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга бу юзадан шикоят қилган.

Ўзбекистон ҳукумати МТСга доир мулк ва ускуналарни бир неча марта кимошди савдосига қўйди, лекин унга харидор топа олмади.

31 июль куни имзоланган Муроса битимига биноан ўзаро даъволар бекор қилинадиган бўлган.

XS
SM
MD
LG