Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:25

Ўзбек муҳожири Ғарб санкциялари зарбасини ҳис эта бошлади


Йиллардан бери ўзи емай-киймай топганини Ўзбекистонга юбориб келган миллионлаб муҳожирнинг Россиядан ватанга қайтиши ўзбек иқтисодини танг ҳолга солмай қўймайди.
Йиллардан бери ўзи емай-киймай топганини Ўзбекистонга юбориб келган миллионлаб муҳожирнинг Россиядан ватанга қайтиши ўзбек иқтисодини танг ҳолга солмай қўймайди.

АҚШ¸ ЕИ ва бошқа Ғарб давлатлари Россияга жорий қилган кенг кўламли иқтисодий жазо чоралари йиллардан бери Россияда ишлаб¸ пулини Ўзбекистонга жўнатиб келган меҳнат муҳожирларининг иш ва пул топиш имконини қисқартира бошлади. Миллионлаб ўзбек муҳожирининг Россияда танг ҳолга тушиши¸ иқтисодчилар фикрича¸ Ўзбекистон ҳукуматини зарур макроиқтисодий ислоҳотларни бошлашга мажбурлаши мумкин.

Водийлик Акрамжон беш йилдан бери Москвада ишлаб¸ еб-ичишдан орттирган барча пулини ватанда қолган онаси ва укаларини боқиб-ўқитишга жўнатади. Беш йил ичида ҳовлисини эпақага солиб¸ укасига битмаган бўлса-да уй олиб¸ студент синглисининг бир неча миллионлик контрактига пул тўлаб келган Акрамжон¸ АҚШ ва ЕИ Россияга қарши иқтисодий санкция қўллаганидан бери¸ иши орқага кетганини айтади:

- Келганимиздан бери Москва ташқарисидаги Одинцово деган жойдаги ойнак заводида ишлаймиз. Давлат ташкилотлари ва хусусий одамлардан заказ келарди¸ шуни тайëрлаб берамиз. Олдинлари заказ кўп эди. Аммо бир-бир ярим ойдан бери заказ почти йўқ. Иш ҳақимиз заказга қарагани учун¸ ойлик ҳам камайиб кетди. Бир-икки ойдан бери ойлик 15-20 мингга тушиб қолди. Олдинлари 30-36 минг олардик. Ундан 200 долларини еб-ичишга сарфлаб¸ уйга ҳар ой 900 доллар юборардик. Санкциялардан кейин доллар ҳам ошиб кетди¸ ҳозир 1000 доллардан почти 100 доллар йўқотаяпмиз. Бу ҳам етмагандек¸ Ўзбекистонда ҳам машина сўмга сотилади дегандан кейин¸ доллар тушиб кетибди. Хуллас¸ ҳамма томондан ишлар чатоқ¸ дейди Москвадаги ўзбек муҳожири.

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Саодат Нишонова¸ Ғарб санкцияларидан сўнг Россияда юзага келган иқтисодий воқелик ўзбекистонлик миллионлаб меҳнат муҳожирини айнан Акрамжоннинг ҳолига солиб қўйганини айтади:

- Санкциялар муносабати билан Россия иқтисоди фаоллиги сусаяди¸ рублнинг долларга нисбатан қадрсизланиши кучаяди. Бу икки кучли омил¸ Россиядаги ишлаб чиқариш ва хизматлар секторини кескин қисқартириб юборади¸ меҳнат бозоридаги кучлар нисбати ўзгариб¸ россиялик иш берувчи энди асосан ўз маҳаллий фуқаросига иш беришга ўта бошлайди. Ўзбекистонлик ишчи кучига талаб ҳам кескин камаяди ва бизникилар Россияда қолиш ўзини оқламагани боис¸ ватанга қайтиш ëки бошқа меҳнат бозори топишга мажбур бўлади¸ дейди мустақил иқтисодчи.

Акрамжоннинг таъкидича¸ ватанга қайтиш ишсизлик ва ночорликни англатиши боис¸ аксар муҳожирлар бу ҳақда ўйлашни ҳам ҳозирча хаëлига келтирмаëтир. Ечим сифатида¸ Россиядаги муҳожирлар¸ янги меҳнат бозори қидиришга киришган:

- Нима қилар эканмиз¸ деб ҳамманинг боши қотган. Россия тугаяпти¸ кейинги йил қаерга борамиз¸ деб ўтирибмиз. Корея ëки Туркияга борамиз¸ деб ҳаракат қилаëтганлар кўп. Асосан¸ умид Туркиядан. Шерикларимдан анчаси кетиб¸ нолегал бўлсаям Туркияда ишлаяпти уже¸ дейди Акрамжон.

Ғарб ҳукуматларининг Украина можаросидаги роли боис Россияга қарши жорий қилган иқтисодий санкциялари¸ мустақил иқтисодчи Саодат Нишонова таъкидича¸ Ўзбекистон ҳукуматини йиллардан бери амалга оширишни истамай келаëтган макроиқтисодий ислоҳотларни бошлашга мажбурлаши мумкин:

- Ҳозирги вазиятда Россиядаги гастарбайтерлар оммавий тарзда уйга қайтишга мажбур бўлади. Бу эса¸ Ўзбекистонга келаëтган пул оқимининг кескин камайишига олиб келади. Валюта кирими кескин камайгач¸ ҳукумат ниҳоят жўяли макро-иқтисодий сиëсат юрғизишга ўтиши ва сўмни девальвация қилиши¸ яъни унинг долларга нисбатан ҳақиқий баҳосини белгилашга йўл бериши мумкин. Девальвация соф иқтисодий жараëн бўлгани боис¸ агар рисоладагидай ижтимоий муҳофаза жорий этилса¸ Ўзбекистонда ижтимоий портлаш бўлмайди. Бу оддий халқ учун нарх-навонинг ошиб кетишини англатади¸ лекин бусиз ўзбек иқтисодини тўғри йўлга солишнинг имкони йўқ. Шу пайтгача буни ҳукумат ўз хоҳиши билан қилишни истамади. Энди Ғарбнинг Россияга қўллаган санкциялари таъсирида бунга мажбур бўлади. Бу эртами-кечми бўлиши шарт жараëн бўлгани боис¸ узоқ муддатда ўзбек иқтисодини мувозанатга солишга ëрдам беради¸ дейди Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлигининг собиқ мутахассиси.

Ҳозирча Тошкент¸ қўшни Қозоғистондан фарқли¸ Россияга қўлланган Ғарб иқтисодий санкцияларининг ўз иқтисодига салбий таъсири эҳтимолини очиқ тан олгани ҳам¸ ўзбек иқтисодини бу таъсирдан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ҳам эълон қилгани йўқ.

Беш миллион ишга яроғли ўзбекистонликнинг Россияда узоқ муддатлик меҳнат муҳожиратида эканини очиқ тан олишга ҳамияти қўймай келаëтган Ўзбекистон ҳукуматининг¸ Ғарб жазоларидан қадди эгилаëтган Россия иқтисоди юкининг билвосита ўзига ҳам тушаëтганини эътироф этишга сиëсий иродаси етадими-йўқми¸ буниси ҳозирча қоронғулигича қолмоқда.

Тошкент қарор бергунга қадар Акрамжон¸ уйга ҳар йилгидан эрта қайтиб¸ оиласи билан қисқа муддатга бирга бўлиш¸ сўнгра эса¸ ҳаë-ҳуй деб яна узоқ элларга иш излаб кетишни режаламоқда.

XS
SM
MD
LG