Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:21

Ўзбек ошпазлари украиналик қочқин болаларга ош берди


9 август куни Россиянинг Владимир шаҳрида ўтказилган Палов фестивалида иштирок этган ошпаз- усталар жами 111 кг ош дамлади. Тадбирдан тушган маблағ Владимир вилоятида паноҳ топган украиналик қочқин болаларга хайрия қилинди. Россияда анъанага айланаётган ушбу хайрия тадбирида ўзбек дорбозлари ва санъат усталари ҳам иштирок этди.

Ўтган шанба куни Владимир шаҳрининг "Дружба" истироҳат боғида маҳаллий ўзбек жамоаси томонидан уюштирилган Палов фестивалида ош тарқатишдан ташқари концерт дастури ва дорбозлар намойиши ташкил этилди. Фестивалда 11та қозонга дамланган палов сотилишидан тушган маблағ Украинанинг шарқидан келган қочқин болалар ва маҳаллий болалар уйига сарфлангани айтилди.

Палов фестивали ташаббусчиси, Халқаро миграция марказининг Марказий федерал округ бўйича махсус вакили, айни пайтда Владимир шаҳридаги "Дружба" ўзбеклар жамияти раиси муовини Тўхтасин Дайдиев Озодлик билан суҳбатда тадбир маҳаллий ҳукумат ва депутатлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланганини гапирди:

- Ошпазлик хайрия чемпионати биздаги иккита болалар уйи ва қочқин украиналиклар болаларга ёрдам тарзида ўтказилди. Владимир шаҳар "Дружба" паркида 76та украиналик бола ва уларнинг оналарига бепул ош тарқатилди. Марказий Осиёнинг Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистондан бўлган муҳожирлар ўз ёнидан маблағ ажратиб, 11 қозонда 111 кило ош дамлашди. Концерт дастурига дорбозлар келди, хонанда Наталья Нурмуҳамедова иштирок этди. Ошпаз Ҳаким ака Ғаниев раислигида жюри ошпазлар маҳоратини баҳолади,- дейди Тўхтасин Дайдиев.

Ўзбеклар жамияти фаоли сўзларига кўра, Владимир шаҳри яқинидаги болалар санаторийларидан бирига жойлаштирилган украиналик қочқинлар оилаларига ош тарқатишдан ташқари, уларга зарурий бўлган кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар олиб берилган:

- Эмизикли гўдаклар бор экан, биз уларга памперс сотиб олиб бердик, бепул ош ва каруселларда учмоқ учун билет олиб берилди. Шаҳар ҳокимияти автобусларни ташкил этиб, уларни олиб келиб, олиб борди. Улар "яшил коридор" орқали олиб чиқилганлар. Жами 70 киши одам келган Украина шарқидан. Ундан ташқари ўзлари ишлагани келган украиналиклар бўлди. Ундан ташқари, учта трасформер-коляска олиб берилди уларга. Билишимча, бу ерга олиб келинган болачалар аллергия касаллиги бор касалманд болачалар экан,- дейди ўзбеклар жамияти фаоли.

Маълум бўлишича, ташкилотчилар пазандалик танлови, меҳмон болалар учун махсус мусобақа ва концерт дастури билан бирга кураш бўйича мусобақа ҳам ўтказди. Палов фестивали томошаларига 4 мингга яқин шаҳарлик келгани қайд этилди.

Фестивални ташкил этишда ўзбек диаспорасига Владимирнинг тожик, арман, озар, язид, татар жамоалари, шу ерда меҳнат қилаётган муҳожирлар кўмаклашганини маълум қилди Тўхтасин Дайдиев.

Палов фестивали ҳакамлар ҳайъатининг раиси, таниқли ўзбек ошпази, блоггери ва телебошловчиси Ҳаким Ғаниев Озодликка палов пишириш маҳоратини 10та жамоа намойиш этгани, ҳар бири ўзига хос ош турини шинавандалар эътиборига ҳавола этганини гапириб берди.

"Умуман олганда, анъанавий бўлиб бораётган Палов саммитлари доимий равишда хайрия шаклида олиб борилмоқда", дейди Ҳаким Ғаниев.

- Мен шунчаки тадбирни ўтказишга ёрдам бердим. Танловда жюри раҳбари бўлдим. Энг ширин ошни танладик. Ғалаба қилганларга микроволновка ва шу каби овқат пишириш ускуналарни совға қилдик. Биринчи ўринни андижонлик болалар чойхона оши билан олди. Бултур ўтказган Ош саммитидан йиғилган пул рак касалига чалинган болачалардан иккитасига операция қилишга етди. Қолган пулни Подмосковье Болалар уйига бериб юбордик. Бу йилгиси Владимир Болалар уйига ва Украинадан келган болаларга сарфланди,- деди ошпаз Ҳаким Ғаниев.

Ҳакамлар раисига кўра, иккинчи ўринни бухоролик Аҳадбек Муродов ошпазлар жамоасига, учинчи ўрин қирғизистонлик Ўш палови усталари эгаларига насиб этган. Ошпаз усталар владимирликларга чойхона, тожикча, бухороча, андижонча, тўй оши ва бошқа палов турларини пишириб берган.

Ошпазлик санъатидан ташқари, фестивалга йиғилганларни истироҳат боғига келган ўзбек дорбозлари маҳорати қойил қолдирди. 18 кишилик Равшан Комилов бошчилигидаги 18 кишидан иборат дорбозлар оиласининг дорга кўтарилган энг кичик вакиласи – 5 яшар қизча, томошага келган мухлисларнинг олқишига сазовор бўлди.

XS
SM
MD
LG