Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:20

“Худога шукур, Рамазондаям ароқ сотиш планини бажардик!”


Рассом Рустам Бозоров ишлаган картина (фрагмент)
Рассом Рустам Бозоров ишлаган картина (фрагмент)

Сарлавҳага чиқарилган “шукрона”ни Қашқадарё вилояти туманларидан биридаги спиртли ичимликлар савдосига ихтисослашган корхона вакилидан эшитдик.

Соҳа вакиллари билан суҳбатлардан маълум бўлишича, Ўзбекистонда Рамазонда бироз сустлашадиган ароқ савдоси бу ой тугаши биланоқ тезда Рамазонгача бўлган кўламга қайтиб олади.

“Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси қошидаги “Шаробсавдо” тизимининг Қашқадарё вилоятидаги 4 базасидан бири вакилининг айтишича, Рамазонга тўғри келган июль ойида маҳсулот сотишга оид юқори ташкилотдан туширилган топшириқ бажарилган.

- Июль ойида 921 000 000 сўмлик ароқ-вино сотдик. Худога шукур, планни бажардик, деди ташкилот вакили.

Унинг айтишича, шу кунларда спиртли ичимликлар савдоси қизғин.

“Шаробсавдо” тизимининг Тошкент вилоятидаги шаҳобчаларидан бири билан ҳам боғландик. Шаҳобча вакилининг айтишича, Рамазонга тўғри келган июль ойида у ишлайдиган корхона “1 188 000 000 сўмлик спиртли ичимлик сотган”.

Тошкент шаҳрида спиртли ичимликлар сотиш билан шуғулланувчи ихтисослашган чакана савдо дўконлари бор корхона вакилининг айтишича, Рамазон кунлари деярли савдо бўлмаган.

- Чунки рўза пайтида тўйлар тўхтаб қолади. Шунинг учун савдо ҳам деярли тўхтаб қолади. Рўза тугаши билан тўйлар ҳам бошланади ва савдомиз юришиб кетади, деди корхона вакили.

Унинг айтишича, спиртли ичимликлар савдоси кўлами декабрда энг катта бўлади, сабаби – Янги Йил байрами.

“International Wine & Spirit Research” тадқиқот марказининг ўтган йилги ҳисоботида Ўзбекистон ароқни энг кўп истеъмол қилувчи 10 давлат рўйхатидан жой олган эди.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда 2012 йили ҳаммаси бўлиб 0,1 миллиард литр ароқ ичилган ва киши бошига 4,4 литр ичкилик тўғри келган.

Дунё бўйлаб эса, Ер юзи аҳолиси 4,44 миллиард литр ароқ ичган.

Ароқ истеъмоли ҳажми бўйича Россия дунёдаги биринчи ўринни эгаллаб тургани ҳисоботдан маълум бўлади. Бу мамлакатда 2012 йили қарийб 2 миллиард литр ароқ ичилган бўлиб, жон бошига 13,9 литрдан тўғри келган.

Россиядан кейинги ўринни АҚШ эгаллаган. Бу мамлакатда ўтган йили 0,6 миллиард литр ароқ ичилган.

Учинчи ўринда Украина. Украинлар бир йилда 0,4 млрд литр ароқ ичган ва жон бошига 7,7 литр ичкилик тўғри келган.

Белорусларнинг умумий истеъмоли украинларникидан озроқ – 0,1 млрд литр, бироқ жон бошига ҳисоблаганда кўпроқ: 11,3 литр.

Қозоғистонликлар ўзбекистонлик қўшниларига қараганда ароқни бироз кўп ичиши маълум бўлди. Бу мамлакатда ўтган йили ҳаммаси бўлиб 0,1 млрд литр ароқ ичилган ва жон бошига 5,9 литрдан тўғри келган.

“Ароқхўр мамлакатлар” ўнлиги рўйхатининг пастки поғоналаридан Буюк Британия (жон бошига 1,3 литр) ва Германия (0,9 л.) жой олган.

Шуни айтиш лозимки, ўқиганларингиз ҳисоботнинг фақат АРОҚқа оид қисмидир. Бошқа ичкиликлар бўйича ҳам алоҳида ҳисоботлар борки, уларда Ўзбекистон рўйхатнинг юқорисидан жой олган эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон аҳоли жон бошига йилига 2,1 дан 4,6 литргача алкоголли ичимлик истеъмол қилувчи давлатлар қаторидан жой олган.

Қиёслаш учун: Россия жон бошига 13,66 дан 21,5 литргача алкоголли ичимлик истеъмол қилувчилар рўйхатида.

XS
SM
MD
LG