Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:22

Қирғизистоннинг 83 фуқароси миллионер эканини тан олди


Қирғизистонда солиқ декларацияси топшириш якунланиши ортидан, мамлакатда 83 миллионер борлиги аниқланди. Уларнинг асосий қисми Бишкекда яшар экан. Ўш ва Жалолободда эса фақат уч нафар одам ўзининг миллионер эканини тан олган.

Қирғизистон Солиқ хизмати расмийси Эркин Сазиков жорий йилда ўн минг тадбиркор ўз мулки ҳақидаги маълумотларни солиқ декларацияси тўлдириш орқали жамоатчиликка ошкор этгани, улардан 83 нафари миллионер эканини тан олгани ҳақида айтиб берди:

- Республика бўйича 83 одам мулки ва даромади 45 миллион сўмдан ортиқ эканини тан олди. Улар бойлигининг бир фоизи, яъни 450 минг сўм миқдорида қўшимча солиқ тўлашади. Миллионерларнинг 80 нафари Чуй ва Бишкекда, уч нафари эса Ўш ва Жалолободда яшайди, - деди Эркин Сазиков.

Мулк ва даромадларни қонунийлаштириш жараёни ўтган йилнинг июлида бошланган. Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, солиқ декларациясини топширган ҳар бир шахс ўз мулки ва даромадининг миқдорини ўзи белгилайди ва бу маълумотларни ҳукумат тузилмалари текшириш ҳуқуқига эга эмас.

Адлия вазирлиги расмийси Марипа Сейдалиеванинг айтишича, миллионерларнинг ким экани сир сақланади:

-Уларнинг ким экани айтилмайди. Қонунчиликка биноан уларнинг исми сир сақланади. Декларация топширган одам давлат амалдорими ёки пенсионерми, биз билмаймиз. Нотариуслар солиқ декларациясида фуқаронинг исми ва мулки ҳақидаги маълумотларнигина қайд этади, -деди Марипа Сейдалиева.

Бироқ мутахасислар Қирғизистонда 83 миллионер бор, деган маълумотни шубҳа остига оладилар. Мутахасислар фикрича, Қирғизистонда мол-мулки 10 миллион доллардан ошган юздан ортиқ одам яшайди. Уларнинг асосий қисми давлат амалдорларидир.

“Деньги и власть” газетасининг муҳаррири Турат Акимов Қирғизистондаги бойларнинг кўпчилиги давлат амалдорларидир ва улар солиқ тўлашдан бўйин товлаб келади, деб ҳисоблайди:

-Қирғизистонда мулкни очиқ – ойдин кўрсатиш жуда қийин, негаки бу бойлик қаердан келганини исботлаш керак бўлади. Миллионерларнинг ҳаммаси давлат амалдорлари, лавозимларда ишлаб юриб бойиган одамлар. Улар солиқ тўламаслик учун мол-мулкларини қариндошлари номларига расмийлаштиришади. Давлат амалдорининг бойлиги қанча эканини аниқ билиш учун унинг барча қариндошларини текшриб чиқиш лозим бўлади, -деди Турат Акимов.

Қирғизистон матбуотининг турли манбаларга таяниб эълон қилган рейтингларига ишониладиган бўлса, собиқ Бош вазир Ўмурбек Бабанов 1,3 миллиард доллар бойлиги билан мамлакатнинг энг бой одами ҳисобланади. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев эса ўзининг бойлиги 10 миллион доллар эканини айтган эди.

XS
SM
MD
LG