Тошкент шаҳридаги “Мирҳосил” автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида 14 август куни эрталаб ГАЗ-24 автомобили ёниб кетди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, одамлар ёниб турган машинани бензин қуйиш аппарати олдидан итариб узоқлаштиришга ҳаракат қилган. Автомобилнинг ёнишига унинг мотор қисмидаги қисқа туташув сабаб бўлгани айтилди.
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Мирҳосил” автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида 14 август куни эрталаб Газ-24 автомобили ёниб кетди.
Воқеага гувоҳ бўлган Озодлик манбасига кўра, автомобиль мотор қисмидан ёна бошлаган:
“Мен ҳам бензин қуйиш учун заправкага кирган эдим. Нариги колонкага ГАЗ-24 келиб тўхтади. Шофер моторни ўчирмасдан турганди. Бирданига мотор қисми ёна бошлади. Ҳай-ҳуй, бақир-чақир бошланди. Олов бирпасдан мошинани қамраб ола бошлади. Кейин кўпчилик билан бензин қуйиладиган аппаратдан узоқроққа итариб чиқаришга ҳаракат қилдик", деди манба.
Унинг айтишича, автомобилда газ баллони ҳам бўлган, бироқ у бўш бўлгани учун портламаган.
Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими ёнғин қисқа муддатда ўчирилганини айтар экан, ҳеч ким жароҳатланмаганини таъкидлади:
- Худога шукр, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. Олов машинанинг электр симлари қисқа тўқнашувидан келиб чиққан. Шохобчага ҳам катта зарар етмади, - деди мулозим.
Сўнгги бир йил мобайнида Ўзбекистонда ёнғин чиққан автомобилларнинг портлаши оқибатида кўплаб одам жабрланди.
10 июль куни Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида пропан гази ортилган КамАЗ юк машинаси портлаб кетиб, икки киши нобуд бўлди.
16 май куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги ёнилғи қуйиш шоҳобчасида "Жигули" машинаси портлаб кетгани оқибатида машина ҳайдовчиси жароҳат олди.
7 апрель куни Андижон шаҳрида метан газ баллони ўрнатилган Нексия автомобили портлаши оқибатида икки одам жароҳат олди.
26 октябрь куни Тошкентнинг Қўйлиқ буюм бозорида Нексия автомобилига ўрнатилган метан газ баллони портлаши оқибатида икки одам ҳалок бўлди, олти одам жароҳатланди.