Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:27

Ҳиндистонлик вазир 250 ҳинд Ўзбекистонда қул қилинганини даъво қилмоқда


Ҳиндистоннинг Андҳра-Прадеш штати Ахборот вазири мамлакатнинг 250 фуқароси олти ой аввал Ўзбекистонга алдаб олиб борилиб, қурилишда қул қилиб ишлатилганини даъво қилмоқда. Ҳозирча бу фуқаролар қандай қилиб Ўзбекистонга боргани ва уларни қайси ширкат ёллагани ошкор қилинмади. Ҳиндистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бу юзадан суриштирув бошлаган.

Ҳиндистоннинг Андҳра-Прадеш штати Ахборот вазири Палле Рагхуната Редди "NDTV" телеканали билан суҳбатда ҳиндистонлик ишчилар ойига 60 минг рупий (қарийб, 700 АҚШ доллари) миқдорида маош ваъдаси билан Ўзбекистонга келтирилгани, кейин эса уларнинг паспортлари олиб қўйилиб, кунига 16 соатдан қул қилиб ишлатилганини даъво қилди.

“Ишчилар ертўлаларда сувсиз, овқатсиз мажбурлаб ушлаб турилган”, - деди вазир жаноблари "NDTV" телеканали билан суҳбатда.

Андҳра-Прадеш штати Ахборот вазири ҳиндистонлик ишчилардан бири билан шахсан суҳбатлашганини ҳам айтди ва суҳбат чоғида ишчи маҳаллий мухандислардан бири уларни калтаклаганини ҳам даъво қилганини қўшимча қилди.

Озодлик мухбири бу ҳақда тўлиқроқ маълумот олиш учун Андҳра-Прадеш штати Ахборот вазирлигига қўнғироқ қилди.

Вазирликнинг ахборот хизмати ходими Дана Кишор ҳозир бу ишчиларнинг Ўзбекистонга бориб қолгани ва у ерда эксплуатация қилинганига оид иддаолар бўйича суриштирув бошланганини айтди.

– Биз бу юзадан Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат этиб ишчиларимизни қулликдан қутқариш, уларга тиббий ёрдам бериш ва зудликда, Ҳиндистонга келишларига ёрдам беришни сўрадик, - деди Дана Кишор.

Ҳиндистонлик ишчилар Ўзбекистонга қандай борган ва уларни қайси ширкат ёллаган, айни пайтда ишчилар қаерда ва қай аҳволда яшамоқда, каби саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.

Андҳра-Прадеш штати Ахборот вазирлиги расмийси бу саволларга жавоб топиш учун Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига қўнғироқ қилишни тавсия қилди.

- Биз ҳам улардан бу ҳақда жавоб кутяпмиз, - деди ҳиндистонлик расмий.

Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихонаси эса ҳинд қурувчиларининг тақдири борасида журналистларга ҳеч қандай изоҳ бермади.

Озодлик мухбири бу юзадан Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига бир неча марта мурожаат қилди.

Телефон гўшагини кўтарган элчихона ходими: “Ҳозир ҳамма банд, эртага Ҳиндистонда Мустақиллик куни. Шунга тайёрланишяпти”, деб жавоб қилди.

"NDTV" телеканали ҳиндистонлик ишчилар Ўзбекистонга Ҳайдарободдаги Placewell HRD Consultants ширкати томонидан юборилгани ҳақда хабар қилди.

Ҳозирча айни ширкатдан изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Аммо, Озодликда Ўзбекистонда қул қилиб ишлатилган даъво қилинган ҳиндистонлик 250 ишчи тақдирига оид маълумотларни йиғишда давом этмоқда.

Янгиликларни Озодликда кузатиб боринг!

XS
SM
MD
LG