Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:45

Кўнгилочар газеталар пенсияга қўшиб сотиляпти


Газета киоскаларида ўтмай қолган кўнгилочар газеталар пенсионерларга ўтказиляпти
Газета киоскаларида ўтмай қолган кўнгилочар газеталар пенсионерларга ўтказиляпти

Тошкент вилоятида қария ва ногиронларнинг пенсияларига кўнгилочар газеталар мажбуран қўшиб сотиляпти. Қибрайлик пенсионерларнинг шикоятига кўра, оиладаги тўрт пенсионер ҳам пенсия олаётганда айнан бир хил газетани сотиб олишга мажбурланган.

Қибрайлик қарияларнинг Озодликка айтишича, “Diyor”, “Shifo Info” каби кўнгилочар газеталарнинг бир неча ҳафталик эскирган сонлари пенсияга қўшиб сотилган.

Пенсионерлар “бу газета менга керак эмас, пенсиямни тўлиқ қилиб бер” деган эътирозлари ҳам почта бўлимлари ходимлари томонидан инобатга олинмаган.

Суҳбатдошимиз қибрайлик пенсионернинг уйида тўрт киши пенсия олади. Унинг айтишича, тўрт пенсионернинг нафақасига ҳам айнан бир хил газета қўшиб сотилган:

- Бизнинг уйда тўрт киши ногиронлик ва қарилик пенсияларини олади. Ҳаммамизга шунақа бир хил газета қўшиб беради. Бунинг устига бир-икки ҳафталик эскирган газеталар. 1500-1800 сўмдан ушлаб қолишяпти. Ахир ногирон газета ўқий олмаса, 80 ёшга кирган қарияга эса шоу бизнес олами нима керак? Бунинг устига бу газеталарда кроссворду телепрограммалар ва бемаза мақолалардан бошқа ҳеч нарса йўқ,- деди қибрайлик пенсионер.

“Тошкент почтаси” ширкатининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда почта бўлимларида газета тарқатиш тартиби жорий қилинганини айтиб, айни пайтда пенсияга газета қўшиб бериш мажбурий эмаслигини таъкидлади:

"Бизларга ҳам “Ўзбекистон почтаси” бирлашмамиздан айтишади, тепадан айтишади. Айниқса, “Халқ сўзи”, “Народное слово” каби ҳукумат газеталарини пенсия ва нафақаларга қўшиб сотишга мажбур қилишади. Кўнгилочар газеталарни сотиб олиш эса пенсионерларга ихтиёрий. Улар ҳаққини талаб қилиб кўнгилочар газеталарни сотиб олмаса бўлади", деди почта мулозими.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида истиқомат қиладиган Ғофиржон отанинг айтишича, пенсионерлар нафақасига ҳеч қаерда ўтмай қолган газеталарни қўшиб сотиш одатга айланган:

- Бу биргина Қибрай туманида эмас, балки Тошкент вилоятининг барча туманларида ҳам шу аҳвол. Почталарга мажбур қилишяпти, шу газеталарни ўтказиб бергин деб. Бу ҳолатни русчалаб “панибратства” дейди. Яъни ҳукуматдагиларнинг бир-бирини қўллаши. Оддий халқ эса дардини ҳеч кимга айтолмайди. Шунинг учун пенсионерлар шу минг сўмни бир гадойга ҳам бераманку деб ташлаб кетаверишади. Демак, буларнинг ўзи гадой бўлиб қолган. Бўлмаса пенсионердан шу йўл билан пул ундирармиди?,- деди Ғофиржон ота.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам пенсионерларнинг нафақасига кўнгилочар газеталарни қўшиб сотиш ҳолатлари кузатилади.

Ўзбекистонда бундан ташқари ҳар йили пенсионер ва нафақахўрларнинг ҳукумат газеталарига мажбурий обуна қилиш ҳолатлари кўп кузатилади.

Озодлик давлатга қарашли ҳар бир ташкилотнинг нашрига ишчи-хизматчи ва пенсионерлар мажбурий тарзда обуна қилинаётгани ҳақида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG