Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:00

Фарғонада президентга ёқмаган кўчалар қайта қуриляпти


Фарғона шаҳрининг реконструкция бўлган кўчалари президент Каримовнинг ташрифидан сўнг яна қайта қуриляпти. Фарғоналик манбаларга кўра, бузилиб янги қурилган дўконлар яна бузиляпти, маҳалла раислари ҳар бир уйнинг дарвозасига миллий нақш солиш учун хонадон эгаларини яна чиқим қилишга мажбурлаяпти.

Фарғона шаҳрини ободонлаштириш давлат дастурига кўра, кўчалар кенгайтирилиб, кўз тушадиган жойлар бўяб, бежалди.

Аммо Фарғона шаҳар ҳокимлигидаги Озодлик манбасига кўра, бу безаклар жорий йилнинг 26 июнь куни Фарғонага ташриф буюрган президент Ислом Каримовга ёқмаган.

Президентнинг танқидини "бош устига" деб қабул қилган маҳаллий ҳокимият яна кўчаларни қайта қуришга киришиб кетди.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевнинг Озодликка айтишича, янги қурилган бир қанча дўконлар бузиб ташланди:

- Масалан икки йил олдин бозор атрофини ўраган дўконларга кредит берилиб, улар икки қаватли ва капиталний қилиб қайтадан қурилган эди. Энди эса ўша кредити ҳали узилмаган дўконларни ҳам бузишяпти. Текстил томонга кетадиган кўчада ҳам шу аҳвол. У ерда икки қаватли қилиб дўконларни қуришган эди. Энди эса ўшалар бузилиб ичкарироққа олиниши керак экан,- деди Абдусалом Эргашев.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, шаҳар реконструкциясига ажратилган маблағ сарфлаб бўлингани боис янги қайта қуришларнинг харажати яна маҳаллий тадбиркорларнинг зиммасига тушмоқда.

Президентга ёқмаганлиги учун бошланган қайта қуришлар йўл четида жойлашган хонадон эгаларига ҳам янги ташвишлар келтирмоқда.

Фарғона шаҳридаги Ифтихор-1 маҳалласида истиқомат қиладиган Озодлик манбасига кўра, маҳалла раислари хонадонлар дарвозаларига “миллийлик туси” бериб, президентга ёқишга зўр бериб ҳаракат қилмоқда:

Фарғона шаҳрининг асосий Аэропортга кетадиган кўчаси қайта қуриб битирилгандан сўнг мамлакат президентига ёқмади. Бошларини қайси деворга уришни билмай қолган масъул шахслар яна индамас халқни эзишга ўтишди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Турғунова Сабохон 1-Ифтихор маҳалласидан янги ҳийла ўйлаб топди. Эмишки, маҳаллада миллийлик етишмаётганмиш. Шунинг учун хамма уй эгалари ўз дарвозаларига темирдан эгилган нақшли фигураларни у киши топган фирмадан 16000 мингдан сотиб олиб пайвандлаши шарт экан. Шунда маҳаллага миллийлик туси берилиб, Президентга ёқармиш”, деб ёзади фарғоналик манба.

Исми сир қолишини сўраган Ифтихор маҳалласи фаолларидан бирининг айтишича, президент ташрифидан сўнг ҳокимият кўча бўйидаги ҳамма дарвоза ва уйларни бир хил рангда бўяш ва дарвозаларга бир хил нақш солиш ҳақида топшириқ берган:

“Қирққа яқин уйларни бошқатдан бошқа рангда оқлаб бўяттирдик. Дарвозаларни ҳам бир хил рангда бўяшди одамлар. Бундан ташқари дарвозаларга ҳар бири 16 минг сўм турадиган нақшлар олдиртирдик. Одамлар норозилик билдиришди, лекин энди кўпга келган тўй, қилмасак бўлмайди, деб айтдик”, деди маҳалла фаолларидан бири.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев 2011 йилнинг 22 ноябрь куни Фарғона вилояти халқ депутатлари Кенгашида ўтказган йиғилишида Фарғона шаҳрини реконструкция қилиш режасини бошлашга оид фармойиш берган эди.

Шаҳар реконструкцияси бошлангандан кейин Озодликка мурожаат қилган кўплаб фарғоналиклар шаҳарни ободонлаштириш баҳонасида амалга оширилган бузиш ва қуришлар оқибатида уйсиз ва дўконсиз қолганларидан шикоят қилган эдилар.

XS
SM
MD
LG