Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:46

Хорижда юрган водийлик 15 минг мардикор уйига қайтарилди


Йил бошидан буён Фарғона, Андижон ва Наманган вилояти бўйича тахминан 15 минг меҳнат муҳожири уйига қайтарилди. Озодлик манбаларига кўра, милиция бошчилигидаги махсус гуруҳ вакиллари уйма-уй юриб, хориждан қайтмаганларнинг яқинларига босим ўтказмоқда.

Биргина Фарғона шаҳри бўйича сўнгги уч ой ичида жами 334 нафар меҳнат муҳожири уйига қайтарилди.

Фарғона шаҳар ҳокимлигидаги манбага кўра, меҳнат муҳожирлари иш билан таъминлаш ваъдаси билан хориждан қайтарилаяпти.

Манбанинг айтишича, 19 август куни Фарғона шаҳрида хориждан қайтиб келган фуқароларга мўлжалланган бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилган:

“Бугун иш ярмаркаси ўтказдик. Ҳозирча қайтиб келган мардикорлардан 20-30таси бўш иш ўринларидан танлашди. Шаҳардаги идора ва ташкилотлар ушбу ярмаркада ўзларидаги бўш иш ўринларини таклиф қилишди”, деди манба.

Фарғона шаҳри марказидаги маҳаллалардан бирининг фаолига кўра, унинг маҳалласида сўнгги икки ойда Россиядан тўрт нафар меҳнат муҳожири қайтарилган:

“Ҳозирча фақат биттасини иш билан таъминладик. Электр идорасига техник бўлиб ишга жойлашди. Ҳозирги кунда муҳожирларни қайтариш асосий масала бўлиб қолган. Ҳар бир кўчада баёнлар қилиняпти, фуқаролар билан суҳбатлашаяпмиз. Ишлаяпмиз бу борада”, деди маҳалла фаоли.

Унинг айтишича, хорижда ишлаётганларни қайтариш учун милиция ходимлари бошчилигида бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ходимларидан иборат махсус гуруҳ ташкил қилинган:

“Меҳнат биржаси, Собес, мактаб, маҳалла ходимлари бор бу гуруҳда. Участка нозирлари биз билан бирга юришади. Ҳар бир оила билан гаплашаяпмиз. Ота-онаси ёки фарзандаларидан кафолат хати олаямиз”, деди Фарғона шаҳридаги маҳалла қўмитаси фаоли.

Озодликка мурожаат қилган хориждаги меҳнат муҳожирларига кўра, Ўзбекистондаги ота-оналари жарима билан қўрқитилаяпти.

Жумладан, Москвада ишлаётган фарғоналик меҳнат муҳожири “Уйга маҳаллаком билан участкавой келиб, ота-онамдан тилхат олишибди. Икки ой мухлат беришибди. Агар шу муддат ичида бормасам, штраф солишармиш”, дея ёзди Озодликка йўллаган мактубида.

Фарғона шаҳрида яшовчи манбага кўра, босим остида ортга қайтарилаётганларга таклиф қилинаётган ишларнинг маоши жуда кам.

“Лекин кўпчилик ота-онасига бўлаётган босимдан қўрқиб ортга қайтаяпти. Қайтганларнинг кўпчилиги ишсиз уйида ўтирибди”, деди фарғоналик суҳбатдош.

Муҳожирларни қайтариш тадбири нафақат Фарғонада, балки Андижон ва Наманган вилоятида ҳам амалга оширилаяпти.

Андижон вилоят ҳуқуқ-тартибот идорасидаги Озодлик манбасига кўра, йил бошидан буён хорижда ишлаётган 4823 нафар андижонлик уйига қайтарилган.

Бу рақамга Фарғона ва Наманган вилоятлари расмийларидан олинган рақамлар қўшиб ҳисоб-китоб қилинса, йил бошидан буён водийнинг уч вилоятидан тахминан 15 минг киши хориждан қайтарилган.

Хорижда ишлаётган андижонликка кўра, шу кунларда меҳнат муҳожирларини қайтариш бўйича тарғибот ишлари авж олган.

"Бизда, Қўрғонтепа туманида ҳали “усиленний” бўлгани йўқ. Лекин маҳалла оқсоқоллари ва участка нозирлари болаларингни Ўзбекистонга қайтаринглар деб, тарғибот қилиб юришибди экан. Менинг анча қарзим бор, шуни узишим керак. Лекин шундай бўлса ҳам ота-онам энди болам ишингни йиғиштириб келавер деяпти", дейди меҳнат муҳожири.

Бу тадбир Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг июль ойида Фарғона шаҳридаги мажлисда хориждагиларни Ўзбекистонга қайтариш ва уларни иш билан таъминлаш борасидаги топшириғидан сўнг бошланди.

Мажлисда иштирок этган Озодлик манбасига кўра, вазир: "Болаларни қайтаринглар ва иш билан таъминланглар!" деб кўрсатма берган.

Шундан сўнг водийнинг шаҳар ва туманларидан хорижга чиққан меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга қайтаришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари бошланди.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг бошқа вилояларида меҳнат муҳожирларини қайтариш тадбири бўлаётгани ҳақида Озодликда маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG