Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:20

Тадбиркор: "Чинни бозор" ёнғинида ОМОН атайлаб пулимизни олдирмади!"


Ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқларда "Чинни бозор" ёнган куни тарқалган сурат.
Ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқларда "Чинни бозор" ёнган куни тарқалган сурат.

Тошкент вилоятидаги "Чинни бозор"да ишлаган бир неча тадбиркор ёнғин бошида етиб келган ОМОНчилар уларнинг пул ва қимматбаҳо буюмларини сақлаб қолишига қаршилик қилгани, кейин эса бу мулк ўзлаштирилганини иддао қилмоқда. Озодлик билан суҳбатда бу тадбиркорлар "Чинни бозор" ва "Тахта бозор"лардаги ёнғинлар ана шу ниятда махсус уюштирилган, деб даъво қилди.

"Ёнғинда ҳукуматда ишлайдиган айрим шахслар моли қутқарилган"

"Чинни бозор" ва "Тахта бозор"даги ёнғинларда моли куйган тадбиркорлар уларга маълум умумий зарар миқдори 300 миллиард сўм атрофида эканини даъво қилмоқда.

Бу зарарнинг аксар қисми бозорда савдо қилувчи тужжорларнинг ёниб кетган мулки ва товар маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Озодлик мухбири билан суҳбатда "Чинни бозор"да моли куйган бир неча тадбиркор шу кунга қадар ёнғиндан кўрилган зарар бўйича тадбиркорлар билан далолатнома тузилмаётганидан арз қилди.

Бундан ташқари, қарийб бир вақтда ёниб кетган "Чинни бозор" ва "Тахта бозор"даги ёнғинлар сабабини аниқлашга масъул Зангиота тумани ҳокимлиги, ёнғин хизмати, солиқ ва бошқа манфаатдор идоралар ходимларидан иборат штаб тадбиркорлар арзини инобатга олмаётганидан шикоят бўлмоқда.

Шу боис, Озодликка мурожаат қилишга қарор қилганини айтган тадбиркорлар даъвосича, иккала бозордаги ёнғин ўртасида ўзаро боғлиқлик бор ва бу бозорлар қасддан ёқиб юборилган.

Исмини сир сақлаётган тадбиркорлар номидан Озодликка сўзлаган тошкентлик тужжор бундай хулосага сабаб кўрилган омилларни шундай баён қилди:

- Душанба куни, яъни 11 август куни бозорда дам олиш куни эди. Ўша куни ҳукуматда ишлайдиган бир неча шахснинг бозордаги дўконларидан товарлар олиб чиқиб кетилганини кўпчилик кўришган. “Камаз” машиналари билан олиб чиқиб кетилган товарлар ёнғиндан омон қолди, ва бу, биринчи исбот. Иккинчидан, ўша куни пожарныйдан олдин ОМОНчилар келишди ва ҳали бозорнинг ёниб улгурмаган қисмидан пуллар ва қимматбаҳо нарсаларни олиб чиқиб кетишига қаршилик кўрсатишди. Гўё, одамларга зарар етмасин, эмиш. Учинчидан, ўт ўчирувчи машиналар бозорнинг ёнаётган томони қолиб, маъмурият биноси жойлашган ҳудуддан кириб келишди. Ҳолбуки, бозор бунчалик зарар кўрмаслиги мумкин эди, - дея даъво қилди исмини ошкор қилмаган тадбиркор.

"Чинни бозор" собиқ раҳбари ҳисбга олинган

"Чинни бозор" Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Оқтепа” маъсулияти чекланган жамият, яъни "Тахта бозор"га қарашли савдо мажмуаларидан бири эди.

Унинг собиқ раҳбари Қобил Тошмуҳамедов ўтган йили узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва бозор иши бўйича терговлар ҳали ҳам якунига етмаган эди. Бундан ташқари, "Чинни бозор"да сўнгги бир йилдаги 200 миллиард сўмлик тушумлар давлат ғазнасига кирим қилинмагани ва ҳозирда прокуратура бу масалани ўрганаётгани маълум.

Тошкент вилояти прокуратураси томонидан “Чинни бозор” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Усажонов Ҳаким Шарипович Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 185-моддаси 2-қисми (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан айбланиб, 15 август куни қамоққа олинган.

Бозорқўм Тошкентдаги 64/1-сонли (Тоштурма) тергов изоляторида сақланмоқда, тергов ишига “Тошбозорсавдо” ширкатнинг бир қанча мулозимлари номи ҳам тиркалган.

Маълумотларга кўра, бозорқўмга тадбиркорлардан йиғилган патта тушумлари, солиқ ва бошқа турдаги мажбурий тўловлар билан боғлиқ рақамларни аниқлаштириш талаби қўйилган.

Шунингдек, жиноят иши материалларида якка тартибда савдо қилувчи шахсларнинг инкассациядан нақд пулларини яшириши ҳолатлари, савдо қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам текширилмоқда.

Тадбиркорларга “Бектўпи”, “Бешқўрғон”дан жой берилмоқда

Зангиота туманидаги “Чинни бозор”да якка тартибда савдо қилувчи тадбиркорларнинг 21 нафарига “Бектўпи” савдо мажмуасидан дўконлар берилди. Уларнинг яна 18 нафари “Бешқўрғон” савдо мажмуасидан расталар билан таъминланди.

"Тахта бозор"даги тадбиркорларга ҳам Зангиота тумани “Оқтепа” МЧЖ павильонларидан жой ажратиш масаласи кўрилмоқда.

Аммо, ёнғиндан зарар кўрган тадбиркорларга товон пули бериш, уларнинг кўрган зарарини компенсация қилиш борасида ҳозирча бирор маълумот йўқ.

"Бизларга бозорда ёнғин оқибатларини баратараф этиш бўйича тузилган махсус штаб 3 ойгача янги шартнома қилмасдан, ортиқча пул тўламасдан савдо фаолиятини юритишимизни ваъда қилишганди. Тошкентликлар эса "Бектўпи" ва "Бешқўрғон"да уларнинг ваъдаси ўтмаслиги, бу ерда янгидан шартнома тузиб, мажбурий тўловлар ва патта солиқларини тўлашимизни талаб қилишяпти. Товарларимизни компенсация қилишмаганига яраша ҳеч бўлмаса шу томондан эркинлик беришса бўларди”, дейди исмини сир сақлаган тадбиркорлардан бири.

Ёнғин товарлар чакана нархига таъсир қилгани йўқ

12 ва 18 августида пойтахт вилоятининг "Чинни бозор" ва "Тахта бозор"ларида содир бўлган ёнғин бозорда сотилаётган шу турдаги маҳсулотларнинг чакана ва улугуржи нархларига таъсир қилгани йўқ.

Тадбиркорларга кўра, ёнғинлар туфайли келтирилган зарар катта бўлиши мумкин, аммо улар бозордаги нархларни силжитиш, ўзгартиришга кифоя қилмайди.

Масалан, 18 августдан аввал бир куб тахтанинг нархи 800 минг сўмдан 920 минг сўмгача эди, ҳозирги кунда ҳам худди шу нарх сақланиб қолган. "Чинни бозор"даги халқ истеъмоли товарларининг чакана нархларида ҳам ўзгаришлар йўқ.

“Чинни бозор" ва "Тахта бозор"даги ёнғинлар ўзаро рақобатга ҳам, товар тиқчиллиги-ю, ҳатто нархларга ҳам таъсир қилгани йўқ. Айниқса, "Тахта бозор", бу ерда катта бир бозорнинг 4/1 павильонидаги “Helping realizatsion” деган фирмага қарашли тахтанинг ярми ёнди, холос. Бу денгиздан томчидай, холос. "Чинни бозор"да ҳам деярли шундай. Аммо, гап уларнинг, яъни ёнғинларнинг сабаби хусусида бораётган экан, бу жиддий гапдир. Бу кетишда бозорлар масаласида ҳақиқатан ҳам муаммо юзага келиши мумкин”, дейди "Чинни бозор"да савдо қилган Ойбек Олимов исмли тадбиркор.

Эслатиб ўтамиз, "Чинни бозор"да 2014 йилнинг 12 август куни рўй берган ёнғин оқибатида 160 дан ортиқ дўкон ёниб кул бўлган.

18 августда Зангиота тумани “Оқтепа” мажмуасининг павильонларидан биридаги “Helping realizatsion” МЧЖга қарашли ёғоч-тахталар ёниб кетган.

"Ҳукумат комиссияси қисқа туташувни сабаб деб билаяпти"

Тошкент вилояти прокуратураси "Чинни бозор" ва "Тахта бозор"ларида содир бўлган ёнғинга электр токи тармоғидаги қисқа туташув сабаб бўлган, деган хулосага келган.

Озодлик манбасига кўра, “Ўзбекэнерго”, Тошкент шаҳар электр тармоқлари, “Тошшаҳарнур” ширкати ва Тошкент вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мутахассилари экспертиза хулосасига шу тахмин асос қилиб олинган.

Айни кунларда ҳар икки бозорда содир бўлган ёнғин сабаблари Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.

XS
SM
MD
LG