Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:02

МХХнинг 12 ходими судланиб, Бекобод турмасига юборилди


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг 12 нафар собиқ ходими ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилингани иддао қилинмоқда. Норасмий манбалар собиқ МХХчилар Тошкент вилояти Бекобод туманида хавфсизлик идоралари собиқ ходимлари сақланадиган қаттиқ тартибдаги 64/21-сонли жазони ижро этиш муассасасига юборилганини айтмоқда.

"Собиқ МХХчилардан Бекобод турмасида ўч олишлари мумкин"

Озодликка боғланаётган норасмий манбалар Ўзбекистон МХХ ходимларидан 12 нафари судга тортилиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинганини айтмоқда.

Норасмий манбалардан олинган маълумотларда судланганлар МХХ раиси ўринбосари, генерал Ҳаëт Шарифхўжаевнинг укаси Жавдат Шарифхўжаев қўлида ишлаган ходимлар экани иддао қилинди.

Ҳозирча расмий тасдиғини топмаган бу иддаоларни Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларида ишлайдиган бир-биридан мустақил иккита манбаси тасдиқлади. Фақат манбалардан бири қамалганларнинг сонини 12 нафар, яна бир эса 14 нафар, демоқда.

Манбалардан олинган маълумотларга кўра, судланган МХХчилар Тошкент вилояти Бекобод туманидаги Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суд-прокуратура органлари собиқ ходимлари сақланадиган қаттиқ тартибдаги 64/21-сонли жазони ижро этиш муассасаси ҳамда Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги қаттиқ режимли қамоқхонага юборилган.

Шунингдек Озодлик манбаси иддаосига кўра, Навоий қамоқхонасида собиқ МХХчилар таҳқирланган - колония маъмурлари талаби билан яланғоч қилиб ерга ëтқизилган ва судралган.

Хусусан, Бекободдаги қамоқхонага ташланган собиқ милиционер, терговчи, судья ва прокурорлар, одатан айнан МХХ тизимлари томонидан қўлга олиниши ва жазога тортилиши кузатилади.

Шу боис, Бекободдаги турмага йўллангани иддао қилинган собиқ МХХчилар ҳам жазо ўташ чоғида, улардан жабр кўрган маҳкумлар тарафидан тахқирланиши ва шафқатсизлик қурбони бўлиши эҳтимоли маҳкумларнинг яқинларини даҳшатга солаётгани айтилди.

Озодлик норасмий манбалар томонидан илгари сурилган бу иддаолар юзасидан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурасидан изоҳ олишга уринди, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.

"Бекободда МХХ ходимларини “Палач” кутмоқда"

Озодлик мухбири узоқ муддатли қамоқ жазосини Бекобод қамоғида ўташга маҳкум қилингани айтилган МХХ собиқ ходимларининг яқинларини даҳшатга солган омилларни ўрганишга уринди.

Бекободдаги 64/21-сонли қамоқхонада маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабат кўлами ҳақидаги ҳисоботларни ўз манбаларига таянган Париждаги "Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" раҳбари Надежда Отаева шундай баён қилди:

- Қамалган МХХ ходимларининг яқинлари Бекободдаги 64/21-сонли қамоқхонада мавжуд шафқатсизлик кўламини яхши билади. Бекободдаги колония МХХ тарафидан мутлақо назорат қилинадиган маскан. МХХ ходимлари у ерда нафақат озодликдан маҳрум бўлишади, балки бошқа маҳбуслар томонидан қасд олиш, таъзирини бериб қўйиш каби шафқатсизлик билан юзма-юз бўлишади. Биз гаплашган гувоҳларнинг айтишича, бу колонияда “Палач” лақабли қамоқхона жаллоди Нозим Ж. (Тўлиқ исми-фамилияси ошкор қилинмаяпти - таҳр.) маҳкумларни шафқатсиз равишда қийнаши ҳақида бизда маълумотлар бор. “Палач” калтагидан умрбод майиб бўлган ўнлаб маҳкумлар иқрорномаси ҳам бизга етиб келган, дейди "Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" раҳбари Надежда Отаева.

МХХ ходимларини Бекобод қамоғида кутаëтган “палач” ҳақидаги маълумот ва фотосурат ҳам Озодлик тасарруфига етиб келди.

​Озодликка етиб келган норасмий маълумотларда иддао қилинишича, 50 яшар Нозим Ж. Ўзбекистоннинг биринчи рақамли жаллоди сифатида ном чиқарган.

"Нозим Бухарский замонавий жаллод"

Жиноят оламида Нозим Бухарский, маҳкумлар орасида эса “Палач”, “Лохмач” деб ном чиқарган бу шахснинг Бухорода туғилгани айтилади.

Нозим. Ж МХХ буйруғига кўра, Бекободдаги колонияда маҳкумларни шафқатсиз қийнаш билан шуғулланиши ҳақида шикоят ва ҳужжатлар "Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси"да мавжудлиги ҳам айтилди.

Озодлик бу иддаоларни ҳам бошқа бирор расмий ёхуд норасмий манбалар орқали тасдиқлатишга муваффақ бўлмади.

МХХда "жиддий тозалашлар”кетмоқда

Хавфсизлик хизмати ходимларининг қамалганини иддао қилган норасмий манбаларга кўра, МХХда "жиддий тозалашлар кетмоқда".

Озодликка исми сир қолиши шарти билан маълумот берган Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимларидаги манбанинг иддао қилишича, МХХнинг Озодликдан маҳрум қилинган 12 ходими Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидаги энг ëш генерал Ҳаëт Шарифхўжаевнинг укаси Жавдат Шарифхўжаев бошчилик қилган гуруҳнинг аъзоларидир.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин яна бир манба эса МХХ раиси ўринбосари, генерал Ҳаëт Шарифхўжаев укаси Жавдат Шарифхўжаевнинг ўзи айни дамда "ишдан бўшатилгани ва тергов қилинаëтгани"ни иддао қилмоқда.

МХХнинг Терроризмга қарши кураш бошқармасида ишлагани айтилган Жавдат Шарифхўжаевнинг “ишдан қувилгани" ҳақидаги маълумот яқиндагина Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова томонидан сиздирилган, дея иддао қилинган мактубда ҳам келтирилган эди.

Бу мактуб шу йил июль ойида “The Russian times” Интернет нашрида ўзини Асқар Қосимов деб атаган блоггер томонидан чоп этилган “Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг ҳаëти ва саломатлиги хавф остида” номли мақолага илова қилинган.

Мактубда иддао қилинишича, президент рафиқаси Татьяна Каримовага содиқ бўлган МХХдаги бу шахслар, гўёки президент Ислом Каримовни алдаш учун, "хўжакўрсинга" ҳибсга олиниб, кейин қўйиб юборилган ва ўз лавозимларига қайтарилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова айни маълумотни ўтган йил охирида Twitter микроблогидаги саҳифасида ҳам ёзган эди.

Кейинчалик бу маълумотлар расмий тасдиғини топмаган бўлса-да, орадан 7 ой ўтгач, бошқа мустақил манбалар томонидан яна тилга олинмоқда ва бу гал Жавдат Шарифхўжаевнинг ишдан ҳайдалганию, унинг қўлида ишлаган 12 ходим судланиб, Бекободдаги колонияда шафқатсиз “Палач” қўлига топширилгани иддао қилинмоқда.

Ҳозирча Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидан ҳам, Жазони ўташ Бош бошқармасидан бу маҳкумлар ҳақида бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG