Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:24

Избосканда юмалоқ муҳрга ҳоким рухсати талаб қилиняпти


Ўзбекистон паспортидаги юмалоқ муҳр
Ўзбекистон паспортидаги юмалоқ муҳр

Андижон вилоятининг Избоскан туманидан хорижга чиқмоқчи бўлган фуқароларнинг паспортига юмалоқ муҳр босиш учун ҳокимнинг рухсати талаб қилиняпти. Бу ҳақда Озодликка хабар берган манбаларга кўра, меҳнат муҳожирлари хорижда расмий иши борлиги ҳақидаги ҳужжатларни тақдим қилса ҳам уларга мамлакатдан чиқишга рухсат берилмаяпти.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида хорижга чиқмоқчи бўлган фуқаролар паспортига юмалоқ муҳр босилмаяпти.

Избоскан туман ИИБ паспорт бўлими ходимлари паспортига юмалоқ муҳр бостирмоқчи бўлган фуқароларни туман ҳокимлигидан ёзма рухсат олиб келиш учун юбормоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган избосканлик манбага кўра, ҳоким ўринбосари ҳеч кимга юмалоқ муҳр учун рухсат бермаяпти:

“Бизни ҳокимнинг муовини қабул қилди. Рухсат йўқ, бор йўқол, чиқиб кет, печать босилмайди, деди. Шу ердан иш топ деди. Кейин милисахонга бордим, у яна ҳокимга бор деди. Ҳаммани сарсон қилиб юришибди”, деди хорижга кетмоқчи бўлган манба.

Суҳбатдошнинг айтишича, хорижга чиқмоқчи бўлганлар талаб қилинган ҳужжатларни тақдим қилган бўлса ҳам инобатга олинмаяпти:

“Бизга милициядан айтишгандики, уч хил ҳужжат қилиб келасан. Маҳалла оқсоқолидан, участкавойдан рухсат ва Россияда сенинг расмий ишинг борлиги ҳақидаги ҳужжат керак, дейишган. Мен Россиядаги ишхонам билан боғланиб, электрон почта орқали олган расмий ишим борлиги ҳақида ҳужжатни ҳам кўрсатдим. Лекин ҳеч нарсага қарамасдан категорический отказ қилишяпти", деди манба.

Ҳокимдан рухсат олиш учун келган бошқа бир избосканликнинг айтишича, ундан ҳатто шифокордан тиббий маълумотнома талаб қилишган:

“Мен ҳатто соғлиғим жойида эканлиги ҳақида справка ҳам олиб келдим. Россияда ҳар ойда минг доллар оладиган яхши ишим бор эди, уйга келиб паспортимни янгиладим. Энди эса ишимга кетолмаяпман. Юмалоқ муҳр босишмаяпти”, деди избосканлик йигит.

Избоскан туман ҳокимлигида ишлайдиган манбанинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, меҳнат муҳожирларини ташқарига чиқармаслик ҳақида қатъий кўрсатма бўлган:

"Ҳа, хорижга ишлагани чиқмоқчи бўлганларни тўхтатиш ҳақида қатъий кўрсатма бўлган. Болаларингни қайтаринглар, деган тарғибот-ташвиқот ишлари авжида. Қизиқ ишлар бўляпти. Аслида юмалоқ муҳрни милиция босиши керак. Лекин у ҳокимга рухсат олиб келиш учун юборяпти. Ҳоким эса бу вазифани ўринбосарига юклаб қўйган. Ўринбосар эса рухсат сўраб келганларни бир четдан қайтаряпти", деди манба.

Избосканликларнинг иддаосича, милиция ходимлари паспортга юмалоқ муҳр босиш жараёнини коррупциялаштирмоқда:

“Мелисахонада юрадиган болалар бор. Ўшалар 250 доллар берсанг, печать урдириб бераман деяпти", дейди избосканлик.

Ўзбекистонда фуқароларни меҳнат муҳожирлигига чиқармаслик борасидаги расмий тадбирлар бошқа вилоятларга ҳам ёйилмоқда.

Жумладан, бухоролик Озодлик манбасининг ёзишича, хориждаги ўзбекистонликларни қайтариш ҳақидаги тарғибот ишлари бошланган:

“Mahalla faollari kuni kecha - 18-avgustda yig'ilib, Rossiyadagi ishchilarni 3 oy ichida O'zbekistonga qaytarish kerakligi borasida korsatma oliwibdi. Mabodo kelishmasa, umrbod owa yerda qopketiwarmish. Boshqa tazyiqlar haqida gap yo'q..”, деб ёзди шофирконлик манба. (Унинг ёзганлари таҳрирсиз эълон қилинди)

Йил бошидан буён Фарғона, Андижон ва Наманган вилояти бўйича тахминан 15 минг меҳнат муҳожири уйига қайтарилди.

Озодлик манбаларига кўра, милиция бошчилигидаги махсус гуруҳ вакиллари уйма-уй юриб, хориждан қайтмаганларнинг яқинларига босим ўтказмоқда.

Бу тадбир Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг июль ойида Фарғона шаҳридаги мажлисда хориждагиларни Ўзбекистонга қайтариш ва уларни иш билан таъминлаш борасидаги топшириғидан сўнг бошланди.

XS
SM
MD
LG