Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:06

Бухорода мардикорларни ватанга қайтариш масаласи муҳокама қилинди


Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари.
Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари.

Бухоро вилоятининг Ромитан туманида чет элга ишлашга кетган мардикорларни Ўзбекистонга қайтариш ва уларнинг пул жўнатмалари устидан назоратни кучайтириш бўйича тадбир ўтказилди.

Бухоро вилоят ҳокимлигидаги Озодлик манбаларига кўра, тадбир Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти вилоят бўлими тарафидан ташкил қилинган.

Тадбирда хорижга кетган меҳнат муҳожирларини уйига қайтариш бўйича ўтказилиши зарур бўлган кенг кўламли тадбирлар юзасидан тавсиялар берилган.

Чет элга кетаëтган меҳнат муҳожирлари оқимининг кўпайгани ва улар юбораëтган пул жўнатмаларининг назоратсизлиги тадбир қатнашчилари тарафидан салбий ҳолат, деб топилган.

Озодлик манбаларининг айтишича, йиғилишда мардикорлардан келаëтган пул жўнатмаларини назорат қилиш жараёнида прокурор назорати самарадорлигини ошириш ва ходимларнинг масъулиятини кучайтириш юзасидан қатъий талаблар қўйилган.

Тадбирда Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси¸ аëллар кенгаши¸ “Камолот” ëшлар уюшмаси ва маҳалла оқсоқоллари иштирок этгани ҳақида маҳаллий матбуот ҳабар тарқатди.

Кейинги икки ҳафта мобайнида Самарқанд, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида меҳнат муҳожирларини уйга қайтариш бўйича тадбирлар ўтказилгани ҳақида аввалроқ Озодлик қатор мақолалар эълон қилган эди.

Ўтган ҳафта Самарқанд вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ташаббуси билан хорижга кетган меҳнат муҳожирларини уйига қайтариш бўйича изчил ва кенг кўламли тадбирлар ўтказилганди.

Озодлик манбаларига кўра, Самарқанд вилоят ҳокими бедарак муҳожирлар оиласига ҳуқуқий ëрдам берувчи гуруҳлар ташкил қилган.

Йил бошидан буён Фарғона, Андижон ва Наманган вилояти бўйича тахминан 15 минг меҳнат муҳожири уйига қайтарилган.

Озодлик манбаларига кўра, милиция бошчилигидаги махсус гуруҳ вакиллари уйма-уй юриб, хориждан қайтмаганларнинг яқинларига босим ўтказмоқда.

Биргина Фарғона шаҳри бўйича сўнгги уч ой ичида жами 334 нафар меҳнат муҳожири уйига қайтарилгани ҳақида аввалроқ ёзган эдик.

Озодликка мурожаат қилган хориждаги меҳнат муҳожирларига кўра, уларнинг Ўзбекистондаги ота-оналари жарима билан қўрқитилаяпти.

Жумладан, Москвада ишлаётган фарғоналик меҳнат муҳожири: “Уйга маҳаллаком билан участкавой келиб, ота-онамдан тилхат олишибди. Икки ой муҳлат беришибди. Агар шу муддат ичида бормасам, штраф солишармиш”, дея ёзганди таҳририятимизга йўллаган мактубида.

Озодликка маълум бўлишича, муҳожирларни қайтариш тадбири нафақат Фарғонада, балки Андижон ва Наманган вилоятида ҳам амалга оширилаяпти.

Андижон вилоят ҳуқуқ-тартибот идорасидаги Озодлик манбасига кўра, йил бошидан буён хорижда ишлаётган 4823 нафар андижонлик уйига қайтарилган.

Хорижда ишлаётган андижонликка кўра, шу кунларда меҳнат муҳожирларини қайтариш бўйича тарғибот ишлари авж олган.

Бу тадбир Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг июль ойида Фарғона шаҳрида ўтказилган мажлисда хориждагиларни Ўзбекистонга қайтариш ва уларни иш билан таъминлаш борасидаги топшириғидан сўнг бошлангани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарë ва Қашқадарë вилоятларида ҳам меҳнат муҳожирларини ватанга қайтариш бўйича тадбирлар бошлангани ҳақида маълумотлар бор.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.

XS
SM
MD
LG