Фарғона вилояти Қувасой тумани марказида ҳовли ва боғлари бузилаётган хонадон эгалари Озодликка шикоят қилди. Фотосуратлар илова қилинган шикоят мактубига жавобан туман ҳокимлиги мутасаддилари ўнлаб сотих майдондаги боғ ва кўкаламзор ҳовлилар давлат режаси асосида бузилаётганини айтди.
Қувасой шаҳрининг Бош кўприк маҳалласида истиқомат қилувчи ўнга яқин хонадон эгаси номидан Озодликка келган шикоятда маҳалла аҳли йиллар давомида ўзлаштирган ва боғ, кўкаламзор ҳовлига айлантирган ташландиқ ердаги томорқалар бузилаётганидан норозилик билдирилди.
"Мустақиллигимизнинг 23 йиллик шодиёналаридан олдин шаҳарни янада обод қиламан, деган важ-карсонларни баҳона қилиб, Бош кўприк кўчасидаги ҳовлилар ўртасидан бульдозер солинди. Бу ҳаракатларнинг асл сабаби, Қувасой – Лоғон йўналишидаги қисқа йўл бўйида заҳирадаги ерларни танловда сотиш! Аҳоли тинчлигини бузиб, меваси пишмаган дарахтлар, кўкариб турган узумларни тагидан қўпориб, янги солинадиган участкалар учун йўл очмоқда. Шу хонадонларда яшовчи одамларни кўз ўнгида болалари ва неваралари учун экилган мева тупроқ билан қориштирилди", деб ёзилди маҳалла аҳли номидан йўллангани айтилган шикоят мактубида.
Унда иддао қилинишича, маҳалланинг 30 чоғли фаоли 23 август куни гузарда йиғилиб, норозилигини билдирган ва туман ҳокими Адҳам Зиёвуддиновдан уларнинг арзига қулоқ солишни талаб қилган, бироқ ҳоким норозилар йиғилган жойга бормаган.
Суратлар илова қилинган шикоят мактуби ортидан Озодлик мухбири боғланган қувасойликлардан бири 24 август куни Бош кўприк маҳалласига борди ва у ерда сўнгги бир неча кун ичида ўнга яқин хонадон ҳовлиси бузилганига гувоҳ бўлганини айтди.
"Мен бозор куни шахсан бориб кўрдим, одамларнинг ҳовлисини ўртасидан трактор солишибди. Кўм-кўк боғлар, экинзорлар, роса мевага кирган дарахтлар, узумзорлар пайҳон бўлиб ётибди, кўриб ачиниб кетдим. Мен гаплашган одамлар ҳокимият бузилаётган майдонда янги йўл қуришаётгани, бу йўл тушаётган майдон хонадон эгаларининг ери эканини айтишди", деди Озодлик сўрови билан воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганган манба.
Исмини ошкор қилмаётганимиз манбанинг аниқлашича, бундан 15-20 йиллар муқаддам Бош кўприк маҳалласи аҳли ўз ҳовлиси ва унинг этагидан оқиб ўтган зовур ўртасидаги қаровсиз майдонларни ўзлаштирган.
Айрим хонадонлар ўзлаштирилган ҳудудларни Қувасой шаҳар “Ермулккадастр” хизмати орқали ҳужжатлаштирган, айримлари эса ҳужжатлаштирмаган.
"Лекин ҳозир ҳужжати борниям, йўқниям ҳовлиси, боғлари, томорқаси бир чеккадан бузилаяпти экан. Одамлар шанба куни 30-40та бўлиб йиғилиб, норозилик қилиб тўпланибди. Ҳокимдан келишни талаб қилибди, лекин ҳоким келмаяптиям, тушунтирмаяптиям", деди Бош кўприк маҳалласига борган Озодлик манбаси.
Қувасой шаҳар ҳокимлиги бу шикоятга жавобан, Бош кўприк кўчасида бузилишлар бошлангани ва аҳоли томорқалари бузилаётганини тан олди.
Ҳокимликнинг исмини ошкор қилмаётганимиз расмийсига кўра, бузилаётган боғлар аҳоли ноқонуний равишда ўзлаштириб олган ер майдонларидир.
"Сизларга нотўғри ахборот беришган. Бош кўприкда одамлар ноқонуний равишда эккан боғлар бор экан. Ҳозир шулар бузилаяпти. Бу ерда бирорта ноқонуний ҳаракат бўлаётгани йўқ. Одамлар норозилик қилиб чиққаниям йўқ, бу ёлғон информация", деб таъкидлади ҳокимият расмийси.
Қувайсой шаҳар ҳокимлигининг Архитектура бўлими бошлиғи Ойбек Эшонов деб тақдим қилинган мутасаддидан бу масалада бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади. Худди шундай Бош кўприкдаги бузилишларга шахсан бошчилик қилаётган айтилган шаҳар ҳокими Адҳам Зиёвуддиновдан ҳам бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Аммо, ҳокимиятнинг Архитектра бўлими ходимларидан бири эканини айтган мулозим Бош кўприк маҳалласидаги бузилишлар Қувасой шаҳрини ободонлаштириш бўйича қабул қилинган давлат дастури асосида амалга оширилаётгани, тегишли ҳужжатларни исталган вақтда шикоятчиларга тақдим қилишга тайёрлигини таъкидлади.
Шу тариқа, Қувасой шаҳар маъмурияти қатъиян рад қилаётган Бош кўприк маҳалласидаги вазият бўйича 25 август куни Бош кўприк маҳалласига борган Озодлик манбасининг айтишича, душанба куни ҳоким иштирокидаги гуруҳ яна маҳаллага бориб, ҳовлиси бузилаётган аҳоли вакиллари билан учрашган.
"Ҳоким қаттиқроқ гапирибди шекилли, одамлар озгина қўрқиб ҳам қолгандай кўринди менга. Ҳаммаёқ шовқин-сурон, маҳаллада экскаватор, бульдозерлар юрибди. Ҳозир зовурнинг ичини ҳам тозалашаяпти экан", деди исмини ошкор қилмаётганимиз қувасойлик манба.
Озодлик Қувасой шаҳри марказида бораётган бузилиш ва қурилишга оид вазиятни кузатишда давом этади.
Янгиликларни Озодликда кузатинг!