Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:39

Хўжаободлик йигит исломий тўйга рухсат беришмаётганидан шикоят қилди


Андижон вилояти, Хўжаобод туманида туғилиб ўсган, ҳозирда Россияда ишлаётган 26 яшар Нуруллоҳ ватанида исломий тўй ўтказишига рухсат берилмаётгани туфайли уйланолмай юрганидан Озодликка арз қилди.

Туман ФҲДЁ бўлими вакили туманда исломий тўйлар ўтказилмаётганини билдирди.

Андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси фикрича, Хўжаободда исломий тўйларнинг тақиқланиши маҳаллий маъмурларнинг ташаббуси бўлиши мумкин.

Бироқ Нуруллоҳнинг шикояти бу мавзудаги биринчи шикоят эмас.

“Андижонликман, ёшим 26 да, намоз ўқийман, намозхон қиз оламан, деб юрган эдим. Суриштирсам, исломий тўй қилиш учун катта миқдорда пул тўлашим керак, экан. Келинни столга олиб чиқишим керак эмиш. Мен бундай қила олмайман”.

Озодликка Россиядан келган бу хат муаллифи билан боғландик.

Ўзини Нуруллоҳ, деб таништирган йигит билан суҳбатни ёзиб олдик.

Нуруллоҳнинг айтишича, у ўтган йил май охири ёки июннинг бошида никоҳдан ўтиш учун туман Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш (ФҲДЁ) бўлимига ариза топшириш учун бориб, исломий тўй қилмоқчи эканлиги тўғрисида айтган.

Бу гапни эшитган ФҲДЁ ходими уни туман ҳокимлигига юборган. Ҳокимлик ўз навбатида Нуруллоҳни туман ички ишлар бўлимига юборган.

Нуруллоҳнинг айтишича, мелисахона навбатчиси бир жойга қўнғироқ қилган, кейин бир хонани кўрсатиб, ўша хонага кириши лозимлигини айтган.

- Кейин мен ўша хонага кирдим. Фуқаролик кийимидаги бир ходим ўтирган экан. СНБ бўлса керак. Мақсадимни айтувдим у дўқ-пўписа қила бошлади. Исломий тўй қилсанг, штраф тўлайсан, деди. Штрафи 1 млн. сўмдан ортиқ эмиш, деди Нуруллоҳ.

Хўжаобод туман ФҲДЁ бўлимининг ўзини таништирмаган вакилидан “Туманда исломий тўйлар, яъни никоҳ базмида келинчак иштирок этмайдиган тўйлар ҳам ўтказиладими?” деб сўрадик.

Вакил, шоша-пиша мана бу жавобни берди:

- Йўқ, йўқ, йўқ, бизда ундай ҳолатлар йўқ.

Бу Хўжаобод туманидаги гап. Вилоят марказида яшайдиган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг айтишича, Андижон шаҳрида тўйга оид ҳеч қандай чеклов йўқ.

- Хоҳлаган одам хоҳлаган тўйини қилаяпти. Келин столга чиқадими-чиқмайдими - ҳеч кимни қизиқтирмайди. Хоҳлаган одам маъруза ўқиттираяпти, хоҳлаган одам никоҳдан ўтаяпти, хоҳламагани ўтмаяпти, деди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

- Балки, туманларда вазият бошқачароқдир?

- Буни аниқ билмайман. Балки сельсовет-пельсоветнинг раиси ўзбошимчалик билан тўйни ундай қилмайсан, бундай қиласан, деб буюрган бўлиши мумкин, деди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Маҳаллий маъмурлар тўйларга исломий тус берилишининг олдини олишга ҳаракат қилаётгани тўғрисида Озодликка бундан икки йил муқаддам Ўзбекистон ичида фаолият юритувчи Эксперт ишчи гуруҳи маълум қилган эди.

Гуруҳ вакиллари маҳаллий милиция ва махсус хизмат ходимлари тўйдан кейиноқ “исломий” тўй ўтказган хонадонларга бориб, ёш келин-куёв ва уларнинг ота-оналари билан “профилактик суҳбатлар” ўтказаётганлари, уларнинг нима учун айнан исломий тўй қилганига қизиқаётганлари, айрим ҳолатларда эса уларни тушунтириш хати ёзишга мажбур қилаётганликлари тўғрисида хабар қилган эдилар.

Бу ҳақда ўз вақтида ёритилган мақолада исломий тўй қилган 27 яшар йигитнинг тўйдан кейинги кўргиликлари тўғрисида айтганлари келтирилган эди.

Исломий тўй қилгиси келаётган, соф ўзбек тилида гапираётган Нуруллоҳ билан суҳбат давомида унинг хўжаободлик қирғизлардан эканлиги маълум бўлди. У шу кунда Қирғизистон паспортини олишга ҳаракат қилаётгани, уйланиш масаласини қўшни мамлакат фуқаросига айланганидан сўнг ҳал қилмоқчи эканлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG