Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:13

МТС Ўзбекистонда 1 сентябрь куни иш бошламайди


МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси "Ўздунробита" 2012 йилнинг июль ойида ҳукумат қарори билан фаолиятини тўхтатган эди.
МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси "Ўздунробита" 2012 йилнинг июль ойида ҳукумат қарори билан фаолиятини тўхтатган эди.

Ўзбекистонга қайтган МТС олдин эълон қилган режасига мувофиқ иш олиб бормоқда. МТС ширкати матбуот хизмати "Universal Mobile Systems" (UMS) брэнди остида фаолият юритадиган қўшма корхона 1 сентябрдан ишга тушиши тўғрисидаги миш-мишлар ҳақиқатга мос эмаслигини маълум қилди.

"UMS" брэнди остида Ўзбекистонда ўз фаолиятини тиклаётган “Мобильные ТелеСистемы” (МТС) аввал эълон қилинган режа асосида, мамлакат мобил бозорига қайтишга тайёргарлик ишларини давом эттирмоқда, дея билдирди телеком ширкати вакили Озодлик билан суҳбатда.

МТСнинг Москвадаги бош офиси матбуот вакили Дмитрий Солодовников Ўзбекистон ҳукумати билан имзоланган Муроса битимида белгиланган режага мувофиқ, мобил тармоқни техникавий ҳолатини тайёрлаш ишлари1 ноябрга қадар якунланади, дея билдирди. "UMS" мобил алоқаси 1 сентябрда ишга туширилишига доир гап-сўзлар нотўшғри, деди у.

- Йўқ, ҳозирча олдин эълон қилинган расмий позициямиз ўзгарганича йўқ. Ундан ортиқ бирор янгилик ҳам ҳозирча йўқ,- деди МТС расмийси Дмитрий Солодовников.

Кейинги кунларда айрим ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон “мустақилликнинг 23 йиллигига муносиб совға сифатида 31 августгача МТС якуний текширув ишларини ниҳоясига етказиб, 1 сентябрдан ишга туширилиши” тўғрисида миш-мишлар тарқалди.

МТС бундан аввал мижозларга хизмат кўрсатишни қайта йўлга қўйишга тайёргарлик ишлари 1 декабргача якунланишини билдирган эди. Озодлик билан суҳбатда МТС ширкати матбуот хизмати раҳбари Елена Кохановская янги тузилаётган "Universal Mobile Systems" ёки қисқача "UMS" қўшма корхонасини Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтказиш жараёни 25 сентябргача якунланишини маълум қилган эди.

Икки тарафлама битимга мувофиқ, МТСнинг собиқ шўъбаси “Ўздунробита”га тегишли бўлган мол-мулк, асбоб-ускуна ва инфратузилмаларни янги қўшма корхона балансига ўтказиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Россиядаги энг йирик телеком ширкати “Мобильные ТелеСистемы” ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2014 йилнинг 31 июль куни имзоланган Муроса битимига кўра тузилажак қўшма корхонанинг 50,01 фоиз улуши МТСга, 49,99 фоиз улуши Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация давлат қўмитасига қарашли бўлади.

Муроса битимига биноан, икки томон ўзаро даъволардан воз кечиши ҳам кўзда тутилган.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси "Ўздунробита" 2012 йилнинг июль ойида ҳукумат қарори билан фаолиятини тўхтатган эди.

Ўзбекистон расмий идоралари "Ўздунробита"ни катта миқдорда солиқдан бўйин товлаш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш ва бошқа қонунбузарликларда айблаган эди.

Фаолияти тўхтатилгунига қадар Ўзбекистон бозоридаги энг йирик мобил алоқа оператори бўлган МТС 10 миллионга яқин мижозини бой берди.

МТС Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилгани боис 1 миллиард АҚШ долларидан ошиқ зарар кўрди ва сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга бу юзадан шикоят қилган.

Ўзбекистон ҳукумати МТСга доир мулк ва ускуналарни бир неча марта кимошди савдосига қўйди, лекин унга харидор топа олмади.

XS
SM
MD
LG