Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:06

Ўшда 8 яшар қизчанинг йўқолгани "бола ўғрилари" ваҳимасини кучайтирди


Ўш вилояти Қорасув туманида Одинабону Икромжон қизи сурати туширилган эълон.
Ўш вилояти Қорасув туманида Одинабону Икромжон қизи сурати туширилган эълон.

Ўш вилояти Қорасув туманида Одинабону Икромжон қизи исмли 8 яшар қизча 22 кундан буён бедарак қолмоқда. Одинабонунинг тақдири Ўш ва Қорасув шаҳарлари, шаҳарга туташ аҳоли пунктларида "бола ўғрилари юрибди", "30 болани ўғирлашибди" деган ваҳима юрибди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ваҳимага асос йўқ демоқда.

Ўш вилояти Қорасув туманидаги Киров қишлоғида истиқомат қилувчи Раимжоновлар оиласининг 8 яшар қизи Одинабону 4 августдан буён бедарак қолмоқда.

Қизчанинг отаси Икромжон Раимжонов қизини милиция билан бирга тинимсиз излаётгани, Қорасув, Новқат, Аравон районларидаги гавжум жойлар, ҳатто касалхона ва ўликхоналаргача излагани, бироқ қизалоғининг дараги чиқмаётганини айтмоқда.

- Қизим йўқолганидан буён Қорасувдаги ҳокимлар, орган ходимлари, туман ҳокими, вилоят ҳокимларига учрашиб чиқдим. Лекин, шу кунгача аниқ бир натижа чиқмади. Орган ходимлари “излаябмиз”, дейишаяпти, лекин аниқ гап йўқ. Новқатгаям бориб келдим. Яна қаерларга бориб излашни билмай қолдим, - дейди Икромжон Раимжонов.

Одинабонунинг йўқолиши Ўш вилоятда бусиз ҳам урчий бошлаган миш-мишларни янада кучайтирди.

Ўшда 8 яшар қизчанинг йўқолгани "бола ўғрилари" ваҳимасини кучайтирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:12 0:00
Бевосита линк

Ёш боласи бор оилалар ўғрилар "болаларнинг ички органларини сотиш учун уларни олиб қочаётган экан", деган ваҳимага тушиб қолганини яшимаяпти.

Бироқ, хуқуқ-тартибот органи ходимлари бу миш-мишлар қатъиян инкор қилмоқда. Қорасув тумани Ички ишлар бошқармаси раҳбари ўринбосари Эрмекбай Ўмурбеков Озодлик мухбири билан суҳбатда ваҳималарда асос йўқлигини таъкидлади.

- Ёш қизчаларнинг органлари олингани ёки жасади топилганига оид бирорта ҳолат қайд этилмаган. Бу сўзларнинг барчаси миш-миш, холос. Бу миш-мишларнинг чиқишига Киров қишлоғидаги 8 ёшли Икромжон қизи Одинабонунинг йўқолгани сабаб бизнгича. У қиз ҳозирча топилмади. Қидирув ишлари давом этмоқда, - дейди Эрмекбай Ўмурбеков.

Икромжон Раимжоновнинг ўзи ҳам қизи борасида қисқа муддатда тарқалиб кетган миш-мишларнинг илдизи қаерда эканини билолмай, ҳайрон экани, аммо қизининг топилишидан умидини узмаганини айтади:

- Кўплаб одамлардан ёш болаларни чет давлатларга донор ҳисобида олиб чиқиб кетиш ёки ҳужжат тайёрлаб сотиб юборишлар бўлаяпти, деган гапларни ҳам эшитаяпман. Агар ҳуқуқ-тартибот ходимлари аэропорт, божхона каби жойларга қизимнинг суратини бериб, бу ҳолатни назорат қилса яхши бўларди, - дейди Икромжон Раимжонов.

Айни пайтда бу каби миш-мишларнинг кенг тарқагани сабабли маҳалла-кўй ёки масжидларда ҳам болаларга эҳтиёт бўлиш чоралари тушунтирила бошлади. Масалан, Қорасувдаги Бозор боши масжидининг Охунбой исмли ходими халққа огоҳлантириш беришга мажбур бўлганини қуйдагича тушунтирди:

- Бу сўзларнинг барчаси миш-миш. Бироқ, бу миш-мишлар халқ орасида кенг тарқалди. Шу сабабли биз ҳам ёлғон ёки ҳақиқатлигига қарамай, ота-оналардан фарзандларини эҳтиёт бўлиб қўриқлашларини сўрашга мажбур бўлаяпмиз, - дейди масжид ходими.

Маҳаллий аҳоли арзича, халқ орасида бундай ваҳимали сўзларнинг тарқалишига милицияга бўлган ишончнинг озлиги, қидирув ишларининг сустлиги ҳам сабаб бўлган.

Расмий маълумотлар бўйича, Ўш вилоятида сўнгги 7 ой ичида 34 нафар бола бедарак йўқолган, уларнинг кўпчилиги бир ҳафта ичида топилган.

22 кундан буён бедарак қолаётган Одинабону Икромжон қизининг яқинлари қизалоқни кўрган-билган ёхуд у ҳақда эшитганлар бўлса, жойлардаги ҳуқуқ-тартибот органига ёки +996 557 40 72 74 рақамига қўнғироқ қилишини сўрамоқда.

XS
SM
MD
LG