Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:51

Деҳқонободлик фельдшерлар наркотик дорилар сотилаётганидан шикоят қилмоқда


Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги шошилинч тиббий ёрдам марказининг бир гуруҳ фельдшерлари ОзодМикрофонга мурожаат қилиб, наркотик ва психотропик дорилар ғайриқонуний равишда сотилаётгани ва ишлатилган ампулалар фельдшерлар номига расмийлаштираётганини иддао қилди. Деҳқонобод туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи эса бу иддаоларни кескин рад қилмоқда.

Озодликка мурожаат қилган Деҳқонобод туманидаги шошилинч тиббий ёрдам марказида ишлайдиган бир гуруҳ фельдшер марказда йўл қўйилаётган қонунбузарликлар ҳақида шикоят қилди:

- Тез ёрдам марказида ишлаймиз. Фельдшерлар бўлими бошлиғи Ўктам Рамазонов наркотик моддаларни ғайриқонуний сотяптию, бизнинг номимизга чиқим қиляпти. Биз буни сезиб қолдик. Ўзимиз текшириб кўрсак, имзомизни сохталаштиряпти экан. Биз бу ҳақда бош врач ўринбосарига ҳам, бош врачга ҳам мурожаат қилдик, лекин натижа бўлмади. Бизнинг қўлимизда қайси наркотик дорилар бизнинг номимизга расмийлаштирилгани, уларнинг серия ва номерлари ҳақида далил ва ҳужжат, фотосуратлар ҳам бор, - дейди деҳқонободлик фельдшер.

Суҳбатдошнинг айтишича, улар етти нафар тиббиёт ходими номидан бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига, Ўзбекистон Бош прокурорига ва Қашқадарё вилояти тиббиёт бирлашмасига шикоят хати ёзган:

- Бир ярим ой бўлди хат ёзганимизга, лекин ҳеч қандай чора кўрилмади. Наркотик дориларни бизнинг номимизга расмийлаштириб, пуллаш давом этяпти. Дорилар наркоманларга сотиб юбориляпти. Бундан ташқари, марказда миллатчилик қилиш авж олган, - деди фельдшер.

Деҳқонобод туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Валишер Умрзоқов Озодлик билан суҳбатда наркотик дориларни ғайриқонуний бошқаларга сотилаётгани тўғрисидаги фельдшерларнинг иддаоларини кескин рад қилди:

- Бунақа бўлиши мумкин эмас. Наркотик дорини ким укол қилгани, қандай қилганининг ҳар бири жойида расмийлаштирилади. Унинг ампуласи қайтадан топширилади. Комиссия эса уни кўриб чиқади. Албатта буни бошқатдан яна бир текшириб кўрамизу, лекин Рамазонов Ўктам уни биттасини чиқим қилишга ҳам ҳаққи йўқ. У бизда старший, визовга бормаса, қандай чиқим қилади? Фельдшерлар менга бу ҳақда бирор марта ҳам мурожаат қилгани йўқ. Мана келишсин, айтишсин - ўзимиз ўрганиб, текшириб чиқамиз, - деди туман бош врачи Валишер Умрзоқов.

******************************************************************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ҳам ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG