Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:26

Ўзбекистон пахтасининг 70 фоизини ўзида қайта ишламоқчи


Ўзбекистоннинг давлатга қарашли “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти расмийлари 2021 йилга бориб Ўзбекистон пахтасининг 70 фоизини мамлакатнинг ўзида қайта ишлаш режаланаётганини айтишмоқда.

Ширкат раҳбарларидан бири Дилбар Маҳмудованинг маҳаллий оммавий ахборот воситаларига маълум қилишича, 2015-2020 йиллар оралиғида бу режани амалга ошириш учун бир миллиард доллар сарфланади.

“Ўзбекенгилсаноат” расмийси шу йилни ўзида Ўзбекистонда етиштириладиган пахтанинг 44 фоизини мамлакатда қайта ишлаш режаланаётганини ҳам таъкидлаган.

Айни пайтда Ўзбекистон мамлакатда қайта ишланган тола ва текстил маҳсулотлари экспорти ҳажмини қарийб икки баравар оширмоқчи.

Ҳозир Ўзбекистон текстил маҳсулотлари экспортидан йилига 800 миллион доллар даромад кўради. Келажакда бу кўрсаткични 1,5 миллиард долларга етказиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон расмийлари пахтани кўпроқ қисмини мамлакатнинг ўзида қайта ишлаш режаси ҳақида биринчи марта гапираётганлари йўқ.

Уч йил аввал Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев 2015 йилга бориб ўзбек пахтасининг 70 фоизини мамлакатнинг ўзида қайта ишлаш режаси борлигини айтган эди.

Мирзиёев ўшанда Жанубий Кореянинг "Кабул Текстайл" ширкати билан ҳамкорликда Ўзбекистонда толани қайта ишловчи корхоналар ишга туширилганини бунга мисол қилиб келтирганди.

Лекин кўп ўтмай Жанубий Кореянинг бу ширкати мамлакатни тарк этди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг енгил саноат соҳасига миллионлаб долларлик сармоялар киритган Ҳиндистон ва Туркиянинг бир қатор ширкатлари ҳам мамлакатдан бирин-кетин кета бошлади.

Ўзбекистонда 2003 йили иш бошлаган Туркиянинг "TOSH KAYA TEKSTİL" иқтисодий ва сиёсий жиноятлар, жумладан, солиқдан бўйин товлаш ва божхонага оид қонунчиликни бузганликда айбланиб, 2013 йилда ёпилди.

Туркиядаги "Gunes Textil" ширкати ҳам мамлакатга йирик сармояларни киритиб, бор-йўғидан айрилган ва 2012 йилда мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Ҳиндистоннинг йирик “Spentex” текстил ширкати эса Ўзбекистон ҳукуматини Тўйтепадаги корхонасини ноқонуний тортиб олганликда айблаб, халқаро арбитражга мурожаат этганини билдирган.

Пахтани кўпроқ қисмини Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқариш режаси эса режалигича қолиб келяпти.

Ўзбекистонда ҳар йили 3 миллион тоннадан кўпроқ пахта хом ашёси тайёрланади.

Мамлакат йилига 1 миллион тоннадан ошиқ пахта толаси ишлаб чиқаради. Шундан 600-700 минг тоннасини четга сотади.

Келаси ой Тошкентда бўладиган пахта ярмаркасида ўзбек толасини четга сотиш бўйича шартномалар имзоланиши кутиляпти.

Ўзбекистоннинг асосий харидори Осиё мамлакатлари бўлиб қоляпти.

Ўзбекистон пахта тайёрлашда болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиши сабабли жаҳоннинг етакчи чакана савдо ширкатлари ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилган.

XS
SM
MD
LG