Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:55

Мусиқа ўқитувчиси математикадан дарс ўтаяпти


Хоразм мактабларининг ўқитувчилари ҳам оммавий равишда пахтага эксплуатация қилинди. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Хонқа туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчисига кўра, мактабда қолган саноқли ўқитувчи мутахасислиги бўлмаган фанлардан ҳам дарс ўтишга мажбурланаяпти.

Қуйида хонқалик ўқитувчининг хати билан танишинг:

Бизни пахтага чиқишга мажбурлашаяпти. Пахта пайти мактабда фақат саноқли ўқитувчилар қолади.

Тўғри, ўқувчиларни пахтага чиқаришмайди. Аммо мактабда ўқитувчилар бўлмаганидан кейин болаларнинг мактабда бўлишлари кимга керак? Бундан нима фойда?

Она тили, математика ва шунга ўхшаган асосий фанларни ҳам меҳнат ва мусиқа устозлари ўқитмоқда.

Бир синфга бир устоз бириктирилади ва шу ўқитувчи ўқувчиларга 6 соат дарс ўтади. Яъни бир ўқитувчи ҳамма фандан дарс ўтади.

Кейин 8та бошланғич синф бор. 4таси эрталабки сменада, 4таси пешинги сменада ўқишади. Эрталабки сменадаги ўқитувчилар пешиндагисини ҳам ўтиши керак.

Эрталабдан юқори синфларни 6 соат ўқитган ўқитувчилар эса тушлик қилиб-қилмасдан далага ҳайдалади.

Инсоннинг қадри шунчаликми? Тағин устоз отадай улуғ зот бўлса...

Касалларга ҳам рухсат йўқ. Нима эмиш, дорини ичиб, далада ўлиш керак экан. Ана ўшанда халқ қаҳрамони бўлар эканмиз.

Ўрнимизга одам юборишга ҳам рухсат йўқ. Паспорт билан чиқиш керак экан пахтага. Далага бориб-келишга машина ҳам йўқ. Ўқитувчилар йўлкирани чўнтакларидан тўлаб, бориб келишмоқда.

Ўтган йили ҳар ўн килога 1 кило буғдой, қанчадир килога ёғ беришлари айтилди. Лекин на буғдойдан, на ёғдан дарак бўлди. Юқоридан келиб сўрашганда битта фаррош ҳеч нарса олмадик, дегани учун ҳалигача дакки эшитади. Бошқалар эса умрида кўрмагани буғдой ва ёғларни вақтида олаяпмиз, деб жавоб беришди.

Айтишларича, ўша суриштириб келган “Юқори”дагилар ҳам ҳеч ким буғдой, ёғ олмаганини билар эмиш. Директоримизга "Нимага берилмади", деб эмас, "Нимага сенинг одаминг олмадим", деб айтади, деб дашном беришган эмиш.

XS
SM
MD
LG