Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:38

Ўзбекистонда солиқчиларнинг ваколатлари қирқилди


Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси сайтида солиқчилар ваколатлари қирқилгани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай хабар йўқ.
Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси сайтида солиқчилар ваколатлари қирқилгани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай хабар йўқ.

“Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонун ва Солиқ кодексига киритилган ўзгартишлар ортидан ўзбекистонлик солиқчилар эндиликда ўз қарори билан банк ҳисоб рақамлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқидан маҳрум бўлдилар.

Ўзбекистон президенти томонидан 4 сентябрь куни имзоланган қонунга мувофиқ, бундан буён солиқчилар солиқ тўловчи солиққа оид ва молиявий ҳисобот топширмаганидан ўн беш кун ўтиб ёки солиқ тўловчи ҳужжатларда кўрсатилган манзилда бўлмаган тақдирда унинг ҳисоб рақамини музлатиб қўёлмайди.

Эндиликда банк ҳисоб рақами бўйича операциялар фақат суд қарори билан тўхтатиб қўйилиши мумкин. Шунингдек, бундан буён солиқ тўловчи солиқ текширувини ўтказишга тўсқинлик қилган тақдирда ёки давлат солиқ хизмати ходимларини ўзига тегишли ҳудуд, бинони текширишига йўл бермаганида ҳам бу борадаги қарорни суд беради.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилдаги қонунга мувофиқ, солиқ идораси қарорига кўра солиқ тўловчининг банк ҳисоб рақами бўйича операциялар тўхтатиб қўйилиши мумкин эди. Бу қонун қабул қилингунича солиқ ва молиявий ҳисобот топширилмагани учун ҳисоб рақами фақат суд қарори билан музлатилиши мумкин бўлган.

Ўзбекистонда солиқчиларнинг ваколатлари қирқилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:34 0:00
Бевосита линк

Ҳисоб рақами бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш ваколати судга қайтариб берилгани туфайли Хўжалик процессуал кодексига ҳам ўзгартишлар киритилган.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев ўзбек расмийларининг солиққа оид қонунчиликка бу каби ўзгартишлар киритишига халқаро молия институтларининг босими сабаб бўлган, деган фикрда.

- Солиқ хизматининг Ўзбекистонда обрў-эътибори катта. 2009 йилга келганда қоғозларни судга бериб, суддан қарор чиқартириб, уни яна қайтариб юрмаслик учун улар ўзига бир шунақа ҳуқуқ олган эди.

Шу вақтнинг ўзида жаҳондаги иқтисодчилар, Халқаро банк, Халқаро валюта фонди: “Бу қилганларинг нотўғрироқ бўлаяпти, авторитарний режимга қайтиб қоляпсизлар” дегандек қилган эди. Бироқ Ўзбекистонда: “Бу тартибга олиб келади, судга бориб, узоқ вақт суд мажлиси кутилмайди”, деб айтилган эди. Лекин Халқаро валюта фондининг Ўзбекистонга ҳар йили келадиган миссияси вакиллари айтган: “Бу нарсани сизлар халқаро тажрибага асосан ўзгартиришинглар керак” деб. Чунки айтаяпман-ку – солиқ одами бу шахс. Унга биттаси (яъни солиқ тўловчи демоқчи – таҳр.) ёқиши мумкин, биттаси ёқмаслиги мумкин. У ҳар куни бориб, ўзига ёқмаган одамнинг корхонаси ҳисоб рақамини ёпиб қўявериши нотўғри бўлади, - дейди иқтисодчи Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев ҳам Сапарбой Жубаевнинг фикрига қисман қўшилади. Бироқ, унинг фикрича, Ўзбекистондаги воқеликдан келиб чиқилса, солиққа оид қонунчиликка киритилган бундай ўзгартишлар солиқ тўловчининг оғирини енгил қилиши даргумон.

- Тўғри, бу халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан, тадбиркорлар билан солиқ ташкилотлари ўртасидаги муносабатлар нуқтаи назаридан албатта ижобий нарса. Судларга ўрганган, судларни ўзининг ҳимоячиси сифатида биладиган одамларга, масалан, солиқ инспекцияси зўравонлик қилаётган бўлса, улар бориб, судга мурожаат қилиши ва ўзини ҳимоя қилиш чораларини кўриши мумкин. Аммо-лекин бизнинг Ўзбекистонда ҳамма суддан ниҳоятда қўрқади – бу биринчидан. Иккинчидан, солиқ инспекциялари ҳамма материалларни ўзининг қонун-қоидалари бўйича тайёрлайди.

Масалан, бир ой давомида ёки икки ой давомида, фараз қилайлик, сиз ҳисобот топширолмадингиз – касал бўлиб қолдингиз, қанақадир проблемалар чиқиб қолди... Аввалги вақтда муаммоларни - ўзаро ошна-оғайнигарчилик деймизми – дўстона ҳал қилиб кетишаверарди. Ҳар ҳолда, тадбиркор билан солиқ инспекциялари бир-бирининг шаротини тушунади, билади. Энди эса булар рўйхатга тушганларнинг ҳаммасига списка тузади “мана бу вақтда отчёт топширмади” деб, суд эса пақиллатиб штраф қилиб юбораверади, - дейди таҳлилчи Комрон Алиев.

Суҳбатдошимизга кўра, ўзбекистонлик солиқ тўловчи ва иш ўринлари яратувчи тадбиркор эндиликда ўз муаммоларини ҳал қилиш учун фақат солиқ ходими билангина эмас, балки суддагилар билан ҳам келишиши лозим бўлади.

Комрон Алиев мулоҳазасича, солиққа оид қонунлар самарали ишлаши учун қонунчилик ташаббуси билан чиқаётган масъуллар бу борада фақат давлатнинг тегишли ташкилотлари фикрини ўрганиш билан чекланиб қолмай, тадбиркорларни тамсил этувчи уюшмалар фикрларини ҳам диққат билан ўрганиши ва қонунларни барча томонлар манфаатини ҳисобга олган ҳолда чиқариши лозим.

“Шундагина иқтисодиётда ҳам, жамият ҳаётида ҳам олға силжиш бўлади”, дейди таҳлилчи Комрон Алиев.

XS
SM
MD
LG