Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:41

Ислом Каримов олти йиллик танаффусдан сўнг Душанбега борди


Икки давлат президентлари Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон.
Икки давлат президентлари Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги йиғилишида қатнашиш учун 11сентябрь куни Душанбега сафар қилди. Таҳлилчилар халқаро майдондаги мавжуд вазиятда икки президент ўзаро муносабатларни яхшилашдан манфаатдор бўлиши керак, демоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Душанбега бундан олти йил муқаддам борган эди. Сўнгги йилларда икки қўшни давлат президентлари жуда кам, фақатгина МДҲ ва ШҲТ доирасида ўтказилган йиғилишларда учрашган, холос.

Икки раҳбарнинг кам учрашаётганига давлатлар ўртасида йиғилиб қолган қатор муаммо ва ўзаро келишмовчиликлар сабаб бўлиб қолмоқда. Аммо бу сафар Тожикистон матбуоти ҳукуматдаги ўз манбаларига таянган ҳолда Каримов ва Раҳмоннинг "бирга-бир" учрашув ўтказиши ҳақида хабар бермоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг ҳар бир учрашуви икки давлат аҳолисининг кўнглида умид шуълаларини ёқади. Оддий одамлар икки раҳбарнинг ниҳоят “тил топишиши” ортидан борди-келди муаммолари ҳал қилинишига, дўстлик-қардошлик муносабатлари мустаҳкамланишига умид қилади.

Тожикистонлик сиёсатшунос Рашид Ғани Абдулло айни пайтдаги тожик-ўзбек муносабатлари жуда ҳам ғариб ҳолда эканлигини айтар экан, бу галги учрашувдан ҳам бир нарса умид қилиш қийин, дейди:

“Муносабатларнинг яхшиланиши учун ҳали пойдевор тайёрланмаган. Лекин мен аминманки, ҳозир қудратли давлатлар ўзаро кескин қарама-қаршилкда қолаётгани ва улар одатда, бу қарама-қаршиликни учинчи давлатлар ҳудудида ҳал қилишини икки давлат президентлари яхши англайди”, дейди Рашид Ғани Абдулло.

Рашид Ғани фикрича, икки қўшни давлат ўртасидаги қарама-қаршилик вазиятини учинчи давлатлар ўз фойдаси учун ишлатиши ва қудратли давлатлар бу ҳудудни геосиёсий жанг майдонига айлантириши мумкинлигини Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам аста-секин англаб бормоқда.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Алишер Илҳомовнинг айтишича, дунёда рўй бераётган сўнгги воқеалар икки қўшни давлат президентларини ўзаро муносабатларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда:

“Хориждаги сиёсий вазият Тожикистон ва Ўзбекистонни минтақадаги вазиятга янгича кўз билан қарашга вазифадор қилади. Айни пайтда икки қўшни давлат ҳукуматларининг бир-бирига ишончсизлиги юқори даражага чиққан. Ҳозир ҳам оқибатлари қарама-қаршилик ва ҳатто урушга олиб бориши мумкин бўлган муаммолар сақланиб қолмоқда. Ҳозирги шароитда энг аввало босқинчилик амбициялари кучайиб бораётган Россия ана шу заиф нуқталарни ўз фойдаси учун ишлатиши мумкин”, дейди Алишер Илҳомов.

Бироқ, айрим экспертлар икки давлат ўртасидаги келишмовчиликни икки президентнинг шахсий амбициялари билан боғлайдилар. Уларнинг фикрича, давлат раҳбарларининг бир-бирларига бўлган шахсий адовати икки давлат ўзаро муносабатларининг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда.

Қарама-қаршиликлар тарихи

Икки қўшни давлат мустақилликка эришган 1991 йилдан буён Ўзбекистону Тожикистоннинг муносабатлари доим мураккаб бўлган.

Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭСини қуриш ҳақидаги қатъий қароридан сўнг расмий Тошкент бунга қарши чиқиб келмоқда. Аввалига Ўзбекистон тожик юк поездларини ўз ҳудудидан ўтказишда турли хил тўсиқлар қўя бошлади ва транзит божини мисли кўрилмаган даражага кўтарди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳар йили Тожикистонга сотадиган газ нархини ошира бориб, пировардида ҳар минг кубометр газнинг нархини 400 долларга етказди, 2012 йилдан бошлаб эса газ беришни тақа-тақ тўхтатди.

2012 йилда Олмаотага қилган ташрифи чоғида, Ислом Каримов Роғун ГЭСи қурилишига тўхтар экан қатъий оҳангда шундай деган эди:

"Вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу ҳолат шунчаки диний қарама-қаршилик эмас, урушларни келтириб чиқариши мумкин", деган эди Ислом Каримов.

Ўзбекистон ҳукуматининг қатъий қаршилигига қарамай Жаҳон банки халқаро ташкилотлар ёрдамида Роғун ГЭСини экологик ва техник экспертизадан ўтказди. Экспертиза бундай тўғон қурилишини техник жиҳатдан амалга ошириш мумкинлигини жорий йилнинг сентябрь ойи бошида қайд этди.

XS
SM
MD
LG