Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:06

Қозоғистонлик ота Ироқдаги жиҳодчи ўғли билан учрашиб қайтди


Сурияга "жиҳод"га кетган қозоғистонликлар.
Сурияга "жиҳод"га кетган қозоғистонликлар.

Қозоғистоннинг Жезказган вилоятида яшовчи 55 ёшли Муҳамедали Даниханов Ироқдаги жиҳодчи гуруҳлар сафида жанг қилаётган ўғлини кўриб қайтди. Озодлик билан суҳбатда Данихонов Ироқ ва Сурияда жанг майдонларида ўғлидан ташқари урушда қатнашаётган бир қанча ҳамюрти билан ҳам учрашган.

Қозоғистонлик кончи Муҳамедали Даниханов ва унинг рафиқаси Ботагўз Жапсарбаева Жезказган шаҳри яқинидаги Кенгир қишлоғида яшайди.

Уларнинг 28 ёшли ўғли Ержон Данихонов Жезказган яқинидаги Сатпаев шаҳарчасидаги кўмир конида ишлаган.

Ержоннинг рафиқаси Жулдуз университетни аъло баҳолар билан тамомлаб, шу шаҳарчадаги коллежда ўқитувчилик қилган.

Шу йилнинг февраль ойида улар мактабгача бўлган ёшдаги икки фарзандини олиб, номаълум томонга кетиб қолишади.

Фарзандларининг Ироқда эканидан хабар топган қозоғистонлик отахон уларни кўриш учун йўлга отланади.

10 сентябрь куни Озодлик мухбири билан суҳбатда Данихонов ёз ойларининг бошида фарзандини кўргани Туркия орқали Ироққа бориб қайтганини айтди:

- Набираларимни ёнида бўлиб қайтдим. Улар арабча ва қозоқча ўқишяпти экан. Бу ердан кетганлар орасида дипломлилари ҳам бор экан. Улар болаларни уйларига бориб ўқитишяпти экан, - дейди Данихонов.

Лекин Муҳамедали Данихонов Ироқнинг айнан қайси қисмига борганини айтмади.

"Улар ўзимизнинг Сатпаев ва Жезказганга ўхшаш бир шаҳарда яшашяпти. Бу шаҳар Ироқ ҳудудида", деб сўзида давом этади отахон:

- Улар яхши шароитларда яшашяпти. Кийим-бош сотиб олишади. Янги “Тойота” машиналарида юришади. Бу ерда унақа машиналарни сотиб олиш қийин. Лекин улар пулни қаердан олишади, билмайман. Улар менга ортиқча гап гапиришмайди. Улар фақат уруш ҳақида ўйлашади. Тирик қолсанг яхши, ўлганлар ҳам бор, - дейди Данихонов.

Қозоғистонлик кончи Ироқ ва Сурияда жанг майдонларида урушда қатнашаётган бир қанча ҳамюртини ҳам кўрганини айтади.

- Мен у ерда Жезказгандан беш-олти одамни кўрдим. Аниқ сони эсимда йўқ. У ерда турли шаҳарлар, Жезказган, Қараганда, Аламатидан ҳам одамлар бор эди. У ерда ўлиб кетганлари ҳам кўп экан. Уларни фотосуратларини кўрдим, - дейди қозоғистонлик отахон.

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси Сурия ва Ироқда юздан зиёд қозоғистонлик жанг қилаётганини тасдиқлаган.

Қўмита мужоҳидларнинг яқинлари билан ҳамкорликда уларни ортга қайтаришга уринмоқда.

Кўпчилик қозоғистонлик ота-оналар, жумладан, Данихонов ҳам Сурия ва Ироққа кетган фарзандларини қайтариш ҳаракатида.

- Мен ўғлим билан ҳам, бошқалар билан ҳам гаплашдим. Улар қайтиш ҳақида ўйлашмайди. Қозоғистонга қайтишса, барибир йўқ қилинишларини айтишади. Қозоғистонга Суриядан қайтиб борганлар суд қилиниб, қамоққа ташланганликларини улар билишади, - дейди қозоғистонлик отахон.

Сурия ва Ироқда ўзбек жангарилари ҳам жиҳодчи гуруҳлар сафларида жанг қилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалганига анча бўлди.

Айни пайтда Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари ҳам ўз фуқаролари Сурия ва Ироқдаги ҳарбий амалиётларда иштирок этаётганидан хавотир билдириб келишади.

XS
SM
MD
LG