Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:44

Хўжайлилик талаба қиз зўрлаб, кейин пичоқлаб ўлдирилди


6 сентябрь куни бедарак йўқолган Хўжайли Педагогика коллежи талабаси орадан беш кун ўтиб ўлик ҳолда топилди. 17 яшар талаба қиз аввал зўрланган, кейин эса пичоқланган. Воқеа тафсилотларидан хабардор манбалар талабанинг пахта ҳашари пайтида ўлдирилганини иддао қилаяпти. Лекин бу иддаони Хўжайли расмийлари инкор қилди.

Қорақолпоғистоннинг Хўжайли тумани Сариқ Жунгул қишлоғида яшаган талаба қизнинг исми-шарифи Озодликка маълум. Лекин ушбу қотиллик бўйича жиноий иш суруштируви ниҳоясига етмагани боис тергов сири сабабидан қизнинг шахсини очиқламаяпмиз.

Хўжайли Педагогика коллежи талабаси бўлган 17 яшар қизнинг фожиавий ўлими ҳақида Озодликка хабар қилган манбага кўра, талабанинг жасади пахта даласидан топилган:

“Қизнинг ўлиги Хўжайлининг Кумбуз Овул деган жойдаги пахта даласидан топилган. Жасад қиз ўлдирилганидан 5 кун ўтиб топилган. Ҳозир моргда сақлашмоқда. Қиз пахта теришга чиққан экан. Уни далада зўрлашган, кейин пичоқлаб, ўлдириб кетишган”, деди воқеадан хабардор хўжайлилик манба.

Хўжайли туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, талаба қиз жорий йилнинг 6 сентябрь куни бедарак йўқолган ва 10 сентябрь куни унинг жасади Хўжайли шаҳри яқинидаги посёлкадан топилган.

“1997 йилда туғилган бу қиз Хўжайли Педагогика коллежининг 3-курси талабаси бўлган, тумандаги Сариқ Жунгул фуқаролар йиғинида яшаган. Унинг жасади Хўжайли ёнида жойлашган посёлкадаги заправканинг орқасидан топилди”, деди Хўжайли ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Талаба қизнинг ўлимида гумонланиб, хўжайлилик 27 яшар Э. (унинг исми Озодликка маълум, бироқ тергов сири сабабидан унинг шахси очиқланмаяпти-таҳр.) исмли йигит ҳибсга олинган.

“1987 йилда туғилган Э. маст ҳолда қизнинг орқасидан келиб бўйнидан бўғган. Кейин пичоқ санчиб, ўлдириб кетган. Гумондор талаба қиз билан таниш бўлмаган. Мутлақо бегона йигит”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Ҳозирда талаба қизнинг ўлимида гумонланган йигитга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Қасддан одам ўлдириш” (97-модда) моддаси бўйича жиноят иши очилиб, тергов бошланган. Шунингдек, гумондор Жиноят кодексининг “Номусга тегиш” (118-модда) ва “Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш” (119-модда) моддалари бўйича ҳам айбланиши мумкин.

“Ҳозир унга нисбатан 97-модданинг а, б, в, г бандлари бўйича иш қўзғатилди. Ҳозир қизнинг зўрланиши бўйича тиббий экспертиза хулосалари ҳали чиқмади. Хулоса чиққач, агар зўрлаш ҳолати тасдиқланса, 118- ва 119- моддалар бўйича ҳам иш қўзғатилади. Экспертизани кутаяпмиз”, деди Хўжайли ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Хўжайли туман коллежлар бошқармаси расмийлари талаба қизнинг пахта теримига чиқарилган пайти ўлдирилгани ҳақидаги иддаоларни инкор қилишди:

“Бизда ҳали пахтага “команда” берилмади. Барча талабалар коллежларда ўтиришибди. Ҳамма коллежларда ўқишлар давом этаяпти. У қиз ўша куни пахтага чиқарилмаган. У 6 сентябрь куни коллеждаги дарсларини тугатиб, уйига қайтаётган пайт шу фожеа содир бўлган”, деди Хўжайли туман коллежлар бошқармасининг исмини очиқламаётганимиз расмийси.

XS
SM
MD
LG