Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:09

Бишкек туғруқхонасидан сотиб юборилгани айтилган чақалоқ топилмаяпти


Бишкекдаги 1-сонли туғруқхона шифокори томонидан 29 августда сотиб юборилган янги туғилган чақалоқ шу кунгача топилгани йўқ. Чақалоқни сотиб юборганликда гумонланаётган шифокор эса ҳибсга олинган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Бишкекдаги 1-туғруқхонада 27 августда туғилган ва 29 августда номаълум шахсларга сотиб юборилган чақалоқнинг қаерда экани ҳозиргача аниқ эмас. Чақалоқнинг сотиб юборилгани ҳақида боланинг онаси милицияга ариза ёзган.

Ички ишлар вазирлиги расмийси Эрнист Ўсмўнбаев чақалоқни сотиб юборганликда айбланиб бир шифокор ҳибсга олинганини билдирди:

-Боланинг сотилгани бир неча кун давомида олиб борилган текширув жараёнида аниқланди. Бироқ чақалоқнинг қаерда экани, кимнинг қўлида экани номаълум. Мазкур воқеа юзасидан “одам савдоси”, “ҳужжатларни қалбакилаштириш ва қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш” моддалари бўйича жиноят иши очилди.

Терговчилар чақалоқни сотиб юборишда гумонланаётган шифокор ва чақалоқ онасининг исм-шарифини сир сақламоқда.

Айни пайтда Бишкек Соғлиқни сақлаш департаменти ва туғруқхона раҳбарияти чақалоқ сотилиши юзасидан иддаолар тасдиқланмаганини билдирмоқда.

-Биз ўзимиз мустақил тарзда текширдик, бироқ мазкур факт тасдиқлангани йўқ. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ўз текширувини олиб бормоқда. Шаҳардаги бирорта туғруқхонада бола сотилгани ҳодисаси қайд этилмаган, -деди Бишкек Соғлиқни сақлаш департаментининг бош акушери Раиса Асилбашева.

Қирғизистонда янги туғилган чақалоқларни сотиш ҳолати аввалари ҳам кузатилган. Масалан, ўтган йилнинг ноябрида Бишкекдаги 4-туғруқхонадан бир чақалоқ сотиб юборилган. Жорий йилнинг апрелида эса Таласда 17 ёшли қиз 6 ойлик чақалоқни 500 долларга сотаётганида қўлга олинган.

Қирғизистон парламентининг Ижтимоий сиёсат қўмитаси раҳбари Дамира Ниязалиева чақалоқларнинг бу тарзда сотилишини шифокорлар ойликларининг озлиги билан изоҳлайди:

-Шифокорларнинг ойликлари оширилгани билан инфляция туфайли пул қадрсизланиб бормоқда. Шунинг учун ҳам шифокорларнинг айримлари моддий аҳволини яхшилаш мақсадида мана шундай ишларга қўл ураяпти. Бу муаммони комплексли тарзда ҳал этиш керак. Айни пайтда чақалоқларни сотиш коррупциялашган системага айланиб бормоқда.

Мутахасислар фикрича, Қирғизистонда чақалоқларни сотиб олиш ёки сотиш ҳолатлари мамлакатда бола асраб олиш жуда мураккаб жараёнга айлангани ортидан содир этилмоқда.

XS
SM
MD
LG