Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:03

Олтинкўлда пахта ортилган трактор авариясида бир киши ўлди


Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида тунда пахта ортиб кетаётган тракторнинг прицепига Нексия автомобилининг келиб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, уч киши оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, трактор шатакка олган прицепларда тунда ташқи ёритгич чироқлари ёнмаган.

17 сентябрь куни кечқурун Андижон - Наманган автомобил йўлининг Олтинкўл туманидаги Ижтимоиёт қишлоғидан ўтадиган ҳудудда Нексия автомобилининг пахта ортиб кетаётган трактор прицепига бориб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган олтинкўллик тингловчининг айтишича, трактор прицепларида ташқи ёритгичлар ишламагани учун Нексия ҳайдовчиси кечаси олдинда кетаётган тракторни кўрмай қолган:

“Воқеа кечаси соат ўнларда содир бўлган. Пахта қабул қилиш пунктига учта прицепни улаб олган тракторни кечаси ҳайдовчи кўрмай қолган. Чунки трактор прицепларининг ташқи ёртигичлари ишламаган. Нексия ҳайдовчиси қоронғи тунда кўрмай қолиб прицепнинг ортидан бориб солган. Оқибатда Балиқчи туманидан бўлган уч киши ўлган, дейишяпти", деди манба.

Андижон вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбаси шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, аварияда уч киши ўлганини инкор қилди:

“Уч киши эмас, бир киши ҳалок бўлган. Ҳайдовчининг ёнида кетаётган 24 ёшли Дилшодбек Валиев воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳайдовчи Элёр Мирзажонов ва яна бир йўловчи Ҳамид Турдиев оғир тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган. Техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмагани учун тракторчи Ғулом Ҳайитовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 262- (“Транспортни таъмирлаш ёки уни фойдаланишга чиқариш қоидаларини бузиш”) моддаси бўйича жиноят иши очилган”, деди манба.

Ўзбекистондаги пахта мавсумида терилган пахта ҳар куни кечқурун пахта пунктларига топширилади.

Пахта ташийдиган тракторларнинг аксарият қисми эскирганлиги ва прицепларнинг ташқи ёритгичлари ишламаслиги оқибатида тунда авариялар содир бўлиши кўпроқ кузатилади.

Айниқса, қарши томондан келаётган автомобилнинг фаралари кўзни қамаштирганда олдинда кетаётган чироқсиз транспорт воситасини пайқаш қийин бўлади.

Бу ҳалокат жорий йил пахта мавсумига оид Озодликка маълум бўлган тўртинчи авариядир.

17 сентябрь куни Қашқадарёдаги Чироқчи Саноат коллежининг ўқувчилари ЗИЛ юк машинасида пахта теримига олиб кетилаётган пайти аварияга учради. Юк машинасида бўлган 39 боладан 29 нафари авария оқибатида жароҳатланиб шифохонага ётқизилди.

14 сентябрь куни Тошкентдан Жиззах вилоятига кетаётган пахта колоннаси Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида аварияга учраши натижасида ҳайдовчи ва ҳашарчилардан бир неча киши жароҳат олган.

Шунингдек, айни шу куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

XS
SM
MD
LG