Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:04

Ўзбекистон бир ойда Швейцарияга 21 ярим тонна олтин экспорт қилди


Навоий комбинати Ўзбекистондаги энг йирик олтин қазиш корхонасидир. Комбинатнинг собиқ раҳбари Николай Кучерский олтин қуймаси билан.
Навоий комбинати Ўзбекистондаги энг йирик олтин қазиш корхонасидир. Комбинатнинг собиқ раҳбари Николай Кучерский олтин қуймаси билан.

Ўзбекистон август ойида Швейцарияга олтин сотиш бўйича етакчи мамлакатлар - АҚШ, Россия ва Чилини ортда қолдириб, дунёда пешқадам бўлди. Германияда чиқадиган Gold Reporter нашрига кўра, Швейцария ўтган ойда ҳаммаси бўлиб 126 тонна 25 килограмм олтин импорт қилган, шунинг 12 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон Швейцарияга экспорт қилган 21 тонна 536 килограмлик олтин қарийб 848 миллион швейцария франкига баҳоланди.

Gold Reporter ҳисоботига кўра, август ойида Қўшма Штатлар Швейцарияга 13 тонна 223 килограм олтин экспорт қилиб, иккинчи ўринга тушган. Швейцарияга 8 тонна 593 килограмм олтин экспорт қилган Буюк Британия учинчи ўриндадир.

Gold Reporter нашри бош муҳаррири Юрген Фрохлих Озодлик билан суҳбатда мазкур ҳисобот Швейцария божхона хизматидан олинган маълумотларга асосланишини айтди.

- Ўзбекистон олтин қазиб олувчи дунёдаги етакчи мамлакатлардан бири. Кўраётганимиздек, ўтган ой бу мамлакат Швейцарияга энг кўп олтин экспорт қилган мамлакат бўлди. Лекин, келаси ойлардаги ҳисоботларда Ўзбекистон биринчи бўлмаслиги мумкин. Сабаби, Ўзбекистон Швейцарияга йилда бир ёки икки йилда бир марта олтин юборади, - дейди Юрген Фрохлих.

Дунёдаги олтин қазиб олувчи мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам ўз олтинини халқаро стандартлар ҳолидаги қуйма олтинга айлантириш учун Швейцариянинг олтин қуйиладиган фабрикаларига юборади.

- Олтин Швейцариядаги фабрикаларда қайта ишланиб, сертификатланади. Дунёда қазиб олинадиган олтиннинг 70 фоизи Швейцарияда қайта ишланади. Айрим мамлакатлар олтинни Швейцария фабрикаларида сертификатлаб, қайтариб олади. Айримлари Швейцария орқали учинчи мамлакатларга сотади ёки Швейцариядаги банкларда сақлайди. Ўзбекистон олтинни Швейцариядаги қайси фабрикага юборгани ва бу олтин у ердан қаерга юборилади - буни билмаймиз. Балки қайтариб олиши мумкин, балки Швейцариянинг ўзида сақлаши мумкин, - дейди Gold Reporter нашри бош муҳаррири Юрген Фрохлих.

Ўзбекистон қанча олтин қазиб олиши ва унинг қанчасини экспорт қилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ўзбекистон ҳукумати

- Ўзбекистон халқининг бойлиги ҳисобланган олтин бир ҳовуч шахслар назорати остида. Халқ ўз нафақасини вақтида ололмай нолиётган, қишлоқларда қашшоқ аҳволда зўрға кунини кўраётган бир пайтда унинг бойлиги Швейцарияга олиб келинмоқда. Олтин бу ерда қайта ишланганидан сўнг Швейцария банкларига юборилиши аниқ. Бу биринчи марта бўлаётгани йўқ. Ўзбекистонга қайтиб бормайди, - дейди Швейцариянинг Лозанна шаҳрида яшаётган ўзбекистонлик диссидент ёзувчи Сафар Бекжон.

Ўтган йили Apple ширкати ўзининг iPhone, iPad, iPod каби маҳсулотларини ишлаб чиқаришда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган олтиндан фойдаланишини билдирган эди.

Мустақил манбаларда Ўзбекистонда йилига 90 тоннагача соф олтин қазиб олиниши айтилади.

Ўзбекистонда қазиб олинадиган олтин Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларида қуйилади.

Лекин ўзбек олтинни қайси ширкатлар қанча миқдорда ва қандай нархларда сотиб олади - бу ҳақдаги маълумотлар ҳам жамоатчиликка ошкор қилинмайди.

XS
SM
MD
LG