Хатлон вилояти ҳарбий суди 22 сентябрь куни Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси зобити ва бир нафар ўт ўчирувчини қорамол ўғирлаб сотганликда айбдор деб топди. Ўғирланган қорамоллар пулини эгаларига қайтарган зобитлар оз миқдордаги жарима билан қамоқ жазосидан қутулиб қолди.
Суд ҳукмига биноан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон резиденцияси - "Миллат саройи" қоровули бўлган Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси кичик лейтенанти Ражабали Маҳмудов ва Мўминобод тумани Ёнғин хавфсизлиги ходими Маҳмадзохир Давлатовлар 10 минг сомони (қарийб 2000 АҚШ доллари) миқдорида жарима тўлаши лозим.
Бир кун олдин прокурор бу икки айбланувчини 4 йил ва 3 йилу 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган эди.
Ўғирликда айбланган икки зобит жорий йилнинг июнь ойида навбатдаги қорамолни ўғирлаётганда маҳаллий аҳоли томонидан ушлаб олинган ва милицияга топширилган эди.
Қўрғонтепа ҳарбий гарнизони мулозимининг Озодлик радиосига айтишича, кичик лейтенант Ражабали Маҳмудов ҳибсга олинганидан сўнг Тожикистон миллий хавфсизлик тизимидаги ишидан бўшатилган.
Терговнинг аниқлашича, Ражабали Маҳмудов ёнғин хавфсизлиги бошқармасидаги таниши билан Данғара-Сарбанд автомобиль йўли бўйлаб ўтлаб юрган аҳоли молларини ўғирлаб, Кўлоб шаҳридаги таниш қассобларга пуллаган ва даромадни ўртада бўлишган.
Жиноят иши тафсилотларида айтилишича, тўртта қорамол тирик қайтарилган ва Сарбанд қишлоғидаги эгаларига берилган. Ҳар бири 5000 сомони (1000 АҚШ доллари) турган ва ўғрилар томонидан сўйиб сотилган қорамолларнинг пули тергов давомида айбланувчилардан қайтариб олинган.
Тожикистон миллий хавфсизлик хизматида ишлаган Ражабали Маҳмудов ҳар икки кунда бир "Миллат саройи"ни қўриқлаган, ишдан бўш кунларида эса мол ўғирлаган. Жами ўғирланган 14 қорамолдан кўрилган даромад 15 минг АҚШ долларига яқин экани айтилди.
Икки қорамоли ўғирланган маҳаллий депутат Зуҳурбек Шарипов суднинг бу ҳукмидан норози эканлигини айтади:
“Бу зобитлар аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ўрнига, уларнинг молларини ўғирлаш билан шуғулланган. Шунинг учун ҳам улар қилмишига “сазовор” жазо олишлари керак”, деди маҳаллий депутат.
Тожикистонда гўшт нархининг баландлиги боис, битта қорамолнинг нархи бир неча минг долларгача баҳоланади. Мол ўғирлаш эса кейинги пайтларда мамлакатда кенг тарқалаётган жиноятлардан бири бўлиб қолмоқда.