Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:10

Туркманистонда ўзбеклар, Ўзбекистонда туркманлар паспорт олишга қийналяпти


Туркманистоннинг Тошҳовуз ва Лебап вилоятларида минглаб одам собиқ совет давридан буён фуқаролиги йўқ шахс мақомида яшаб келмоқда. Бундайлар ўзлари яшаётган мамлакат фуқаролигини олишда қийналмоқда ва камситишларга дучор бўлмоқда. Уларнинг аксар кўпчилиги этник ўзбеклардир. Айни пайтда Ўзбекистонда яшовчи этник туркманлар ҳам паспорт олиш ва доимий рўйхатга туриш муаммоси билан яшамоқда.

Туркманистонда минглаб одам, асосан Лебап ва Тошҳовуз вилоятларида яшовчи этник ўзбеклар 20 йилдан буён паспорт ололмаётганликларини айтишади.

Совет Иттифоқи парчаланиши арафасида уларнинг кўпчилиги Ўзбекистон олийгоҳларига ўқишга кетиб, Туркманистон мустақилликка эришганидан кейин қайтиб келган туркманистонликлардир.

Тўқсонинчи йилларнинг бошида Ўзбекистон ёки Қозоғистонга ўқишга кетиб, диплом билан қайтиб келган кўплаб туркманистонликлар ҳозир ҳам фуқаролик паспортини ололмаяпти.

Лебаблик Ғунча ўзини ватанида кераксиз одамга айланиб қолгандек ҳис қилаётганини айтади.

– Йигирма йилдан ошди. На пропискам, на паспортим бор, - дейди у.

Лебапда туғилган 42 ёшли Ғунча тўқсонинчи йилларнинг бошида Бухорога ўқишга қетиб, 1994 йилда ватанига қайтиб келган. Ҳозир унинг учта фарзанди ва бир невараси бор.

- Фуқаролигим бўлмаганидан кейин болаларимга ҳам беришмаяпти. Амаллаб мактабда ўқитдик. Прописка бўлмагандан кейин мактабда ўқитиш ҳам қийин, кўпчилик мактабда прописка олмайди, - дейди лебаплик Ғунча.

Туркманистоннинг Кўна Урганч шаҳрида яшовчи Зариф ҳам Қозоғистонга ўқишга кетганида Туркманистон собиқ СССР таркибида эди.

1995 йилда у Олмаотадаги Қозоғистон Давлат университетининг филология факультетини тамомлаб, мустақил Туркманистонга қўлида диплом билан қайтиб келди. Ўшандан буён уни пропискаси ҳам, паспорти ҳам йўқ.

- Мен малакали мутахассисман. Дипломим бор. Лекин, бозорда кийиб-бош сотаман. Пропискам, паспортим йўқ. Иш ҳам беришмайди. Болаларимга ҳам фуқаролик беришмаяпти. Ўзимизни юртимизда кераксиз одамга айландик, - дейди Зариф.

Ҳозир Тукманистоннинг Тошҳовуз ва Лебап филоятларида Ўзбекистондан уйланаётганлар ҳам кўпайган.

- Туркманистонлик йигитга турмушга чиққан ўзбекистонликларга ҳам, уларнинг фарзандларига ҳам фуқаролик берилмаяпти, - дейди лебаплик Умид.

Саккиз йил олдин Тошҳовузга келин бўлиб тушган хоразмлик Зеваржон ҳам паспорт ололмаяпти.

- Учта фарзандимиз туғилди. Паспорт беришмаяпти. Прописка йўқ. Прописка бўлмагандан кейин болаларимизни мактабга ҳам олишмаяпти, - дейди Сўнажон опа.

Тошҳовузда Ўзбекистондан тушган келинлар фарзандлари билан депортация қилингани холатлари ҳам кузатилган.

Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, шунга ўхшаш муаммо Ўзбекистонда ҳам бор.

Ташкилот раҳбари Ҳайитбой Ёқубовга кўра, Туркманистондан Ўзбекистонга кўчиб келаётган оилалар ўзбек фуқаролигини олиш билан боғлиқ мушкулотлар қаршисида қолмоқда.

- Кўпчилик аёллар Тошҳовузга келин бўлиб тушган. Ажрашиб қайтиб келаётганлари кўп. Улар Ўзбекистонга қайтиб келишса, Ўзбекистонда ҳам уларга паспорт берилмаяпти, - дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Бухорода яшовчи туркманлар эса Ўзбекистон фуқаролигини олиш мушкулотлари қаршисида қолишганини айтишади.

- 1984 йилда онам Туркманистондан Ўзбекистонга келин бўлиб тушган. Ўшандан бери Ўзбекистонда паспорт ололмайди. Дадам 2007 йилда ўлиб кетди. Онам ҳеч қанақа ҳужжатсиз қолиб кетди, - дейди ўзбекистонлик Мурод.

БМТ маълумотларига кўра, ҳозир жаҳонда қариийб 13 миллион одам ҳеч қайси мамлакат фуқароси эмас ва улар шахсий ҳуқуқларидан маҳрум қолмоқда.

XS
SM
MD
LG