Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:43

Пахтачидаги ғайриқонуний олтин қазувчиларни қора ниқоблилар босди


Пахтачи туманидаги қўлбола олтин ювиш цехларидан бири.
Пахтачи туманидаги қўлбола олтин ювиш цехларидан бири.

Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли биринчи гидрометаллургия заводининг Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги Қорақўтан олтин конида ғайриқонуний равишда олтин қазиб олувчиларни қора ниқоблилар босди. Бир-биридан мустақил Озодлик манбалари берган хабарга кўра, ғайриқонуний олтин қазиш гуруҳларининг бошлиқлари, қишлоқлардаги қўлбола олтин ювиш ва тозалаш ишлари билан шуғулланадиган хонадон эгалари ҳибсга олинган.

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги Қорақўтан олтин конида ғайриқонуний олтин қазиш ишлари билан шуғулланадиган одамларни овлаш Тошкентдан юборилган, автоматлар билан қуролланган қора ниқоблилар томонидан 15 сентябрдан буён давом этмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган пахтачилик манбага кўра, қора ниқоблилар олтин қазиш ишлари билан шуғулланадиган одамларни рўйхатга қараб ушлаб кетмоқда:

- Уларнинг қўлида рўйхат бор экан. Ким ноқонунуий олтин қазиш билан шуғулланаётган бўлса¸ тўғри уйига кечаси бориб босишаяпти. 15 ва 16 сентябрь кунлари собиқ Охунбоев ва Пахтакор колхозларидан Ойбек исмли иккита ноқонуний олтин сотувчиларнинг уйидан босиб олиб кетишган. Кейин Бобошер деган болани ушлаб, 150 миллион сўмга жарима қилиб қўйиб юборишибди. Умуман юз нафардан ортиқ одам ушланган, деди манба.

Пахтачи туманида истиқомат қиладиган бошқа бир манбанинг айтишича, ғайриқонуний олтин қазувчиларнинг аксариятига катта миқдорда жарима солингач¸ қўйиб юборилган:

- Мен ўзим 17 сентябрь куни Пахтачи тумани милисахонасида бир гуруҳ олтин қазувчиларни кўрдим. Уларни тўғри вилоятга суд қилиш учун олиб кетишди. 19 сентябрь куни Султонобод қишлоғидан бир неча одамни олиб кетишди. Бостириб келганлар ҳаммаси қора ниқобли, автоматлар билан қуролланган эди, деди пахтачилик манба.

Қора ниқоблилар гуруҳига ёрдам бериш учун Пахтачи туман ички ишлар бўлими ходимлари ҳам сафарбар этилган.

Ғайриқонуний олтин қазувчиларни ушлаш амалиёти ўтказилгани ҳақидаги хабарни рад этмаган Пахтачи тумани ички ишлар мулозими телефон орқали батафсил маълумот беролмаслигини билдирди.

Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Биринчи гидрометаллургия заводининг Қорақўтан олтин конида ишлайдиган Озодлик манбасининг айтишича, бундай тадбирлар ҳар икки йилда бир ўтказилиб туради:

- Бундан икки йил олдин ҳам қора маскаликлар бир тозалаб кетган эди. Гарчи қанча одам шахталарда тоғ босиб ёки портлашларда ўлиб кетаётган бўлса ҳам, одамлар яна бу ишни давом эттиради. Булар кичкина проблемалар, аслида олтин конидаги катта раҳбарлар коррупцияга ботган. Мана Жанубий кон бошқармаси директори Авазхон Эъзозхонов 6 февралдан буён қамоқда ўтирибди. Эшитишимизча, 81 миллиард сўмдан кўп давлат маблағини еб юборган. 17 киши беш миллион сўмдан гаров пули бериб, очиқда терговга қатнаяпти. Зармитан олтин кони директори Бахтиёр Ибрагимовнинг 25 миллиард сўмни ўзлаштиргани судда исботланди, лекин бор-йўғи 9,5 йил қамоқ берди. Жиноят-процессуал кодексига кўра, 50 миллион сўмдан кўп маблағни ўзлаштирган шахс бошқа, оғирроқ модда билан судланиши керак эди. Мана шундай, кичик балиқларни эмас, наҳангларни овлаш ва адолатли суд қилиш керак, деди Қорақўтан олтин кони мутахассиси.

Қорақўтан олтин конида ғайриқонуний олтин қазувчиларнинг фаолияти, уларнинг олтин тозалаш қўлбола цехлари ҳақида Озодлик ўтган йилнинг октябрь ойида батафсил маълумот берган эди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқанд вилояти Пахтачи туманида Қорақўтан конига ноқонуний тарзда олтин қазигани 8 кишини олиб кетаётган "Москвич" автомобилини поезд уриб юбориши оқибатида 5 киши ҳалок бўлган эди.

2013 йилнинг декабрь ойида Пахтачи туманида 16 ёшли бола "олтин талвасаси"нинг навбатдаги қурбони бўлган эди.

XS
SM
MD
LG