Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:21

Хўжайлида талаба қиз зўрлаб, ўлдирилганидан сўнг коллеж раҳбари ишдан олинди


Қорақалпоғистоннинг Хўжайли Педагогика коллежи директори Сесинбой Айтимов ўқув юрти талабаларидан бири зўрлаб, ўлдирилганидан сўнг ишдан бўшатилди. 17 яшар талаба қиз 6 сентябрь куни аввал зўрланиб, кейин пичоқлаб ўлдирилган эди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, қотилликда гумонланган шахс қўлга олиниб, тергов ишлари давом этаяпти.

Қорақалпоғистондаги Хўжайли Педагогика коллежи директори Сесинбой Айтимов ўзи раҳбарлик қиладиган муассаса талабаларидан бири зўрлаб, ўлдирилганидан икки ҳафта ўтиб ишдан олинди.

Озодлик манбаларига кўра, ҳозирда Педагогика коллежига вақтинча раҳбар этиб Айша Сатиллаева тайинланган.

"Коллеж директори талабалар хавфсизлигини таъминламаганликда оғзаки равишда айбланган ва уни ўз аризасига кўра ишдан олишган", деди воқеадан хабардор хўжайлилик манба.

Хўжайли туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, талаба қиз жорий йилнинг 6 сентябрь куни бедарак йўқолган ва 10 сентябрь куни унинг жасади Хўжайли шаҳри яқинидаги посёлкадан топилган.

Хўжайли тумани Сариқ Жунгул қишлоғида яшаган талаба қизнинг исми-шарифи Озодликка маълум. Лекин ушбу қотиллик бўйича жиноий иш суруштируви ниҳоясига етмагани боис тергов сири сабабидан қизнинг шахсини очиқламаяпмиз.

Воқеа тафсилотларидан хабардор манбалар талаба қизнинг пахта ҳашари пайтида ўлдирилганини иддао қилди.

“Қизнинг ўлиги Хўжайлининг Кумбуз Овул деган жойдаги пахта даласидан топилган. Жасад қиз ўлдирилганидан 5 кун ўтиб топилган. Қиз пахта теришга чиққан экан. Уни далада зўрлашган, кейин пичоқлаб, ўлдириб кетишган”, деди воқеадан хабардор хўжайлилик манба.

Хўжайли туман коллежлар бошқармаси расмийлари талаба қизнинг пахта теримига чиқарилган пайти ўлдирилгани ҳақидаги иддаоларни инкор қилишди.

Хўжайли расмийлари ўн кун аввал коллежлар талабалари ҳали ҳашарга жалб қилинмаганини таъкидлашди.

29 сентябрь куни маълум бўлишича, марҳума талабанинг курсдошлари бир ҳафта аввал пахтага жалб қилинган.

Талаба қизнинг ўлимида гумонланиб, хўжайлилик 27 яшар Э. (унинг исми Озодликка маълум, бироқ тергов сири сабабидан унинг шахси очиқланмаяпти-таҳр.) исмли йигит ҳибсга олинган.

“1987 йилда туғилган Э. маст ҳолда қизнинг орқасидан келиб бўйнидан бўғган. Кейин пичоқ санчиб, ўлдириб кетган. Гумондор талаба қиз билан таниш бўлмаган. Мутлақо бегона йигит”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Талаба қизнинг ўлимида гумонланган йигитга нисбатан дастлаб Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Қасддан одам ўлдириш” (97-модда) моддаси бўйича жиноят иши очилган эди.

Хўжайли ҳуқуқ- тартибот идораларидаги манбага кўра, тиббий экспертиза натижаларига кўра, талаба қиз пичоқлаб ўлдиришдан аввал зўрлангани аниқланган.

Ҳозирда гумондор йигитга нисбатан айбловлар қаторига Жиноят кодексининг “Номусга тегиш” (118-модда) ва “Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш” (119-модда) моддалари ҳам қўшилган.

XS
SM
MD
LG