Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:17

Ўзбекистон элчихоналари олдида мажбурий меҳнатга қарши тадбирлар ўтказилди


Берлинда ўзбек элчихонаси олдида мажбурий меҳнатга қарши тадбир ўтказилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:08 0:00

"Ўзбекистонда ҳукумат таълим тизимидан замонавий қуллик манбаси сифатида фойдаланишни бас қилиши керак".

1 октябрь - Ўқитувчилар куни арафасида қатор халқаро ноҳукумат ташкилотлари ва ҳуқуқ фаоллари Тошкент ҳукуматига шундай талаб қўйилган оммавий петицияни топшириш учун бир неча давлат пойтахтида махсус тадбир ўтказдилар.

Петиция ташаббусчиларидан бири Cotton Campaign гуруҳи фаоли Мэттю Фишер Далига кўра, 300 мингдан ортиқ одам имзолаган ушбу петиция 30 сентябрь куни Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Вашингтон, Берлин, Лондон ва Париж шаҳарларидаги элчихоналарига топширилди.

Хусусан¸ Озодлик мухбири сешанба куни Берлиндаги Ўзбекистон элчихонаси олдида бўлиб ўтган флэш моб тадбирини бевосита ëритди.

Бу тадбир қатнашчилари ўзбекча чопон кийиб¸ ўзбек ва немис тилларида ëзилган шиорлар кўтариб элчихона биноси олдида туришди.

Берлиндаги ўзбек элчихонаси олдидаги пикет ҳақида ташкилотчилар билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:41 0:00
Бевосита линк

Берлин тадбири қатнашчилари қуйидаги шиорларни кўтариб олишди:

"Мен пахта теришга мажбурланган Ўзбек ўқитувчисиман.
Ўзбекистонда 4 миллион ўқитувчи бор.
Мен иш қидириб четда юрган ўзбек мардикориман.
Дунёда 6 миллион ўзбек мардикори мавжуд.
Мен рассом Вячеслав Охуновман. Мени мамлакатдан чиқаришмади.
Ўзбекистон ОВИР тизими диссидентларни ташқарига чиқармайди.
Мен сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжонман. Мени қийнашмоқда.
Ўзбекистонда 10 минг сиёсий маҳбус бор.
Мен ўқиш ўрнига пахта тераётган ўзбек талабасиман.
Ҳар куни 60 кг пахта теришим шарт.
Мен уй қамоғидаги президентнинг қизи Гулнора Каримоваман.
Ўзбекистондаги биринчи оила - энг катта коррупционер.
Мен жиннихонага тиқилган президентнинг жияни Жамшид Каримовман
Ўзбекистондаги руҳий касалхоналар диссидентлар макони.
Мен ҳар куни калтакланадиган ўзбек фермериман.
Ўзбекистонда фермерлар мажбуран пахта етиштиради.
Мен қамоқдаги журналист Солижон Абдураҳмоновман.
Ўзбекистон - ҳақиқий журналистларсиз мамлакат.
Мен гейман. Ўзбекистонда гомосексуализм учун 3 йил қамоқ жазоси бор".
Берлиндаги тадбир ташаббусчиси Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми етакчиси Умида Ниëзова флэш моб сўнггида ҚУЙИДАГИ петицияни консуллик хизмати раҳбарига топширган:
"Ҳурматли Президент Каримов,

Мен Ўзбекистон фуқаролари учун жиддий хавотиримни билдириб, Сизни пахта секторида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга дарҳол чек қўйишга чақираман.

Сизнинг ҳукуматингиз давлат сиёсати доирасида ўз фуқароларини пахта ишлаб чиқаришга мунтазам мажбурлайдиган дунёдаги ягона ҳукуматдир. Бу сиёсат Ўзбекистон халқини бора-бора тараққиётдан ортда қолишга мустаҳиқ қилади. Чунки ёш авлод тўлақонли таълим ва тиббий хизматлардан мосуво бўлади, аҳолининг учдан бир қисми, энг салоҳиятли ва ғайратлилари эса муносиб иш излаб юртдан чиқиб кетади.

Ўзбекистонда давлат томонидан ташкил этилаётган замонавий қуллик амалиётига чек қўйиш вақти етди. Биз Сизни зудлик билан қуйидаги ишларни амалга оширишга чақирамиз:

1 .Ҳукумат номидан иш кўрадиган мансабдор шахслар ва фуқароларга ҳеч кимни пахта теришга мажбурламаслик ҳақида топшириқ берилсин;

2. Пахта хом-ашёси учун уни ишлаб чиқариш харажатларидан юқори нарх белгилаш орқали фермерларга ишчилар ёллаш имконияти берилсин ва кўнгилли ишчи кучини жалб этиш учун пахта секторидаги ишларга етарли даражада юқори минимал ҳақ белгилансин;

3.Барча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, фаоллар ва журналистларга тазйиқлар таҳдидисиз пахта секторида юз бераётган воқеа-ҳодисаларни текшириш ва хабар беришга рухсат этилсин;

4. Халқаро меҳнат ташкилотига Иш берувчилар халқаро ташкилоти, Касаба уюшмалари халқаро конфедерацияси ва Озиқ-овқат соҳаси ишчилари халқаро иттифоқи иштирокида ХМТнинг мажбурий меҳнатга чек қўйиш ҳақидаги 105-конвенциясининг қўлланишини ўрганишга ҳеч қандай тўсиқларсиз рухсат берилсин;

5.Пахта сектори, жумладан, мамлакат парламенти (Олий Мажлис)га пахта секторидаги давлат харажатлари ва даромадлари ҳақида ахборот тақдим этиш, шунингдек, пахта режасини бажармайдиган фермерларга жазо сифатида уларнинг қишлоқ хўжалиги ерларини қайта тақсимлаш амалиётига чек қўйиш, мавжуд квоталарни рағбатлантириш билан алмаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорлари ва сотиш бозорларини монополиядан чиқариш йўли билан ислоҳ қилинсин".

(Петиция матни тугади)

Ўқувчи пахтадан "озод қилинди"¸ бу "ислоҳот" юки ўқитувчи елкасига қўйилмоқда

Ўзбекистонда бу йил мактаб ўқувчилари пахта теримига жалб этилгани йўқ. Мактаб ўқувчиларининг пахтага чиқарилмаётгани мажбурий меҳнатга қарши курашаётган ташкилотлар олиб борган халқаро кампания самараси сифатида кўрилмоқда. Лекин ўқувчилар ўрнига Ўзбекистонда ўқитувчилар пахтага чиқарилмоқда.

- Ўзбекистонда 1 октябрь - ўқитувчилар куни. Ҳар йил бўлгани каби бу йил ҳам минглаб муаллим ўз касбий байрамини далада ўтказади. Мактаб синфхоналари бўшаб қолади. Пахта бизнесидан наф кўраётган Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатга чек қўйиб, ўқитувчиларни синфхоналарга қайтариши керак, дейди Мэттю Фишер Дали.

Ўзбек ўқитувчиларини мактабга қайтариш талаб қилинган петицияни Ўзбекистон халқ таълими вазирлигига 30 сентябрь куни Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси вакиллари топширди:

- Биз петицияни элтиб бердик. Дастлаб Халқ таълими вазирлиги "байрам куни" деб, "канцелярия йўқ" каби турли баҳоналар қилиб, петицияни олишни истамади. Бироқ охир-оқибат барибир қабул қилди, биз жуда хурсандмиз. Бу петиция ўқитувчилар ҳуқуқини ҳимоялашда муҳим бир ҳужжат бўлишига умид қиламиз, деди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева.

Бу орада ўзбекистонлик ўқитувчилар далада пахта терими билан овора. Хоразмнинг Гурлан туманида яшовчи мактаб ўқитувчиси Ҳамид Салаевнинг Озодликка айтишича, тумандаги барча мактаб ўқитувчиларига пахтага чиқиш айтилган.

- Бу йил ўқувчилар пахтага чиқарилмаслиги қаттиқ топширилган. Уларни ўрнига ўқитувчилар чиқяпти.

Озодлик: Ўқитувчилар пахтага чиқарилаётган бўлса, болаларни ким ўқитяпти мактабда?

- Мактабда учта синфга, тўртта синфга битта ўқитувчини қолдиришаяпти. Адабиёт ўқитувчиси тарихдан ҳам, математикадан ҳам дарс бермоқда. Қолганлар пахтада, дейди Ҳамид Салаев.

Шунингдек, кўпгина вилоятларда коллеж талабалари ҳам далага ҳайдалган. Университет талабалари эса 15 сентябрдан 40 кунлик мажбурий пахта теримига жўнатилди.

XS
SM
MD
LG