Линклар

Шошилинч хабар
18 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:39

Халқаро ПЕН клуб анжуманида Азимжон Асқаров ҳақида гапирилди


Азимжон Асқаров. Автопортрет.
Азимжон Асқаров. Автопортрет.

Марказий Осиё ҳудудида биринчи марта ўтказилган Халқаро ПЕН клубнинг Бишкекдаги 80-анжуманида Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоққа ҳукм этилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров рангтасвир асарлари кўргазмаси ташкил этилди ва у ҳақда гапирилди.

Бишкекда 30 сентябрда бошланиб 2 октябрь куни якунланган халқаро ПЕН клубнинг 80-анжуманида дунёнинг 70дан ортиқ мамлакатларидан келган адиблар, рассомлар, олимлар, журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари иштирок этди.

“Менинг тилим, менинг тақдирим, менинг эркинлигим” шиори остида ўтган мазкур анжуманга Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоққа ҳукм этлиган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг рафиқаси Ҳадича Асқарова меҳмон сифатида таклиф этилди. Анжуман Азимжон Ақаровнинг рангтасвир асарлари кўргазмаси билан очилди

Анжуманни расман очиб берган халқаро ПЕН клуб президенти Жон Ролстон Сол Марказий Осиё минтақасидаги ижтимоий-сиёсий вазият мураккаб бўлгани учун ҳам ПЕН клубнинг 80-йиғилишини нисбатан демократик бўлган Қирғизистонда ўтказишга қарор қилинганини айтди.

Анжуман очилиши биланоқ Азимжон Асқаровнинг рафиқаси Ҳадича Асқаровга сўз берилди. У ўз сўзида Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганини яна бир бор таъкидлади.

“Очиқ айтишим мумкинки, 15 йиллик фаолияти давомида Бозорқўрон ички ишлар бўлимидаги даҳшатли жиноятларни фош этгани учун турмуш ўртоғимдан қассос олиш мақсадида унга нисбатан жиноят ишини соҳталаштиришган. 2000-йиллар бошларида Бозорқўрғон ички ишлар бўлими биносида 7 киши ўлган. Бу ҳолатларнинг олтитасини айнан менинг турмуш ўртоғим жамоатчиликка ошкор қилган эди”, деб билдирди Ҳадича Асқарова ўз сўзида.

Ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Қирғизистондаги 2010 йилги воқеаларда милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Унинг ҳамкасблари ва халқаро ташкилотлар Асқаровнинг айбсиз эканига амин бўлган ҳолда, қарийб тўрт йилдан буён ҳуқуқ фаолининг озод қилиниши учун ҳаракат қилиб келадилар.

- Азимжон Асқаров қийноқ қурбони бўлиб ҳисобланади, чунки уни ноқонуний равишда қўлга олганлар, қийноққа солганлар ва у бугунги кунгача қамоқхонада ўтирибди. Бошқа томондан эса ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган Азимжон Асқаров касбий фаолияти туфайли қамалиб қолган. Биз бундан буён бу жабҳада янада кўпроқ ғайрат билан ишлаймиз ва ноҳақ қамалган Азимжон Асқаров албатта озодликка чиқади, - дейди бишкеклик ҳуқуқ фаоли Тўлеқан Исмаилова.

Азимжон Асқаров масаласи 2012 йилда президент Атамбаевнинг Германияга қилган сафари доирасида Германия канцлери Ангела Меркел ҳамда 2013 йилнинг сентябрида Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан ўтган учрашувлари чоғида ҳам кўтарилган.

Атамбаев Бишкекда 2013 йилнинг 20 сентябрда берган матубот анжуманида ЕИ расмийларининг бу борадаги саволларига Азимжон Асқаровни оқлаш учун ҳеч қандай сабаблар мавжуд эмаслигини таъкидлаганини айтган эди:

-Азимжон Асқаров ҳақида, албатта, гап бўлди. Мен уларга Азимжон Асқаровнинг суди бўлган, деб жавоб бердим. Мен бирон жойга бориб, “Мана бу одамга нотўғри ҳукм чиқарилибди”, деб айта олмайман. Бу ишни суд ҳал қилиши керак. Иккинчидан, ишни янгидан тергов қилиш учун етарли асослар бўлиши керак. Бироқ бундай далилилар ҳам йўқ.

Халқаро ПЕН клуб раҳбарларини Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳам қабул қилди. Бироқ президент матбуот хизмати тарқатган хабарларда бу учрашувда Азимжон Асқаров масаласида гап бўлгани ҳақида маълумот йўқ.

Халқаро ПЕН клуб 1921 йилда ташкил этилган ёзувчиларнинг бутунжахон ташкилотидир. ПЕН клуб бугунги кунда дунёнинг юздан ортиқ давлатларида фаолият олиб боради. Мазкур ташкилот БМТда маслаҳатчи ҳамда ЮНЕСКОда ассоциациявий аъзо мақомига эга.

XS
SM
MD
LG