Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:25

Президент Каримов Оллоҳнинг уйига пойабзалсиз кирди


Тошкентда "Минор" масжиди очилиш маросимидан ҳозирланган кўрсатувидан олинган сурат.
Тошкентда "Минор" масжиди очилиш маросимидан ҳозирланган кўрсатувидан олинган сурат.

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги "Минор" масжиди очилиш маросимида иштирок этган президент Ислом Каримов масжидга пойабзал билан кирдими, деган савол пайдо бўлди. Бунга ўзбекистонлик журналист Исмат Хушевнинг президент Ислом Каримовга: "Оллоҳнинг уйига пойабзалда кириш гуноҳи кабир эмасми?" сарлавҳаси остида йўллаган очиқ мактуби туртки бўлди.

Таниқли ўзбекистонлик журналист Исмат Хушев Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга йўллаган навбатдаги очиқ хатида юрт раҳбарининг масжидга пойабзал билан кирганини даъво қилди:

"Бир ҳафтадирки, Ўзбекистон телевиденияси - Президент Оллоҳнинг уйига ботинкаси билан сайр қилиб юрганини тинмай кўрсатиш билан банд… Ҳамма ялангоёқ – битта Президент ботинкада... Маслаҳатчилар эса Президент орқасида туриб нималарнидир тинмай ёзиб чизиш билан овора. Уларнинг вазифаси аслида нимадан иборат? Улар фақат эшитадилар, ёзадилар, лекин гапиролмайдилар, бамисоли гунг одамдай. Оқибатда Оллоҳнинг уйида Президентнинг юзини шувит қилдилар..." деб ёзди Исмат Хушев.

Журналист Ўзбекистон президентига кўплаб очиқ мактублар ёзган ва ёзиб келмоқда. Унинг бу галги мактуби ижтимоий тармоқларда: "Наҳотки, Ислом Каримов эл кўзи ўнгида масжидга оёқ кийими билан кирган бўлса?!" деган саволни пайдо қилди ва қизиқувчилар бу саволни Озодликка ҳам йўллади.

"Ўзбекистон" телевидениеси Ўзбекистон президенти иштирокида ўтган Тошкентдаги “Минор” масжиди очилиш маросимидан ҳозирлаган кўрсатувда президент Ислом Каримов масжидда пойабзалсиз кўринади.

Тасвирда бир ёнига пойабзалсиз Анвар қори Турсунов, яна бир ёнига "Минор" масжидининг имом хатиби Раҳматуллоҳ қорини олган президент дуога қўл очган ҳолда акс этган.

Каримов Минор масжиди очилишида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:46 0:00

Президент Каримов "Минор" масжидига пойабзал билан кирдими ёки пойабзалсиз, деган савол ортидан: "Президент масжидда намоз ҳам ўқидими?" деган савол ўртага чиқди.

Озодлик бу саволга аниқ жавоб тополмади. "Ўзбекистон" телевидениесида намойиш қилинган кўрсатувда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Ушбу маросимда иштирок этган мулозим-гувоҳлардан бири исми сир қолиши шарти билан: "Бу маросимда Қуръон тиловат қилинди, холос. Аслида масжидга кирганда икки ракат нафл намози ўқилади. Лекин президентимиз ичкарида намоз ўқиган-ўқимаганини биз кўролмадик", деб жавоб берди.

Ўта нозик бу масалада очиқ гапирмасликни маъқул кўрган бу мулозим президент Ислом Каримов жамоат билан намоз ўқиганига ҳеч гувоҳ бўлмаганини ҳам қўшимча қилди:

"Мен президент билан жамоат намозларида ҳеч бирга бўлмаган эканман. У кишининг жамоат билан намоз ўқиганларини ҳеч кўрмаганман. Шунинг учун, бу ҳақда бир нарса деёлмайман", деди ўзбекистонлик мулозим.

Маълумки, президент Ислом Каримов 1992 йилда Макка шаҳрига борган ва Каъбани зиёрат қилган эди. Ўшанда унга кабапўшнинг оят битилган бир парчаси Саудия Арабистони қироли томонидан туҳфа қилинган.

Аксар ўзбекистонликлар бу зиёрат чоғида президент Каримов Ҳаж амалини адо этган, деб билади. Ўшанда президент билан Каъбани зиёрат қилган асли ўзбекистонлик, шу кунларда Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган Зуҳриддин Туркистоний бу Умра зиёрати бўлган, деб хотирлайди:

- Ўшанда у киши Каъбани тавоф қилганлар, эҳром кийганлар ва Каъба ичкарисига ҳам кирганлар. Мен ўз кўзим билан кўрмаганман, чунки ёнларида давлатнинг одамлари кўп эди, бизни яқинлаштиришмаган, аммо биз ўшанда икки ракат намоз ўқиган ва Умра зиёратини адо қилганлар, деб биламиз. Бу Саудияга давлат ташрифи бўлган ва у киши жуда катта ҳурмат ва эҳтиром билан қарши олинганлар, - деб хотирлади Зуҳриддин Туркистоний.

Қуйида у киши билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Зуҳриддин Туркистоний билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:44 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG